Линклар

Эрон - Ироқ чегарасидаги зилзилада камида 328 одам ҳалок бўлди

  • Озодлик

Эронда 12 ноябрь куни юз берган зилзила оқибатлари.

Расмий Теҳроннинг 13 ноябрь куни билдиришича, Эронда 12 ноябрь куни юз берган зилзилада камида 328 одам ҳалок бўлди, 2500 нафардан кўпроқ одам жароҳатланди.

Расмий хабарда айтилишича, зилзила 12 ноябрь куни кеч соат 9дан 48 дақиқа ўтганида Эрон билан Ироқ чегараси атрофидаги ҳудудларда юз берди. 7,3 балл кучланишдаги зилзила нафақат Эрон ва Ироқда, балки Туркия ва Қувайтда ҳам сезилган.

Эрондаги зилзиланинг кучи сезилган минтақалар.
Эрондаги зилзиланинг кучи сезилган минтақалар.

“Зилзила Ироқ билан чегарадош бўлган қатор вилоятларда сезилди... Саккизта қишлоқ вайрон бўлди... Айрим қишлоқлар электр таъминотидан узилиб қолди. Мазкур ҳудудга қутқарувчилар жўнатилди”, деб хабар берди Эрон давлат телеканали.

Теҳроннинг билдиришича, Эроннинг Керманшоҳ вилояти зилзиладан энг кўп зарар кўрган ҳудуд бўлди. Ироқ эса зилзила асосан Курдистон ҳудудида билинганини маълум қилди. Ироқда зилзила оқибатида камида 7 киши ҳалок бўлди, камида 320 одам жароҳатланди.

Ироқ ахборот агентликлари Курдистон мухтор минтақасидаги Сулаймония шаҳрида зилзила оқибатлари акс этган суратларни эълон қилди. Мазкур шаҳарда камида 50 киши жароҳатлангани айтилмоқда.

АҚШ геология хизмати зилзила маркази Ироқнинг Халабжа шаҳридан 32 километр жануби ғарбда 33,9 километр ер остида бўлганини билдирди. Зилзила кучи Рихтер шкаласи бўйича 7,3 баллни ташкил этган.

Зилзилада ҳалок бўлганларнинг жасадлари.
Зилзилада ҳалок бўлганларнинг жасадлари.

Эроннинг расмий IRNA агентлиги ҳукуматга таянган ҳолда зилзила қурбонлари сони янада кўпайиши кутилаётганини билдирди. Агентликнинг ёзишича, зилзила бўлган ҳудудларда қутқарувчилар 13 ноябрь куни иш бошлаганлар. Вайрон бўлган уйлар остида яна кўплаб одамлар жасади топилиши мумкин.

“Вайроналар остида ҳамон одамлар қолмоқда. Биз ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони озроқ бўлишига умид қилмоқдамиз. Бироқ ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар рўйхати ҳозиргидан кўпроқ бўлиши мумкин”, деди Кемраншоҳ вилояти ҳокими ўринбосари Мойтаба Никардор.

Эронда катта вайронагарчиликлар ва кўп одамлар ҳалок бўладиган зилзилалар вақти-вақти билан юз бериб туради.

2003 йилда 6,6 балли зилзила оқибатида Эроннинг тарихий Бам шаҳри вайрон бўлган ва 26 минг одам ўлган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG