Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:09

Мирзиёевнинг Бишкекка ташрифи. Муҳокама қилинадиган масалалар ва кутилаётган натижалар (ФОТО)


Президент Алмазбек Атамбаев ҳамкасби Мирзиёев ва унинг раифаси Зироатхон Мирзиёевани (орқа планда) кутиб олмоқда.
Президент Алмазбек Атамбаев ҳамкасби Мирзиёев ва унинг раифаси Зироатхон Мирзиёевани (орқа планда) кутиб олмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироатхон Мирзиёевани ҳамкасби Алмазбек Атамбаев "Манас" аэропортида рафиқаси Раиса Атамбаева билан бирга кутиб олди. Мирзиёевнинг 5-6 сентябрь кунларига мўлжалланган давлат ташрифи доирасида икки давлат ўртасидаги чегаранинг 1170 километри аниқланиб бўлингани тўғрисидаги оралиқ шартнома имзоланиши кутилмоқда. Ташриф арафасида ҳукуматлараро эксперт гуруҳлари айрим чегара-ўтказиш пунктларини очиш масаласини муҳокама қилди.

Шавкат Мирзиёв Бишкекда чегарага оид шартномани имзолайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:02 0:00

Ўзбекистон президенти 17 йилда биринчи марта Қирғизистонга давлат ташрифи билан келмоқда

Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Айзада Субақўжаева Ўзбекистон президентининг 17 йилда биринчи марта Қирғизистонга амалга ошираётган давлат ташрифини тарихий воқеа сифатида баҳолади.

Айзада Субақўжаеванинг айтишича, учрашувда имзоланиши кутилаётган асосий ҳужжат икки давлат чегараларига оид шартнома бўлади.

-Ташриф доирасидаги муҳим ҳужжат Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараси тўғрисидаги шартнома бўлади. Ўтган йили президентимиз Алмазбек Атамбаев Ўзбекистон президенти билан Самарқандда учрашганидан сўнг чегараларни аниқлаш ишларини жонлантириш тўғрисида ҳар икки давлат ҳукуматларига кўрсатма берилган эди. Ўшандан бери икки давлат ҳукуматлараро комиссиялари 16 марта учрашди. Енгил кечмаган музокаралар жараёнида чегаранинг 1170 километри, яъни 80 фоиздан кўпроғи аниқланди. Қолган 217 километр чегарани аниқлаш ишлари давом эттирилади, - деди Айзада Субақўжаева.

Ўшда экспертлар қайси чегара-ўтказиш пунктларини очиш масаласини муҳокама қилди

Айзада Субақўжаевга кўра, чегара бўйича шартнома лойиҳаси юзасидан барча тайёргарлик ишлари якунланган. Мазкур ҳужжат қирғиз парламентининг учта қўмитасида қўллов топган. Субақўжаева шартноманинг имзоланиши Қирғизистон ва Ўзбекистон иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий муносабатларини ривожлантиришнинг асосий омили бўлишини алоҳида таъкидлади.

Мирзиёевнинг Бишкекка ташрифи арафасида 2-3 сентябрда Ўш шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати экспертлар гуруҳининг учрашувлари бўлиб ўтиб, томонлар конкрет чегара –ўтказиш пунктларини очиш масаласини муҳокама қилган.

Бироқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган расмий баёнотда қайси чегара –ўтказиш пунктлари очилиши ва қачон очилиши борасида маълумот берилмади. Қирғизистон томони эса бу масалада ҳозирча сукут сақламоқда.

Қирғизистон билан чегара шартномасини имзолаш Ўзбекистонга неча гектарга тушди?

Тошкент ва Бишкек чегара масаласида муросага эришиш учун ўзаро ер айрибошлашгани тўғрисида 4 сентябрь куни Акипресс агентлиги Қирғизистон ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги махсус вакили ўринбосари Мамасоли Акмаматовга таянган ҳолда маълум қилди.

