Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 15:10

Трамп: АҚШ Қуддус шаҳрини Исроил пойтахти сифатида тан олди


Президент Дональд Трамп 6 декабрь куни Қўшма Штатлар Қуддус шаҳрини Исроил пойтахти сифатида тан олишини эълон қилди. Трамп мамлакат элчихонасини ўша шаҳарга кўчиришга ваъда берди.

Ғарб мамлакатлари ва араб дунёсидаги итифоқчиларнинг огоҳлантиришига қарамай, Трамп чоршанба куни соат 13:00 да (Тошкент вақти билан 23:00) Оқ Уйда сўзлаган нутқида Давлат департаментига Қуддус шаҳридан элчихона учун жой топишга кўрсатма берди.

АҚШ элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш бир неча йил вақт олиши кутилмоқда.

Айни пайтда Қўшма Штатлар элчихонасининг Қуддус шаҳрига кўчиб ўтиши учун етарли шароит йўқ.

Трампнинг ўтган йилги сайлов кампанияси вақтида берган асосий ваъдасига асосланган ушбу қарори Американинг неча ўн йиллар давомида юритиб келган сиёсатида кескин бурилиш бўлади. Ушбу сиёсатга кўра, исроилликлар ва фаластинликлар учун икки давлат ташкил этилиши ва Қуддус шаҳри мақоми шунга қараб белгиланиши керак эди. Чунки фаластинликлар Шарқий Қуддус ўз давлатига пойтахт бўлишини истайди.

Трамп Яқин Шарқдаги иттифоқчилари билан сешанба куни телефон орқали мулоқот қилди. Улар АҚШ президентини ушбу қарори хавфли оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

– Президент ушбу қарорини воқеликни эътироф этиш деб ҳисоблайди, – деди сешанба куни журналистларга ушбу эълон ҳақида маълумот берган вакил. – Биз рад этиб бўлмайдиган ҳақиқатга асосланган ҳолда олға интиляпмиз. Бу – бор гап.

Трамп маъмурияти етакчи расмийларига кўра, унинг бу қарори тарози палласини Исроил томонга оғдиришни назарда тутмайди. Қуддус шаҳрининг пировард мақоми Исроил билан фаластинликлар ўртасида ҳар қандай тинчлик битимининг асосий қисми бўлиб қолаверади. Улар қарорни ҳимоя қилар экан, "Трампнинг позицияси – ҳақиқатни акс эттирмоқда, Қуддус шаҳри Исроил ҳукумати қароргоҳи ва бу тан олиниши керак", деб айтмоқда.

Фаластинликларнинг фикрича, элчихонанинг кўчиши икки давлат тўғрисидаги қарашларни йўққа чиқаради.

Трампнинг ушбу қарордан нима сиёсий фойда кўриши аниқ эмас. Айни қарор республикачи консерваторларга ҳам, инжилчи насронийларга ҳам хуш ёқиши турган гап. Қолаверса, улар АҚШ президенти таянадиган сиёсат оламида кўпчиликни ташкил қилади. Аммо Яқин Шарқ ва Исроил-Фаластин тинчлигига путур етказади ва вазият таранглашади. Олдинги президентлар элчихонани кўчиришни пайсалга солиб келгани сабаби шу.

“Оғир оқибатлар”

Қарор қабул қилинаётган вақт Трампнинг етакчи маслаҳатчиси ва куёви Жаред Кушнер минтақадаги узоқ кутилган музокараларни шовқин кўтармай бошлаётган пайтга тўғри келмоқда. Бу борада бирор натижага эришиш учун ҳали жиддий қадам ташлангани йўқ.

– Президент тинчлик ўрнатиш ишига содиқ эканини яна бир карра таъкидлайди. Айрим томонлар ишимиздан норози бўлишини тушунамиз, шунинг учун ҳали тайёр бўлмаган режамиз устида ишлашни давом эттиряпмиз. Қилаётган ишимиз қанчалик тўғри эканини, одамлар ушбу хабарни эшитгандан сўнг ўзини қандай ҳис қилишини кўриш учун вақтимиз бор,– деди етакчи расмийлардан бири.

Трамп Фаластин президенти Маҳмуд Аббос, Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу, Иордания қироли Абдуллоҳ ва Саудия Арабистони қироли Салмон билан сўзлашди ва уларни қароридан воқиф қилди.

Иордания қиролига кўра, “ушбу қарор тинчлик музокараларини чиппакка чиқаради ва жиддий оқибатларга сабаб бўлади, мусулмонларни ҳам, христианларни ҳам жунбушга келтиради”.

Шу пайтгача бошқа ҳеч бир мамлакат Қуддус шаҳрида элчихона очгани йўқ.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Қуддус шаҳрининг мақоми бўйича баҳсларда АҚШ ҳукуматида ҳам якдиллик мавжуд эмас. Вице-президент Майк Пенс, АҚШнинг Исроилдаги элчиси Дэвид Фридман Қуддусни пойтахт сифатида тан олиш ва элчихонани кўчиришини талаб қилаётган бўлса, давлат котиби Рекс Тиллерсон ва мудофаа вазири Жим Мэттис уни Тел-Авивдан кўчиришга қарши чиқмоқда. Бу ҳақда АҚШ ҳукумати аъзолари исмини ошкор қилмаслик шарти билан хабар қилди.

Трамп сабрсизлик билан баҳсларга қиришди ва ўтган ҳафтада ёрдамчиларига сайлов кампанияси вақтида берган ваъдасини бажармоқчи эканини айтди.

Маҳмуд Аббос Трампга элчихонани кўчириш тинчлик ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ва минтақа хавфсизлиги учун “ёмон оқибатлар”ни келтириб чиқаришини айтди. Аммо Трамп унга Исроил-Фаластин можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканини билдирди.

XS
SM
MD
LG