Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:38

Борис Немцовни ўлдирганликда айбланган 5 киши узоқ муддатларга қамалди


Немцовга ўқ узган Заур Дадаев (суратда) 20 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Немцовга ўқ узган Заур Дадаев (суратда) 20 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Москва округ ҳарбий суди россиялик сиёсий мухолифат етакчиси Борис Немцовни отиб ўлдирганликда айбланаётган беш киши устидан ҳукм чиқарди. Немцовга ўқ узган Заур Дадаев 20 йилга, Тамерлан Эскерханов 14 йилга, Анзор ва Шадид Губашевлар – 19 ва 16 йилга, Ҳамзат Бахаев – 11 йилга қаттиқ режимли колонияда жазо ўташга ҳукм қилинди.

Суд айбланувчиларнинг “фарзандлари борлиги” ва “ижобий характеристикага эга эканликлари”ни инобатга олиб, юмшоқ жазо берганини эълон қилди.

Чеченистоннинг “Шимол” батальони собиқ жангчиси Заур Дадаев 2015 йилнинг 27 февралида Кремл яқинидаги Москворецкий кўпригида мухолифатчи ва Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Борис Немцовни ака-ука Анзор ва Шадид Губашевлар, Тамерлан Эскерханов ва Ҳамзат Бахаевлар ёрдамида отиб ўлдирганликда айбдор деб топди.

Прокуратура Дадаевга умрбод, қолганларга 17 йилдан 23 йилгача қамоқ жазоси тайинлашни сўраган эди.

Заур Дадаев 20 йилга қамалди
Заур Дадаев 20 йилга қамалди

Суд маслаҳатчилари томонидан сиёсатчи Немцовни пистолетдан отиб ўлдирган деб топилган Заур Дадаевга 20 йиллик қамоқдан ташқари 100 минг рубллик жарима тайинланди. Айбланувчи лейтенант унвони ва “Жасорат” орденидан ҳам маҳрум этилди. Қолган шахсларга ҳам молиявий жарима солинди.

- Суд ҳукмига кўра, Дадаев Борис Немцовнинг қотили сифатида тан олинди. Уюшган жиноий гуруҳнинг асл мақсади айнан қотиллик содир этиш бўлган. Барча айбланувчилар гуруҳ аъзоси экани аниқланди. Суд айблов томонидан берилган хулосаларни тўлиқ тасдиқлади. Жазолаш – суд ваколатидир. Биз уларга умрбод қамоқ жазоси сўраган эдик. Бу қарор устидан арз қилиш масаласи ҳукм нусхасини қўлга олганимиздан кейин ҳал этилади ва бу ҳукмнинг асослилиги ва адолатлилиги ўрганиб чиқилади, деди суд залида давлат айбловчиси Мария Семененко.

Дадаевнинг ўзи айбига иқрор бўлмади.

- Бу ифлос маҳкама унинг айбини исботловчи бирорта далил келтирилмади! Акам Москвага юридик факултетга ўқишга келган эди, қотиллик учун эмас! Энг ачинарлиси – у 10 йил шу мамлакатга хизмат қилди, уни эса, мана бундай жазолашди, деди Заурнинг катта акаси Шахруддин Дадаев.

Бундан олдинроқ, 29 июн кунги маҳкамада, маслаҳатчилар коллегияси Борис Немцовни ўлдирганликда айбланаётган беш кишини айбдор деб топганди. Тергов давомида Дадаев ва ака-ука Губашевлар ўз айбига иқрор бўлгани, кейинроқ бу иқрорнома қийноқлар остида берилганини иддао қилганди.

Айбланувчилар ҳукм ўқилганидан кейин
Айбланувчилар ҳукм ўқилганидан кейин

Фақатгина Ҳамзат Бахаевни Немцов тарафи адвокатлари ҳам оқлашни сўрагани, зеро унинг бу жиноятга алоқадорлиги учун етарли далиллар келтирилмагани билдирилган.

- Оллоҳ сабр қилишни сўраяпти, мен сабр тилайман, чунки мен бу жиноятда айбдор эмасман. Парвардигор инояти билан мен бу йўлни ҳеч ким олдида – на Краснов, на ФСБ олдида - бошимни эгмасдан ўтаман, деди Заур Дадаев маҳкама жараёнида.

Айни пайтда, Борис Немцов оиласи адвокатлари ва сиёсатчининг ҳамкасблари қотиллик фош этилган, деб ҳисоблаш эрта эканлигини гапирмоқда.

Улар қотилликнинг оддий ижрочилари жазолангани, жиноятнинг ҳақиқий ташкилотчилари ва буюртмачилари эса озодликда юрганига эътибор қаратмоқда.

Тергов тахминларига кўра, сиёсатчини ўлдириш учун жиноятчиларга 15 миллион рубл ваъда қилинган. Қотиллик ташкилотчиси сифатида халқаро қидирувга берилган чеченларнинг “Шимол” батальони жангчиси Руслан Мухудинов, буюртмачи эса – “аниқланмаган шахслар” эътироф қилинди.

Борис Немцов тарафи сиёсатчининг ўлдирилишига Чеченистон президенти Рамзан Қодиров алоқадорлиги, “ҳақиқий” ташкилотчи эса, “Шимол” батальони командири собиқ муовини Руслан Геремеев эканини таъкидлаб келган.

Бироқ, бу шахслар терговчилар томонидан бирор маротаба ҳам сўроқ қилинмади.

Борис Немцовнинг ўлими ҳақида биринчи бўлиб Твиттерда хабар берган, сиёсий фаол ва мухолифат етакчиси Илья Яшин ҳам Немцовни ўлдиришни уюштирганлар ва буюртмачилар озодликда қолганидан афсус билдириб, Озодликка буларни деди:

Илья Яшин "қамоққа ижрочилар ташланди", демоқда
Илья Яшин "қамоққа ижрочилар ташланди", демоқда

- Агарда биров биз оддий ижрочиларга берилган жазо билан чекланиб қоламиз, деб ўйласа, хато қилади. Демократик мухолифатнинг вазифаси – ҳукуматга босимни кучайтириш ва бугун айбдор деб топилганлар билан боғлиқ бўлган шахсларга нисбатан фаол тергов ишларини олиб боришга ундашдир. Хусусан, гап ака-ука Делимхановлар – бири “Шимол” батальони бошлиғи, иккинчиси “Единая Россия” фракциясининг Давлат Думасидаги депутати Рамзан Қодировнинг энг яқин сафдоши ҳақида бораяпти, деди Илья Яшин.

Сиёсатчи Илья Яшин Борис Немцовнинг ўлдирилишига билвосита Россия президенти Владимир Путин ва унинг собиқ тансоқчиси, ҳозирда Росгвардия раҳбари генерал Виктор Золотовлар ҳам алоқаси борлигини тахмин қилди.

“Ўнг кучлар иттифоқи” фракцияси асосчиси, ПАРНАС партияси раисдоши, “Солидарность” ҳаракати ва Россия мухолифати мувофиқлаштирувчи кенгаши етакчиси, физик олим Борис Немцов 2015 йилнинг 27 февралида Москвада отиб ўлдирилган. 2015 йилнинг март ойида мазкур жиноятда айбланиб 5 нафар шахс ҳибсга олинган эди.

2016 йилнинг октябрида Москва округ ҳарбий судида сиёсатчининг ўлдирилиши юзасидан жиноят иши кўриб чиқила бошлаган.

XS
SM
MD
LG