Линклар

20 январ 2018, Тошкент вақти: 08:08

Трампнинг иммигрантлар тўғрисида айтгани мажлис қатнашчиларини ташвишга солди

  • Озодлик

АҚШ президенти Дональд Трамп.

Хабар қилинишича, президент Доналд Трамп пайшанба куни қонун чиқарувчилар билан иммиграция ислоҳотига бағишланган учрашувда қизишиб кетди. У АҚШ нима учун «гадойтопмас» мамлакатлар ватандошларини қабул қилаётгани сабабини тушунтириб беришларини талаб қилди.

Трамп сенатор ва конгресменларни - ҳар икки партия аъзоларини иммиграцияга оид муаммоларни муҳокама қилиш юзасидан Оқ Уйга таклиф қилди. Кун тартибида иммигрантларнинг оила аъзоларини АҚШга таклиф қилишни ва ютуқ эгаларига виза берувчи «грин-кард» лотерея ўйинини чеклаш масалалари бор эди. Бунинг эвазига Оқ Уй юз минглаб ёш иммигрантларни мамлакатдан чиқариб юборишни бас қилмоқчи. Бундай қарор қабул қилиниши учун иккала партия вакиллари муросага қилиши лозим.

– Бизга ўша «бир пулга қиммат» мамлакатлар аҳолиси бу ерга килишининг нима кераги бор? – деган Трамп. Бу ҳақда учрашувдан ахборот олган кишилар Washington Post газетасига хабар қилган.

Кейинчалик The New York Times газетаси ҳам айни шу изоҳни келтирди. Газета таҳририяти билан ҳам уни учрашувдан бевосита хабардор бўлган, аммо шахсини ошкор қилмаган кишилар баҳам кўрган.

Хабар қилинишича, президент юқоридаги гапида Африка мамлакатлари билан Ҳаитини назарда тутган, сўнгра Қўшма Штатлар Норвегия сингари мамлакатлардан иммигрантларни жон-жон деб қабул қилишини айтган. Ушбу мамлакат бош вазири Трамп билан чоршанба куни учрашган эди.

Президентнинг юқоридаги сўзлари мажлисда қатнашган кишиларни хавотир ва ташвишга солиб қўйди.

Республикачи сенатор Линдси Грэҳем билан демократ-сенатор Дикк Дурбин Оқ Уйга икки партия ўртасида муросанинг асосий йўналишларини белгилаб олиш учун келган эди. Бироқ кўзи ўша мажлис залида иммиграция масаласида қаттиққўл сиёсат тарафдори бўлган бир қанча республикачиларга тушди.

Грэҳем билан Дурбин Қўшма Штатларга болалигида ноқонуний келиб қолган ва “орзукашлар” деб аталувчи кишиларни қонун йўли билан ҳимоя қилиш борасида саъй-ҳаракатларга етакчилик қилмоқда.

Келишувга кўра, бунинг эвазига "оила занжири миграцияси"га барҳам берилиши керак.

Яна хабар қилинишича, зикр этилган келишувда виза лотереяси дастурини тенг ярмига қисқартириш кўзда тутилади. Лотерея тўлиқ ёпилмайди, унда, бир қанча республикачилар таклиф қилаётганидай, айрим мамлакатларга устувор аҳамият берилади.

Президент билан қонун чиқарувчиларнинг 800 мингга яқин “орзукаш”ни қандай ҳимоя қилиш юзасидан ўтказаётган жадал музокаралари яримлаб қолди.

Трамп ўтган йили Обама президентлиги вақтида қабул қилинган “Болалик даврида келиб қолганларга қонунни қўллашни кечиктириш” дастурини бекор қилди. У Конгрессга вазиятни қонун қабул қилиш йўли билан тузатиш учун учун 5 мартга қадар муҳлат берди.

Оқ Уй Трампнинг баёнотини инкор этмади, бироқ президент мамлакатни мустаҳкамлаш йўлида “доимий ечимлар топиш учун курашаётгани”ни, бунинг учун одамларнинг кўрсатган хизматларига асосланадиган иммиграция тизимини жорий қилишни таклиф этаётганини айтди.

– Вашингтондаги айрим сиёсатчилар чет мамалкатлар манфаатларини кўзлаб курашиш йўлини танламоқда, бироқ Трамп Америка халқи манфаати учун курашади, – деди Оқ Уй матбуот котиби Раж Шаҳ ўз баёнотида.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG