Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:01

Мирзиёев пахта ўрнига гилос, ғалла ўрнига ковул экишни буюрди (ВИДЕО)


Президент “Мингбулоқнефть” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида
Президент “Мингбулоқнефть” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида

Президент Мирзиёев Наманган вилоятига икки кунлик сафари пайтида пахта ва ғалла экиб, зарар кўраётган деҳқонларга клонлаштирилган гилос кўчатлари билан ковул экишни тавсия қилди. Бундан ташқари, президент ўзбек-қирғиз чегарасида бўлиб, ҳарбий қисмга кирди. Вилоятдан қайтаркан, Мирзиёев шаҳар ҳокимини алмаштирди.

Ковул плантацияси ва клонлаштирилган гилос

Президент Мирзиёев Наманган вилоятига сафари пайтида зарар кўриб ишлаётган деҳқонларга пахта ва ғалла экиш ўрнига фойда берадиган экинларни экишни тавсия қилди.

Бу давлат буюртмаси асосида экиладиган пахта ва ғалладан зарар кўраётган ўзбекистонлик деҳқонлар йиллардан бери давлат раҳбаридан илҳақ бўлиб кутаётган бир таклифдир.

Хусусан, Чуст туманида қурилаётган Ўсимликларни ҳимоя қилувчи кимёвий воситалар ишлаб чиқарувчи заводда бўлган Мирзиёев кам ҳосил берадиган, зарар кўриб ишлаётган туманларда пахта ва ғалла майдонларини кескин камайтириш зарурати тилга олди.

Бунинг ўрнига юқори даромад берадиган мева-сабзавот, полиз экинларини экиш лозимлигини таъкидлади ва Наманганда 3 минг гектардан зиёд майдонда ковул экиш режаланаётганини олқишлади.

Ковул кам харажат ва оз меҳнат талаб қиладиган бу ўсимликдир, ундан йилига тўрт марта ҳосил олиш мумкин, Буни маъқуллаган президент вилоятда ковулчиликни ривожлантириш бўйича ассоциация ташкил этишга топшириқ берди.

Шунингдек, вилоятдаги мева-сабзавот агроширкатларидан бирининг боғларини айланган президент клонлаштирилган гилосзорларни яратишни таклиф қилди.

Мингбулоқда 255 млн. долларлик лойиҳа

Президент Мингбулоқ туманидаги масъулияти чекланган “Мингбулоқнефть” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасига борди.

Ҳозир Хитой томони ёрдамида бу конда 4 қидирув-бурғилаш қудуғини ишга тушириш, мавжуд 4 та қудуқни капитал таъмирлаш ишлари бормоқда.

ЎзА агентлиги хабарига кўра, 25 йилга мўлжалланган ва умумий қиймати 255 миллион доллардан ортиқ бўлган бу лойиҳа натижасида бу кондан йилига 200 минг тонна суюқ углеводород қазиб олиш режалаштирилган.

Наманган шаҳрида яна 18та кўп қаватли уй қурилади

Президент Наманган шаҳрининг Уйчи кўчасига борди ва бу кўчада қурилаётган ўн бешта кўп қаватли турар жой биноси ва ўндан зиёд инфратузилма объекти билан танишди.

Наманган шаҳрида келаси йили намунавий лойиҳа асосида 18 та кўп қаватли турар жой қурилишини таъкидлади. Квартираларни тақсимлашда адолат тамойилларига қатъий амал қилиш лозимлигини қайд этди.

Ёшлар махсус факультетда гулчиликка ўқитилади

Наманган шаҳридаги Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғига борган президент боғдаги Гулчилар ассоциациясига кирди ва ҳар бир туманда ассоциация бўлимларини ташкил қилиш, махсус факультет ташкил қилиб, ёшларни гулчиликка ўқитишни тавсия қилди.

Ўзбек-қирғиз чегарасига ташриф

Шавкат Мирзиёев президентликка сайланганидан буён илк кез чегара ҳудудига борди.

Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги Қирғизистонга туташган Арбахш маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. 50 нафар чегарачи ишлаб турган чегара постлари ва ҳарбий қисмни айланди.

Пост ёнида қурилган кичик ҳарбий шаҳарчани кўздан кечирди.

Наманган шаҳар ҳокими алмашди

Кун.uz’нинг Наманган вилоятидаги манбасининг хабарига кўра, Наманган шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келган Баҳодир Маматович Бекхўжаев лавозимидан бўшатилган. Унинг ўрнига 41 яшар Шавкат Шокиржонович Абдураззоқов Наманган шаҳри ҳокими этиб тайинланган.

Бундан ташқари, Мингбулоқ ва Поп туманлари ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ҳам ўз лавозимидан бўшатилган.

XS
SM
MD
LG