Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:54

Ангренда унаштирилган жуфтлик Spark машинасида сувга чўкиб ўлди


Илҳом ва Аноранинг Spark машинасида ўтириб олган селфиси.
Илҳом ва Аноранинг Spark машинасида ўтириб олган селфиси.

Ангрен шаҳрида никоҳ тўйи арафасида дарё бўйига айлангани бориб Spark машинасида сувга чўкиб, ҳалок бўлган қаллиқлар жасадини топиш учун қутқарувчилар икки кун сарфлаганлар.

Фожиа, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мулозимининг айтишича, 12 май куни Ангрен дарёси соҳилида рўй берди.

Исмини ошкор этмасликни сўраган вазирлик мулозимининг айтишича, ​жуфтлик машинани Ангрен сув омбори яқинидаги дарё қирғоғига ҳайдаб борганида атомобилни сув тортиб кетган.

Машина сувга чўкаётган маҳал уни бошқарган йигит уяли телефонидан дўстига қўнғироқ қилган ва эвакуватор чақириб машинани сувдан чиқаришга ёрдам сўрашга улгурган.

У манзилини айтиши билан алоқа узилган, деди Озодликка ҳалок бўлган йигитнинг дўстларидан бири.

У танишимиз Бахромга телефон қилган, “машина сувга чўкиб кетди, зудликда эвакуатор олиб кел!”, деган ва шу вақтда алоқа узилиб қолган. Баҳром эвакуатор олиб борганида улар сувга чўкиб бўлишган экан. Кейин Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан қутқарувчилар келди, водолазлар икки кун қидирди, топишолмади, - дейди сувга чўкиб ўлган йигитнинг дўсти.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ангрен бўлими мулозимининг Озодликка айтишича, 23 ёшли Илхом Пардаев ва унга унаштирилган 20 ёшли Анора Тожибоева машинаси билан сувга чўкиб, ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Мулозимнинг айтишича, уларнинг жасади, сувга чўкканидан икки кун ўтиб, Ангрен дарёси тубидан топилган.

- Жасадлар Spark машинаси ичида эди. Автомашина сувдан кўтарилганида ичида икки ёш йигит-қиз жасади бор эди. Рулда ўтирган йигитни оёғи машина педалига ёпишиб, қотиб қолган холда эди, - дейди ФВВ расмийси.

Ҳозирда Ангрен прокуратураси мазкур ҳалокат бўйича суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Прокуратура мулозимининг Озодликка айтишича, ҳайдовчи машинани дарё қирғоғига жуда яқин ҳайдаб бориши сабабли фожиа рўй берган.

- Нима сабабдан бу содир бўлгани ўрганиляпти. Дастлабки ҳулоса шуки, ҳайдовчи машинани дарё бўйига жуда яқин ҳайдаб борган. Аслида у ерга машина билан умуман бориш мумкин эмас эди, - дейди прокуратура ходими.

Бу мудҳиш воқеа Ангренни ларзага солди.

- Уларни бир ҳафтадан кейин тўйлари бўлиши керак эди. Афсус ....., - дейди уларни дўстларидан бири.

Сувга чўкиб ўлган жуфтлик сешанба куни Ангренда дафн этилди.

- Иккаловини қабри ёнма ён қўйилди. Қабристонга олиб кетилаётганида ёр-ёр айтилди, - деди уларни танишларидан бири.

Ўзбекистонда ёзги мавсум бошланиши билан чўмилиш ҳавзаларида сувга чўкиш ҳоллари ҳар йили кузатилади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, сувга чўкиш каби бахтсиз ҳодисалар юз беришига, аввало, тақиқланган жойларда чўмилиш, хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик, сузишни билмаслик ёки спиртли ичимлик истеъмол қилиган ҳолда сувга шўнғиш сабаб бўлади.

XS
SM
MD
LG