Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:06

Мирзиёев Қирғизистоннинг сайланган президентига табрик мактуби йўллади


Қирғизистоннинг сайланган президенти Сўўрўнбай Жээнбеков.
Қирғизистоннинг сайланган президенти Сўўрўнбай Жээнбеков.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сўўрўнбай Жээнбековни Қирғизистон президенти лавозимига сайлангани билан муборакбод этди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар тарқатди.

“Сизнинг ғалабангиз – Қирғизистоннинг биродар халқи мамлакатингиздаги чуқур тизимли ислоҳотлар ва ўзгаришларни давом эттиришга, аҳоли фаровонлигини янада оширишга, жамиятда тинчлик, барқарорлик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга, шунингдек, халқаро майдонда мамлакатнинг обрў-эътиборини мустаҳкамлашга қаратилган режа ва дастурларингизни кенг қўллаб-қувватлаётганидан далолатдир”, дейилади Мирзиёевнинг Жээнбековга йўллаган табрик мактубида.

Номада Ўзбекистон ўзаро манфаатли икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратиши ва икки мамлакат халқи манфаати учун кўп қиррали шерикликни мустаҳкамлаш учун барча зарур чоралар кўришга тайёр экани урғуланган.

C.Жээнбеков Ўзбекистон бош вазири А.Арипов билан, Бишкек, 2017 йил 16 августи.
C.Жээнбеков Ўзбекистон бош вазири А.Арипов билан, Бишкек, 2017 йил 16 августи.

“Ишончим комилки, сўнгги йил давомида эришилган ижобий сиёсий мулоқотнинг юксак даражаси ва томонларнинг мавжуд масалаларни ўзаро ҳурмат ва умумий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳал қилишга тарафдорлиги янада ривожланади”, дейилади Ўзбекистон президенти мактубида.

Қирғизистонда шу йил 15 октябрида бўлиб ўтган президент сайловида Сўўрўнбай Жээнбеков 54,81 фоиз (917 529 киши) овоз билан ғалаба қозонган. У амалдаги президент Алмазбек Атамбаевнинг сафдоши бўлиб ҳисобланади.

Ўқитувчидан чиққан президент

Касби зоотехник ва ҳисобчи бўлган 58 ёшли С.Жээнбеков меҳнат фаолиятини мактабда ўқитувчиликдан бошлаган ва бош вазир лавозимигача кўтарилган.

А.Атамбаев ва С.Жээнбеков, Бишкек, Оқ уй, 2017 йил майи.
А.Атамбаев ва С.Жээнбеков, Бишкек, Оқ уй, 2017 йил майи.

У давлат раҳбари лавозимига келган тақдирда салафи А.Атамбаев сиёсатини давом эттиришга ваъда берган. Хусусан, 15 октябрдаги чиқишида Жээнбеков: “Мен Алмазбек Атамбаев курсини давом эттираман. Менинг асосий мақсадим эришилган ютуқларни мустаҳкамлаш ва ислоҳотларнинг янги босқичини амалга оширишдир”, деган.

1995 йилдан бери катта сиёсатда бўлган С.Жээнбеков уч марта парламент депутати бўлиб сайланган. Ўш вилояти губернатори, Қишлоқ хўжалик вазири, Давлат кадр хизмати раҳбари, Президент девони раҳбари ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2016 йил мартида у Қирғизистон бош вазири лавозимига тайинланган ҳамда шу йил августигача ҳукуматни бошқарган.

Каримов дафнига келган сиёсатчи

С.Жээнбеков (чапдан тўртинчи) ўтган йил сентябрида Самарқандда И.Каримов дафн маросимида қатнашган.
С.Жээнбеков (чапдан тўртинчи) ўтган йил сентябрида Самарқандда И.Каримов дафн маросимида қатнашган.

Ўтган йили Ўзбекистоннинг аввалги президенти И.Каримов дафн маросимида ҳам Қирғизистонни бош вазир С.Жээнбеков тамсил этган эди.

Жээнбековнинг танқидчилари унинг иш услуби ва ислоҳотчилик жиҳатларини танқид қилиб келадилар. Бироқ А.Атамбаев Жээнбеков раҳбарлик қилган ҳукумат ўзипрезидентлик қилган пайтдаги “энг яхши ҳукумат” бўлди, деган фикрда.

XS
SM
MD
LG