Линклар

Президент Шавкат Мирзиёев тузган махсус комиссия Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (ЎзМТРК) ишини ўнглаш учун онлайн-сўров эълон қилди. Комиссияни тузишдан аввал, президент коррупция жанжали ортидан прокуратура терговига тушган ЎзМТРКнинг 12 йиллик раҳбарини алмаштирган эди.

Ўзбекистон президенти фармони билан ЎзМТРК фаолиятини ўрганиш ва фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида комиссия ташкил қилинди.

Podrobno.uz. агентлигининг хабар қилишича, комиссия ЎзТВ фаолияти бўйича жамоатчилик фикри ва таклифларини ўрганиш учун онлайн-сўров бошлаган.

Онлайн-сўровда иштирокчилардан телевидение фаолиятини ислоҳ қилиш бўйича таклиф ва уни амалга ошириш механизмига доир фикр-мулоҳаза сўралмоқда.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясидаги ислоҳотлар шу йилнинг 2 февралида бу идорага 12 йил раислик қилган Алишер Хўжаевни ишдан олиш билан бошланган. Ўзбекистон маҳаллий матбуоти Хўжаев ўрнига раҳбар этиб 46 ёшли Хуршид Мирзоҳидов тайинланганини хабар қилган.

Мутахассислиги радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение мухандиси бўлган Хуршид Мирзоҳидов бунга қадар “Ўзбектелеком” ширкатида директор ўринбосари, “Ўзпроммашимпекс” ширкати бошқаруви раиси ва 2009-2010 йилларда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

Мирзоҳидовга қадар ЎзМТРКни 12 йил бошқарган, асл касби физика ўқитувчиси бўлган Алишер Хўжаев даврида миллий телевидение марҳум президент Ислом Каримов ҳокимияти тизгинидан, умумиятла, чиқмагани кузатилди.

Ҳатто, 2015 йилда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Олим Тошбоев марҳум президент Каримовнинг Қашқадарёга сафарини 1 кун кечикиб, эфирга бергани учун "сиёсий хато" тамғаси билан ишдан олинган эди.

2014 йилда эса Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (ЎзМТРК) ўз журналистларини матбуот анжуманларида "ўзбошимчалик билан саволлар бермаслик", рухсатсиз хорижга чиқмасликлари ҳақида огоҳлантирилгани хабар қилинган.

Аммо, ўтган давр ичида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси коррупцион можароларни ҳам бошдан кечирди. Хусусан, 2014 йилда рекламадан келадиган даромадни ўзлаштириш иддоаси билан Бош прокуратура тергов-текширувига тушгани, бир неча ходим ва раҳбар ишдан олингани ҳақида Озодлик хабар қилган.

Янги президент Мирзиёев матбуот хизмати раҳбари Асад Хўжаевга кўра, ҳозир Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясини тубдан ислоҳ қилиш бўйича концепция ишлаб чиқилмоқда.

Президент ташкил қилган комиссия эса ўзи бошлаган онлайн-сўровда қатнашганларнинг ЎзТВ фаолияти бўйича танқидий фикрлари ва ширкат камчиликларини бартараф қилиш бўйича билдирган таклифлари Концепцияни тузишда инобатга олинишини ваъда қилмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG