Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:25

Хоразмда милиционер ўзи қўриқлаётган банкни тўнади


Шавкат Мирзиёев ҳамон мудраётган сиёсий партияларни кескин танқид қилди. Хоразмда ИИБ ходими ўзи қўриқлаётган банкка ўғирликка тушди. Фарғонада тадбиркордан пора олган солиқ нозири ушланди.Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Президент: Cиёсий партияларимиз ҳамон мудраб ўтирибди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари раҳбарлари, сиёсий партиялар ва Экологик ҳаракат вакиллари билан учрашувда улар фаолиятини кескин танқидий баҳолади (“XXI аср”, 13 июль).

Президентга кўра, сиёсий партиялар ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ва самарали бажармаётир.

“Очиқ айтиш керак, сиёсий партияларда бу соҳада ҳалигача хотиржамлик, қандайдир мудраб ўтириш кайфияти ҳукм сурмоқда. Ҳеч кимга фойдаси бўлмаган мажлислар соатлаб давом этмоқда, танқидий таҳлил ўрнига майда масалалар билан ўралашиб, долзарб муаммоларнинг ечими четда қолиб кетмоқда”,- деган Президент Ш.Мирзиёев.

Йиғилишда Ўзбекистон Президенти Олий Мажлис палаталари раҳбарлари фаолияти ҳам танқидий баҳолаган: “Мен турли йиғилишларда, биз икки йил давомида фавқулодда сафарбарлик ҳолатида ишлашимиз керак, деган фикрни доимо айтиб келяпман. Лекин, афсуски, бу масала бўйича Олий Мажлис ва унинг раҳбарияти, хусусан, Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Мўйдинхонович Исмоилов, Сенат Раиси Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошевнинг позицияси на уларнинг чиқишларида, на амалий ҳаракатларида сезиляпти”.

Ўзбекистон раҳбарига кўра, парламент ҳақиқий демократия мактабига айланиши керак.

Фарғонада тадбиркордан пора олган солиқ нозири ушланди

Фарғона вилояти Риштон тумани давлат солиқ идорасида 18 йилдан буён турли лавозимларда ишлаб келган солиқ расмийси тамагирлиги ва хизмат бурчига хиёнати боис маҳкамага тортилди (“Ҳуқуқ”, 13 июль).

Исми ошкор этилмаган солиқ назоратчиси ўзи назорат қиладиган ҳудуддаги тадбиркордан солиқ тўламасдан, ҳужжатсиз савдо қилиш эвазига 500 доллар пора талаб қилган.

Якка тартибдаги тадбиркорлардан йиғимларнинг ўз вақтида бюджетга ўтказилишига масъул бўлган солиқ нозири “соябонлик ҳақи”ни олган пайтда қўлга туширилган. Унга тегишли жазо тайинлангани хабар қилинган.

Хоразмда ИИБ ходими ўзи қўриқлаётган банкни тўнади

“Микрокредитбанк”нинг Хоразм вилояти Боғот тумани бўлими тўнаб кетилгани ҳудудда шов-шув бўлди (“Даракчи”, 13 июль).

Кўп ўтмай банкдан 16 миллионни ўғирлаган шахс Боғот тумани ИИБ қўриқлаш бўлими ходими, ушбу муассасани қўриқлашга масъул бўлган

Қодир Эшонов экани аниқланди. Қайд этилишича, Қ.Эшонов ИИБ ходимидан ҳеч ким шубҳаланмайди дея укаси Диёр Эшонов билан биргаликда мунтазам ўғирлик жиноятини содир этиб келган.

Ака-ука Эшоновлар 2015-2016 йилларда 20 дан ошиқ ўғирлик жиноятини содир этгани хабар қилинган, аммо мазкур жиноятларга доир тафсилотлар очиқланмаган.

Жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди ҳукмига кўра, Қодир Эшонов 9 йил, укаси Диёр Эшонов 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.

XS
SM
MD
LG