Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:24

Россия қуришдан бош тортган Норин ГЭСини Чехия барпо этадиган бўлди


Қирғизистон ва Чехия вакиллари Норин ГЭС каскадларини қуриш бўйича шартномани президент Атамбаев иштирокида имзоламоқда.
Қирғизистон ва Чехия вакиллари Норин ГЭС каскадларини қуриш бўйича шартномани президент Атамбаев иштирокида имзоламоқда.

Қирғизистонда Юқори Норин ГЭС каскадларини ва ўнга яқин кичик ГЭСларни Россия ўрнига Чехия қурадиган бўлди.

Қирғизистонда Юқори Норин ГЭС каскади ва кичик ГЭСларни қуриш бўйича шартнома Бишкекда қирғиз ҳукумати ва Чехиянинг Liglass Trading CZ. SRO ширкати томонидан имзоланди. Шартнома ҳукумат ва хусусий ширкат томонидан имзолангани боис, парламентда ратификация қилинишни талаб этмайди.

Мазкур лойиҳа раҳбарларидан бири Айбек Калиев шартнома Қирғизистон манфаатларига тўлиқ жавоб бера олади, деб ҳисоблайди.

- Шартномада қурилишнинг муддатлари аниқ белгилаб қўйилди. Бундан тақшари, Россия билан тузилган аввалги шартномада ГЭСнинг акциялари Россияга ишончли бошқарув учун берилиши шарт, деган модда бор эди. Чехия билан тузилган шартномада бу нарса йўқ. Иккинчидан эса, инвесторлар шартномага асосан солиқлардан озод қилинмайди, - деди Айбек Калиев.

Норин ГЭС каскадларини 2009 йилда имзоланган шартнома асосида Россия барпо этиши керак эди. Бироқ ўтган йили Россия иқтисодий инқироз ортидан бу ГЭСни қуриш мажбуриятидан воз кечган, шундан сўнг қирғиз ҳукумати Кремль билан бу борада имзоланган барча шартномаларни бекор қилган эди.

Бироқ Россиянинг "РусГидро" ширкати Норин ГЭС каскади қурилишининг тайёргарлик босқичида 37 миллион доллар маблағ сарфлаганини иддао қилиб, бу қарзни Қирғизистондан тўлашни талаб қилиб келган.

Чех ширкатининг расмий вакили Йиржи Войтеховски бу қарзни Liglass Trading ширкати тўлаб беришини билдирди.

-Бошланғич капитал қаторида 37 миллион долларни берамиз. Бу пулни Норин ГЭСининг 50 фоиз акциясига эгадор бўлиш учун гаров сифатида киритмоқдамиз. Умуман олганда, лойиҳанинг биринчи босқичида 230 миллион доллар сармоя ётқизамиз. Бу пулга Акбулун кичик ГЭСи ва Норин-1 ГЭСи қурилиши бошланади, -деди чех ширкати вакили.

Расмий хабарда айтилишича, Россия Норин ГЭСи лойиҳасини 727 миллион долларга баҳолаган. Чехия томони эса бу ГЭСни 500 миллион долларга қуриб беришини билдирмоқда.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев июнь ойи охирида Москвага қилган сафари юзасидан журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Россия президенти Путин билан учрашувда рус амалдорлари Қирғизистонда ГЭСлар қуриш лойиҳасини пайсалга солиб, сиёсий ўйинга айлантириб юбораёзганини яна бир бор таъкидлагани ҳақида гапирган.

Атамбаев ўшанда Норин ГЭС каскадларини қуриш учун Қирғизистон бошқа сармоядор топганини ва тез орада бу сармоядор билан шартнома имзоланишини билдирган, бироқ сармоядор қайси давлат ёки ширкат эканини очиқламаган эди.

Расмий хабарда айтилишича, Россия қурилишини қарийиб ўн йилга чўзиб келган Норин ГЭС каскадлари ва кичик ГЭСларни Чехия томони 2019-2020 йилларгача ишга туширишга ваъда берди.

XS
SM
MD
LG