Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:01

"Вимм-Билль-Данн" мулки хатланди


Ўтган шанба куни Тошкентда АҚШга қарашли “Вимм-Билль-Данн" компаниясининг ярим йил аввал мусодора қилинган мол мулки суд ижрочилари томонидан хатланди. Шу билан Ўзбекистонда яна бир хориж ширкати "Вимм-Билль-Данн"нинг ҳам мамлакатдан "қораси ўчди."


Тошкент маҳкамасининг суд ижрочилари жорий йилнинг 9 апрел куни “Вимм-Билль-Данн" ширкатининг Тошкентдаги идорасига қарашли мол - мулкни рўйхатга олди.

Бу ҳақда хабар қилган uzmetronom.com сайтига кўра, суд ижрочилари ярим йил аввалги суд қарорини амалга оширган.


Тошкент шаҳар жиноят ишлари суди ўтган йилнинг 20 сентябрь куни чиқарган ажримга кўра, “Вимм-Билль-Данн” корхонаси Ўзбекистон ҳукумати билан келишилган инвестиция шартномасини бажармаган ва қатор молиявий ва ҳуқуқий қонунбузарликларга йўл қўйган. Суд “Вимм-Билль-Данн” корхонаси активларини Ўзбекистон фойдасига мусодара қилган эди.

“Вимм-Билль-Данн” атрофидаги вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ширкатнинг Тошкентдаги идораси билан боғланишга уриндик. Бироқ қўнғироқларнинг ҳеч бирига жавоб бўлмади.

Шундан кейин ширкатнинг Москвадаги офисига боғландик.

- Биз аввал “Вимм-Билль-Данн” компанияси эдик. Бироқ ўтган йилнинг декабр ойида бизни Американинг PepsiСo компанияси сотиб олди. Энди сиз Тошкентдаги корхонамиз бўйича, PepsiСo ширкатидан жавоб топасиз,- деди Москвадаги собиқ “Вимм-Билль-Данн” корхонасининг матбуот хизмати ходимаси.

Маълум бўлишича, 2010 йилнинг декабр ойида Пепси Кола ичимлигини ишлаб чиқарувчи Американинг PepsiСo ширкати “Вимм-Билль-Данн” ширкатини тўлалигича 5,8 миллиард АҚШ долларига сотиб олган.


PepsiСo компаниясининг Россиядаги идораси матбуот хизмати раҳбари Александр Костиковга ҳам мурожаат қилдик.

Дастлаб Костиков жаноблари саволларимизни ёзма равишда йўллашимизни сўради. “Вимм-Билль-Данн”нинг Тошкентдаги идораси тақдири билан боғлиқ саволларимизни Интернет орқали жўнатгач, уларни кун давомида ўрганган Александр Костиков “Вимм-Билль-Данн”нинг Тошкентдаги идораси бўйича саволларимизга ҳозирча Россия томони жавоб бера олмаслигини билдирди.


1975 йил ишга туширилган “Тошкентсут” корхонаси 2004 йилга қадар Ўзбекистон сут-қатиқ бозорида асосий ишлаб чиқарувчи ҳисобланган.

Таҳлилчиларга кўра, Швейцариянинг “Нестле” компанияси Ўзбекистонга кириб келгач, “Тошкентсут” рақобатга дош бера олмай инқирозга юз тутган.

2005 йили “Тошкентсут” корхонаси ўрнида Россия-Ўзбекистон “Вимм-Билль-Данн" қўшма корхонаси ташкил қилинди.

Бир кунда 300 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга ушбу корхона 31 хил турдаги сут маҳсулотларини ўзбекистонликлар дастурхонига тақдим қилиб келаётганди.

2009 йилнинг 1 августидан бошлаб Россия томони Тошкентдаги шўъба корхонасига сармоя ётқизишни тўхтатди. 13 августдан бошлаб эса, Ўзбекистон солиқ ва бюджет идоралари томонидан корхонада тафтиш қилина бошлади.

