Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:45

Мадрасаларга 9-синф битирувчилари қабул қилинмаслиги мумкин


Тошкент Ислом инстиутига қабул, 2016 йил (Институт расмий сайтидан олинган сурат)
Тошкент Ислом инстиутига қабул, 2016 йил (Институт расмий сайтидан олинган сурат)

Ўрта махсус диний таълим муассасаларига касб-ҳунар коллежи ёки лицейлар битирувчиларини қабул қилишга оид таклиф Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Ҳозирча, таклиф муҳокама қилинмоқда. Аммо, ўрта махсус диний таълим муассасалари қабул ҳайъатлари 9-синф битирувчилари ҳужжати қабул қилмаслигини ҳозирданоқ айтмоқда.

19 июнда маълум бўлади

Тошкентдаги ўрта махсус ислом билим юртлари қабул ҳайъатлари 9-синф битирувчиларининг ҳужжатлари қабул қилинмаяпти.

Ўзбекистонда ўрта махсус касб-ҳунар таълим масканларига ҳужжатлар 20 июндан 20 июлга қадар қабул қилинади.

Тошкентдаги аёллар мадрасаси - "Ҳадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртининг ўзини таништирмаган ходими бу йилги 9-синф битирувчиларни қабул қилиш-қилмаслик масаласи ҳануз ноаниқ қолаётганини айтди.

"Ҳозирча, 9-синф битирувчиларининг ҳужжатларини олмаяпмиз. Фақат коллежни битирганларнинг ҳужжатини оламиз. 19 июндан кейин телефон қилинглар, янада аниқ бўлади", деди таълим маскани ходими.

Бу таклиф Вазирлар Маҳкамасига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тақдим қилинди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси масъул мулозими ҳам таклиф муҳокама қилинаётгани, тез орада якуний қарор қабул қилинишини тасдиқлади. Ҳатто, таклиф ортидан идорага ҳам саволлар келаётганини қўшимча қилди, аммо, ҳозирча аниқ маълумот беролмаслигини айтди.

"Қонунга зид таклиф"дан шикоят

Аммо, айни пайтда Ўзбекистондаги бир қатор Интернет нашрларида 3 та идора томонидан илгари сурилган бу таклиф ҳам таълим, ҳам диний-фуқаровий эркинликларга зид экани айтилган шикоят мактуби чоп этилди.

Ўзбекистон Ислом институти жамоаси номидан эълон қилингани айтилган бу мактуб муаллифлари - уни Интернет нашрларида чоп этишни ўзларининг " энг сўнги чора"си сифатида таърифлаган.

Мактубда Вазирлар Маҳкамасига киритилган бу таклиф "диний таълим ёшининг кечиктирилиши ва таълим қонунчилиги бузилиши" сифатида баҳоланган.

"Вазирлар Маҳкамасига таклиф қилинган ҳужжатда ўрта махсус ислом билим юртларига коллеж ва академик лицейларни битириб, яъни 18 ёшдан кейин яна қайтадан ўрта махсус таълимга қабул қилинсин, дейилган. Бу эса таълим қонунчилиги бузилганлигидир. Чунки, бу ҳолат Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида белгилаб қўйилган узлуксиз таълим тизимига қарши ўлароқ, икки бор ўрта махсус таълимининг такрорланишига олиб келади", дейилади жумладан ушбу мактубда.

Шу пайтгача республикада мавжуд 9 та мадрасадаги таълим мажбурий бўлган ўрта махсус таълим босқичига тенглаштирилган ва бу даргоҳларга умумий таълим мактабларининг 9- синфини тугатган битирувчилар қабул қилинар эди.

Институт раҳбарлари мажлисда

Озодлик Тошкент Ислом институтига боғланганида ҳам бундай таклиф ҳақида "гап-сўзлар юргани, ҳали аниқ қарор қабул қилинмагани, институт раҳбарлари шу масаладаги мажлислар билан бандлиги" ҳақида жавоб олди. Аммо, институт жамоаси номидан эълон қилинган шикоят мактуби ҳақида эса бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Саволларга жавоб бериши мумкинлиги айтилган Ўқув ишлари бўйича проректор Ибодулла Аҳроров билан боғланишнинг умуман имкони бўлмади.

Аммо, Facebook тармоғидаги бир неча фойдаланувчи 14 июн куни Тошкент Ислом институтида ўқитувчиларнинг шикоят мактуби муҳокама қилинган мажлис бўлгани ва унда тажрибали ўқитувчилар бу таклифга қарши фикр билдиргани ҳақида ёзишди.

Бундай постлардан бирида жумладан: " #Иқтибос. Ким бу хабарни ташқарига чиқарди, ким sof.uz га чиқариб қаҳрамонлик қилди деган мавзуда кеча Ислом институтида кичик мажлис қилинган. Бугун Ислом институтида катта мажлис ўтказилди. Катта устозлар яна қайта ўз норозиликларини билдиришган. Шунга қарамай ҳали ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ", дейилган.

Мадраса битирувчиси - маҳалла маслаҳатчиси

Ҳозир Ўзбекистон Мусулмонлари идораси қошида Тошкент Ислом институти ёки Олий Маъҳад ҳамда 7 июнда расман очилган Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси бор.

Ўрта махсус ислом билим юртлари - мадрасалар сони эса 9 та: Тошкентда "Кўкалдош", Бухорода "Мирараб", Андижонда "Саййид Муҳйиддин Махдум", Наманганда "Мулла Қирғиз", Китобда "Хожа Бухорий", Урганчда "Фахриддин ар-Розий", Нукусда "Муҳаммад ал-Беруний", шунингдек, Тошкентда "Хадичаи Кубро", Бухорода "Жўйбори калон" аёл-қизлар билим юртларидир.

Мадрасаларни битирган битирувчилар илм даражасига кўра, имом-хатиб, имом, имом ноиби ёки отин ойи бўлиб, ёҳуд турли давлат идоралари, таълим муассасалари, Маҳалла қўмиталаридаги "Маънавият марказ"ларида диний маслаҳатчи бўлиб ишлаши мумкин.

Расмий маъулмотларга кўра, республикадаги диний таълим масканларида билим оладиган жами талабалар сони 250 нафарга яқиндир ва йиллар давомида бунинг 32 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган мусулмон Ўзбекистонда мавжуд эҳтиёжни қопламаслигидан тингловчилар шикоят қилади.

Ўзбекистонда хусусий тартибда диний таълим бериш эса 1998 йилда қайта таҳрирда қабул қилинган "Виждон эркилиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонун билан тақиқланган.

XS
SM
MD
LG