Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:33

Қирғизистон ҳукумати истеъфога чиқарилди


Қирғизистоннинг эндиликда собиқ бош вазири Сўўрўнбай Жээнбеков.
Қирғизистоннинг эндиликда собиқ бош вазири Сўўрўнбай Жээнбеков.

Қирғизистон президенти 22 август куни ҳукуматни истеъфога чиқариш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Қирғизистон ҳукумати истеъфога чиқарилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00

Жээнбеков президентликка номзодларга тенг шароит яратиш учун истеъфо берганини айтди

Фармон имзоланиши ортидан Атамбаев айни пайтда таътилда бўлган парламент фракциялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

“Мен ҳукумат истеъфога чиқарилгани муносабати билан Жогорку Кенеш раиси Чинибай Турсунбековга ҳукуматнинг янги таркибини шакллантириш учун 25 августда Жогорку Кенешнинг навбатдан ташқари сессиясини чақириш тўғрисидаги хат билан мурожаат қилдим”, деди Атамбаев.

Бош вазир вазифасини вақтинча бажариш ваколати бош вазирнинг биринчи ўринбосари Мухамметкалий Абулгазиевга топширилди.

Қирғизистон ҳукумати истеъфога чиқарилишига бош вазир Сўўрўнбай Жээнбеков президентликка номзод сифатида Марказий сайлов комиссияси томонидан расман рўйхатга олингани муносабати билан 21 август куни истеъфо бергани сабаб бўлди.

Сўўрўнбай Жээнбеков президентликка номзодлар рўйхати расман эълон қилинадиган 10 сентябргача ва ундан кейин ҳам то 15 октябрда ўтадиган сайловгача бош вазир лавозимида қолиш имкониятига эга бўлганини, лекин бундай имтиёздан барча номзодлар учун тенг шароит яратиб бериш мақсадида воз кечганини айтди.

Қирғизистон қонунчилигига асосан бош вазир президентликка номзод сифатида рўйхатга олингач, сайлов якунлангунига қадар таътилга чиқиш имкониятига эга. Бироқ Жээнбеков бу имкониятдан ҳам фойдаланмади.

Собиқ бош вазир сайлов адолатли ўтишига ишонади

Собиқ бош вазир президентлик сайлови Қирғизистонда 2015 йилда ўтган парламент сайлови каби холис ва адолатли ўтишига ишонишини айтди. 2015 йилда халқаро кузатувчилар Қирғизистонда ўтган парламент сайловини Марказий Осиё учун “уникал ҳолат” сифатида баҳолаган эдилар.

-Аввал қандай сайлов бўлар эди, ҳозир қандай сайлов ўтказилаяпти, ўзингиз кўриб турибсиз. Аввал сайлов натижалари кабинетда аниқлаб қўйилар эди. Ҳозир эса ҳар бир сайловчининг овози учун кураш кетаяпти, -деди Жээнбеков.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 21 август ҳолатига кўра, президентлик сайловида иштирок этиш нияти билан ариза топширган 60 одамдан 3 нафарига, жумладан, Жээнбековга расман президентликка номзод мақомини берди. Бундай мақомга эришган Темир Сариев ва Ўмурбек Бабановлар Жээнбековнинг кучли рақиблари ўлароқ кўрилмоқда.

Кучли рақиблардан бири қамоқда қолмоқда

Бироқ президентлик сайловидаги энг кучли рақибларидан бири Ўмурбек Текебаев 16 август куни суд ҳукми билан коррупцияда айбдор, деб топилиб 8 йил озодликдан маҳрум этилди.

Текебаевнинг номзоди “Ата Мекен” партияси томонидан президентликка кўрсатилган эди.

Президентликка номзод сифатида ариза берганлар расман рўхатга олиниши учун 30 минг сайловчининг имзосини тўплаши, сайлов депозитига 14 минг 600 доллар миқдорида бадал тўлаши ҳамда қирғиз тилидан имтиҳон топшириши шарт бўлади.

Ўмурбек Текебаев қирғиз тили имтиҳонини Миллий тил комиссияси қарори билан қамоқхонада топширди. Унинг тарафдорлари тўплаган имзолар эса Марказий сайлов комиссияси томонидан яроқсиз деб топилган. Айни пайтда “Ата Мекен” партияси юристлари Марказий сайлов комиссиясининг бу қарори устидан судлашмоқда.

XS
SM
MD
LG