Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:42

А. Комилов: Анклавлардаги ўзбек аҳолиси учун йўл очишимиз керак!


Ўзбекистон. Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан. 2017, 8 ноябрь, Тошкент шаҳри.
Ўзбекистон. Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан. 2017, 8 ноябрь, Тошкент шаҳри.

Самарқандда 10-11 ноябрь кунлари Марказий Осиёда ҳамкорлик ва хавфсизликни таъминлаш масалаларига бағишланган халқаро анжуман якунланди. Анжумандан сўнг журналистларга жавоб берган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қирғизистондаги анклавларда Ўзбекистондан, қарийб, узилган ҳолда яшаётган аҳолига йўл очиш зарурлигини тилга олди.

Самарқандда ўтган “Марказий Осиё: Ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро анжумандан сўнг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов журналистларнинг чегара масалаларига оид саволларига жавоб берди.

Анжуманда Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистон ўртасида уч давлат чегарасидаги туташган нуқталарни аниқлаш ва бу ҳудудларда давлат чегарасини делимитация қилишга қаратилган уч томонлама шартнома имзоланди. Ушбу шартнома ратификация ёрлиқлари алмашилган кундан бошлаб кучга киради.

"Бугунги учрашув, музокаралардан сўнг давлатларимиз бир-бирини янада яхшироқ тушуна бошладилар. Буларнинг барчаси, шубҳасизки, Марказий Осиё давлатларининг янги сиёсий харитасини ҳосил қилди. Самарқандда ҳақиқатда тарихий воқеа юз берди", дея иқтибос келтирди Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловдан Sputnik нашри.

Жумладан, Qalampir.uz сайтининг 3 мамлакат орасида муаммо чиққудек бўлса, бунинг уч томонлама шартномага таъсири бўлиши мумкинми, мазмунидаги саволига жавобан вазир анклавлардаги Ўзбекистон фуқаролари тақдирини тилга олган:

“...Қирғизистоннинг ичкарисида кичик-кичик анклавлар бор ва у ерда ўзбек аҳолиси яшайди. Хўш, нима қилиш керак? Тўғридан тўғри йўл йўқ, ё йўл очишимиз керак, ё ўзаро келушувга бориш керак. Уларнинг манфаатларини Ўзбекистон ҳимоя қилиши лозим... Бу ҳужжатларни кичик гуруҳ имзолаётгани йўқ. Биринчидан, ҳукумат иштироки бор. Иккинчидан, бу ҳужжат парламентдан ратификациядан ўтади. Учинчидан, ҳужжат БМТга топширилади. БМТ эса шубҳа уйғонмаслигига кафолат беради. Ҳаёт мураккаб, буёғини кўрамиз...”, деган Qalampir.uz сайти саволига жавоб берган Абдулазиз Комилов.

Вазирга кўра, ҳозирда Қирғизистон чегаранинг 85 фоизи делимитация қилинган.

Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев ўзбек-қирғиз чегара ҳудудларидаги ҳолатга баҳо бериб, «чегарадаги вазиятни тартибга келтириш мураккаб вазифа ҳамда икки мамлакат ўртасида тузилган Ишчи гуруҳ бу ҳақда» қайғураётганини айтиб ўтди. Шунингдек, вазир давлатлараро чегара нуқталарини аниқлаш ва демилитация этиш жадал суръатда давом этаётганини билдирди.

Бу ҳақда kun.uz сайти хабар қилди.

«Очиғи, умумий чегарадаги вазият аввалгидан анча яхши ҳолатга келди. Андижон вилоятига туташ Ўш шаҳрида яшовчи қардош халқлар қайта фаоллаштирилган чегара назорат пунктидан фойдаланмоқда. Фарғона тумани Водил ҚФЙда жойлашган чегара назорат пунктидаги вазият шарқдагидан сал фарқ қилмоқда. Албатта, аҳоли гавжум ва икки давлатда истиқомат қилувчи қариндошлар бир-бирининг яхши кунларида дийдор кўришишни истайди», дейди вазир.

Эрлан Абдилдаевнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, ўзбек-қирғиз чегара нуқталари туташган ҳудудларни тўлиқ демилитация қилингач, чегара назорат пунктларининг сони кўпайтирилиши, чегарачи ходимлар квотаси оширилиши мумкин.

Айни пайтда Фарғона вилояти, Фарғона тумани маркази ҳисобланмиш Водилда 85 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуд жануб ва жануб-шарқдан томондан Қирғизистон Республикаси билан чегарадош бўлиб, у орқали Шоҳимардон ҳудудига ўтилади. Таъкидлаш жоизки, Шоҳимардон йилнинг илиқ кунлари водий бўйлаб аҳоли энг гавжум сайёҳлик марказига айланади.

ЎзА хабарига кўра, Самарқандда БМТ шафелигида ташкил этилган анжуманда минтақада "иқтисодиёт, транспорт, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш"каби масалаларда фикр алмашилган.

Шунингдек, хавфсизлик ва қўшни Афғонистонда тинчлик масаласи бўйича ҳам таклифлар билдирилган.

Расмий хабарда айтилишича, 20 дан ортиқ давлатдан борган расмийлар, экспертлар иштирок этган икки кунлик тадбирда 70дан ортиқ маъруза, хусусан, президент Шавкат Мирзиёев, БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Германнинг чиқиши тингланган.

Шунингдек, тадбир давомида президент Мирзиёев Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф ва Туркия иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Анжуман якунида коммюнике қабул қилингани хабар қилинди.

XS
SM
MD
LG