Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:35

Сайхунободлик мактаб директори: Ҳоким бизни доим дўппослаган


Сирдарё вилоят, Сайхунобод туман ҳокими Носиржон Эгамбердиевдан калтак еган мактаб директорларидан бири қонунсизлик ва муштумзўрлик туман ҳокимлигидаги мажлисларда доимий эканини айтди. Сайхунобод туман ҳокими тумандаги мактабларнинг директорларини йиғиб, уларни бир қаторга терган ҳолда калтаклагани тасвирланган видео 12 сентябр куни Инернетда тарқалди ва тармоқда қизғин муҳокама қилинмоқда. ​

Энг кўп калтак еган директор нима деди?

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган мактаб директорининг айтишича, ўша куни у ҳокимдан энг кўп калтак еган ва Инернетда 12 сентябр кунитарқалган видеотасвир ҳокимдан калтак ейиш манзарасининг бир қисми холос.

- Доим шунақа, бошқа соҳа бўйича раҳбарларга ҳам қўл кўтарган, фермерлардан тортиб тиббиёт соҳаси раҳбарларини ҳам калтаклаган, тепкилаган. Тепиб, "тур йўқол", деб чиқариб юборганини кўрганман. "Мен ҳокимман, мен зўрман", деб ўйласа керак, лекин унақа бўлмайди-да. У тарқалган видео ҳаммаси эмас. Ўша куни айримларни тепиб, чиқарворди, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган Сайхунобод туманидаги мактаблардан бирининг директори.

Сайхунобод туман ҳокими тумандаги мактабларнинг директорларини йиғиб, уларни бир қаторга терган ҳолда калтаклагани тасвирланган видеодаги ​ҳокимнинг сўзларидан англаш мумкинки, мактаб директорлари Мустақиллик байрамига ўқитувчиларни олиб келмагани учун жазоланган.

Нима бўлган эди?

Сайхунободлик мактаб директори Озодлик билан суҳбатда ҳокимиятдаги ўша кунги мажлисни шундай хотирлади.

- Бу 28 августда бўлганди. Бир кун аввал тумандаги стадионда Мустақиллик байрим бўлган. Бизга байрамга бир соат қолганда ўқитувчиларни олиб чиқинглар, деган маълумот келди. Биз янги ўқув йилига тайёргарлик кўраётган бир пайтда бўляпти-да бу, улгурмадик. Ҳоким байрамга одам олиб келмадинг деб бизни калтаклай кетди. Энг кўп калтак еган мен бўлдим ўша куни. Юзимга уч марта туширди. Ёнимдаги директорга тегмади, ёши катта-да уни, мени урди, - дейди мактаб директори.

"У ҳоким, мен бир оддий ўқитувчи бўлсам.."

Лекин, ҳокимдан калтак еган мактаб директори бу юзадан ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят қилиш нияти йўқлигини айтди.

- У барибир ҳокимда. Шикоят қилсак прокуратура барибир ҳокимнинг ёнини олади, бизни айблига чиқаради. Энди ҳамма видеони кўрибди. "Ҳокимдан калтак еб қараб туравердингми, сен ҳам юзига туширмадингми", дейди танишларим. Ахир у ҳоким, мен оддий ўқитувчи бўлсам?! Мен ҳам башарасига туширишим мумкин эди, кучим бор. Лекин, ҳоким ўқитувчини урса оддий хол, лекин ўқитувчи ҳокимни урса жиноят, деб судга берворишлари мумкин. Керак бўлса, ҳамма директорлар мени шу ерни ўзида айбдорга чиқариб қўйиши ҳам мумкин эди. Шунинг учун калтак еб туравердик, у ҳоким-да барибир, - дейди сайхунободлик мактаб директори.

Сайхунобод тумани ҳокимидан калтак еган мактаб директори билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:09 0:00
Бевосита линк

Прокуратура текширув бошлади

Айни пайтда Сайхунобод тумани прокуратураси ҳоким мактаб директорларини дўппослагани акс этган видео бўйича текширув бошлаганини билдирди.

- Бу бўйича текширув бормоқда, - дея гапни қисқа қилди прокуратура ходими.

Kun.uz нашрига кўра, Сирдарё вилояти ҳокимлигида ҳам бу холат муҳокама қилинган.

Лекин, вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳари Ортиқ Султонов Озодлик билан суҳбатда бундан хабарсиз эканини айтди.

- Пахтада эдик, ҳозир келиб шу видеони кўриб турувдик, бу ҳақда ҳеч нарса айтолмайман-да. Ҳокимиятда отдел бошлиқлари бўлмаса , ҳаммаси пахтада, - деди матбуот хизмати бошлиғи.

Сирдарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати бошлиғи Ортиқ Султонов
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:56 0:00
Бевосита линк

Kun.uz: Ҳоким директорлардан кечирим сўради

Kun.uz сайти хабарига кўра, 12 сентябр оқшомида вилоят ҳокими Ғофуржон Ғаниевич Мирзаев Сайхунобод туманига келиб, йиғилиш ўтказган.

Унда туман ҳокими ҳамда мактабларнинг директорлари ҳам иштирок этган, Носиржон Эгамбердиев гўё ўқитувчилардан узр сўраган.

Йиғилишда ушбу вазият юзасидан ҳали тегишли чора кўрилиши, у узр сўраш билан қутула олмаслиги қайд этиб ўтилган.

“Ҳокимнинг иши пахта терими мавсумидан кейин кўриб чиқилади. Унинг ишда қолиши масаласи тақдири юқоридан келадиган кўрсатмага боғлиқ”, дея хабар қилди kun.uz ўз манбасига таяниб.

Директорлар Озодликка: Ҳокимнинг биздан кечирим сўраганидан хабаримиз йўқ

Лекин Озодлик суҳбатлашган Сайхунободдаги камида икки мактаб директори, жумладан ҳокимдан калтак еган директор ҳам туман раҳбари улардан кечирим сўраганидан хабари йўқ эканини айтди.

- Кечирим сўрайдиган бўлса чақирсин ҳокимликка, ҳамма туман аҳлини йиғиб уларни олдида кечирим сўрасин. Чунки видео тарқалиб бўлди, - деди мактаб директори.

Ҳоким телефонини кўтармади, ёрдамчисининг видеодан хабари йўқ

Озодлик кун бўйи Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Эгамбердиевнинг қўл телеқонига қўнғироқ қилди, лекин ҳоким телефонни кўтармади.

Ҳокимнинг Шерзод исмли ёрдамчиси эса Озодлик билан суҳбатда тарқалган видеодан хабари йўқлигини айтди. Кейин эса у билан ҳам бошқа боғланишнинг иложи бўлмади.

Носиржон Эгамбердиев Сайхунобод туманига 2016 йилнинг октябрида ҳоким этиб тайинланганди.

Ундан аввал у Сирдарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Ҳамкасблари унинг қаттиққўллиги билан ном чиқарганини айтишади.

XS
SM
MD
LG