2009 йилнинг 25 ноябрида “Вимм-Билль-Данн” корхонасида республика санитария-эпидиомология марказининг ходимлари текшириш ўтказиб, корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотлар таркибидан "инсон саломатлигига хавфли бўлган микроблар борлигини" аниқлади ва декабрдан корхонада ишлаб чиқариш бутунлай тўхтатилди.

“Вимм-Билль-Данн” ширкати атрофидаги вазиятни кузатиб келаётган тошкентлик мустақил журналист Абдуманнон Холжўраев Озодлик билан суҳбатлардан бирида , “Вимм-Билль-Данн” президентнинг кенжа қизи Лола Каримованинг қаҳрига учради деган фикрни айтган эди.

- “Вимм-Билль-Данн-Тошкент” Лола Каримова бошқарган “Сен ёлғиз эмассан” фондининг сармоядорларидан бири бўлган, лекин ўртадаги муносабатлар совуқлашганига пул сабаб бўлмаган. “Сен ëлғиз эмассан” фондига мана шу фирма ҳисобидан 50 миллионча ўтказишган. Лекин нимадандир булар орасида келишмовчиликми, низоми чиққан. Пул масаласида эмас бу. Булар қанча бўлса ҳам тўлашга рози эди. Лекин Лола Каримова ҳеч қайсинисига кўнмади. Бу гапни мен сизга гарантия бериб, айта оламан ва судда ҳам исботлай оламан,- деган эди Абдуманнон Холжўраев ўтган йилнинг ноябрида бўлган суҳбатда.

“Вимм-Билль-Данн” корхонаси билан боғлиқ вазиятни кузатиб келаётган тошкентлик яна бир журналист Абдураҳмон Ташанов мамлакатдаги сиёсий-иқтисодий вазиятнинг ночорлиги боис Ўзбекистонга келган хориж сармоядорларининг бизнеси синишига сабаб бўлаяпти.

- Сут ва сут маҳсулотларига ихтисослашган “Вимм-Билль-Данн” компаниясида ўтган йил куздан бери можаро давом этиб келаяпти. “Вимм-Билль-Данн” чиқиб кетиши маҳсулот истеъмолчиларига катта зарба бўлди. Ўзбекистонда шу пайтгача сут маҳсулотларини қадоқлаб ишлаб чиқарадиган, экологик тоза сут ишлаб чиқарадиган фирманинг ўзи йўқ. Умуман чет эл сармоядорларининг Ўзбекистондан чиқиб кетиши, уларнинг банкрот бўлиши ëки бўлмаса сунъий банкротликка олиб келиниши, уларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилиши бу ерда иқтисодий муҳитнинг ўта ночорлигини, иқтисодий инвестицион муҳитнинг жуда ëмонлигини кўрсатади. Бу ердаги коррупцион доиралар уни шартта босишади, ишларига халақит беради ва охир-оқибат сармоядор бу ерга олиб кирган капиталидан ажралиб, зўрға чиқиб кетади. Мен жуда кўп кўрганман. Жуда кўп инвесторларнинг пуллари тортиб олиниб, ўзлари кафангадо қилиниб, юртига зўрға қочиб қутулган. Айримлари қамоққа тушган. Мана турк ширкатлари мисолида ҳам кўраяпмиз. Кичкинагина сиëсий баҳоналар билан, кичкинагина бир шикоят уюштириш ëки матбуот орқали бадном қилиш йўли билан уларни инқирозга учратишади,- дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон расмий кўз қарашларини акс эттирувчи PRESS-UZ.info интернет сайти 2010 йилнинг 24 сентябр куни эълон қилган мақоласида ёзишича, “Вимм-Билль-Данн-Тошкент” корхонаси ижрочи директори Александра Усова бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ 697 миллион сўм солиқ ва бошқа тўловларни яшириб қолган ва корхона бир неча йил давомида аҳоли соғлиғи учун хавфли бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарган."

“Вимм-Билль-Данн” компаниясининг Москвадаги раҳбарияти ўтган йили Россия матбуотига берган интервьюсида Тошкентдаги корхона атрофидаги гап-сўзларни Ўзбекистонда мавжуд "сиёсий конъюктура" билан боғлашган эди.

XS
SM
MD
LG