Расмийнинг билдиришича, Ўзбекистон Қирғизистонга Жалолобод вилояти билан чегарадош ҳудудлардан 476 гектар ерни берди. Қирғизистон эса Ўзбекистонга 241 гектар ер берган.

“Ўзбекистон харитасида қайд этилган шундай жойлар бор экан, бироқ у ерда бизнинг одамлар яшаган. Қирғизистонга тегишли экани айтилган ерларда эса ўзбек халқи яшаган. Шунинг учун ҳам биз ўзимизга 476 гектар ерни олиб, уларга 241 гектар ерни бердик”, деди Мамасоли Акмаматов 4 сентябрда ўтган брифингда.

Энг муаммоли чегара ҳудудлари баҳсли бўлиб қолаверади

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги 1378 километрни ташкил қилади. 16 апрель куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Бишкекка келган ва Қирғизистон билан чегаранинг 1170 километри аниқланиб бўлингани юзасидан оралиқ битимни имзолаган эди. 16 августгача бу ҳудуднинг 320 чақирими аниқланмагани ва баҳсли бўлиб қолаётгани айтилиб келинган.

Чегаранинг 1170 километри аниқланиб бўлингани тўғрисидаги оралиқ битим имзоланганидан сўнг 208 километрга яқин баҳсли ҳудуд қолгани расман хабар қилинди.

Бироқ чегараларни аниқлаш бўйича Қирғизистони ҳукуматининг махсус вакили Қурбанбай Искандеров 4 сентябрь куни ўтган матбуот анжуманида аввалги йилларда икки давлат ўртасида кескинликни юзага келтирган Унгартепа – Унгартоғ масаласида ҳозирча томонлар тил топиша олмаганини айтди.

“Унгартоғ масаласини ҳал қилишнинг иккита йўли бор. Ҳозирча буни ошкор қила олмаймиз. Бу масала музокараларда муҳокама қилинади. Ҳозирча тоғ факт бўйича бизнинг ҳудудимиз бўлиб турибди ва ундан биз фойдаланаяпмиз. Бундай участкалар ҳали жуда кўп”, деди Искандеров.

Тошкент Ўзбекистонда Унгартепа, Қирғизистонда Унгартоғ деб аталувчи баҳсли ҳудудга 2016 йилнинг 22 август куни иккита вертолётда милиция десантини киритган эди.

Бунинг ортидан Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатларида кескинлик пайдо бўлган. Қирғизистон кескинлик оқибатида чегараларни бир томонлама ёпгани оқибатида Ўзбекистоннниг Қирғизистондаги Сўх ҳамда Шоҳимардон экславлари қамал ҳолатига тушган.

Ўзбекистон 18 сентябрда бу ҳудуддан ўз десантини олиб чиқиб кетганидан сўнг вазият бир оз юмшаган эди.

Қурбанбай Искандеров 4 сентябрдаги матбуот анжумпида Ўзбекистон Косонсой сув омбори бўйича 1991 йилдаги шартнома талабларини бажармаётганини ҳам иддао қилди.

“1991 йилдаги шартномага асосан сув омбори тўлалигича бизга ўтказиб берилиши лозим эди. Лекин бугунги кунгача бу иш амалга оширилмади”, - деди Искандеров.

Мирзиёев ташрифи доирасида бизнес форум ўтказилади

5 сентябрь куни Бишкекда Ўзбекистон ва Қирғизистон бизнес форуми ўтказилади. Унда Ўзбекистон томонидан Ташқи савдо вазирлиги, инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда 20дан ортиқ ширкатларнинг вакиллари, Қирғизистон томонидан эса ҳукумат расмийлари ва тадбиркорлар иштирок этиши кутилмоқда.

Бу борада тарқатилган расмий хабарда айтилишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо айланмасининг 2016 йилдаги ҳолати 170 миллион долларга яқинни ташкил қилган.

Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашидовга кўра,2017 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 110 миллион долларга етган.

Расмийлар бу ҳолатни 2016 йилнинг кузидан бошлаб Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги алоқаларнинг илиқлаша бошлагани билан изоҳламоқдалар.

XS
SM
MD
LG