Линклар

Марокашдаги кондан 66 000 000 йил муқаддам яшаган динозавр қолдиғи топилди


Chenanisaurus barbaricus, Бат университетининг Милнер номидаги Тадрижий ривожланиш маркази ходими, доктор Ник Лонгрич тақдим этган сурат. Университет расмий сайтидан олинди.

Қирилиб кетмасидан бурун - 66 миллион йил аввал - Африка қитъасида яшаган сўнгги динозаврлардан бирининг тошга айланган қолдиқлари Марокаш шимолидаги фосфат конидан топилди. Бат университетининг Милнер номидаги Тадрижий ривожланиш маркази етакчилигида ўтказилган тадқиқотда тахмин қилинишича, Бўр даврининг ўрталарига келиб, улкан Гондвана қитъаси парчаланиб кетганидан сўнг Африкада динозаврларнинг алоҳида фаунаси вужудга келган.

Янги Chenanisaurus barbaricus турлари Ер юзасидаги энг сўнгги динозаврлар бўлиб, улар 66 миллион йил олдин астероид келиб урилиши оқибатида қирилиб кетган

У Шимолий Америка Т-рексининг Африкадаги кичикроқ замондошидир

Тош қолдиқ ўша пайтда Жанубий ярим шарда алоҳида фауна мавжуд бўлгани исботидир

66 миллион йил муқаддам Бўр даврининг охирида улкан астероид Ерга келиб урилиши оқибатида қирилиб кетишидан олдинроқ Африкада яшаган динозаврлар ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас. Ўша вақт денгиз сатҳи баланд бўлган, шу сабабли аксарият тош қолдиқлар сув ости қояларидан топилмоқда.

Марокашдаги фосфат қатламлари ҳам 66 миллион йил аввал ташкил топган кўҳна денгиз туби қолдиқларидир. Фосфат улкан очиқ қонлардан қазиб олинади ва у ўғитдан тортиб, Кола ичимликларигача бўлган маҳсулотларда ишлатилади.

Бат университети Биология ва биокимё факультетининг Милнер номидаги Тадрижий ривожланиш маркази ходими, доктор Ник Лонгрич ўтган йили Марокашдаги Улад-Абдун ҳавзасининг Сиди-Ченнан яқинидаги конларидан топилган жағ суягининг ноёб бўлагини тадқиқ қилди. У марокашлик, франциялик ва испаниялик ҳамкасблари ҳамкорликда суякнинг абелизаврга тегишли эканини аниқлади.

Абелизаврлар Т-рекс ва бошқа тиранозаврлар сингари тумшуғи калта ва тўмтоқ, қўллари эса жуда кичик икки оёқли йиртқич бўлган. Шимолий Америка ва Осиёда тиранозаврлар ҳукмронлик қилган пайтда Бўр даври сўнггида абелизаврлар Африка, Жанубий Америка, Ҳиндистон ва Европада энг кучли йиртқичлар бўлган.

Доктор Лонгрич бунга шундай изоҳ беради: “Ушбу топилма ғайриоддийдир, унинг денгиз қояларидан топилгани тош қотган кит қолдиқларини излаб, арслоннинг тош қолдиқларини топгандай гап. Бу ўта ноёб топилма – лотереяга ютуқ чиққандай гап. Таъкидлаш жоизки, фосфат конлари жуда бой ва бу миллионлаб лотерея чипталарини харид қилишга менгзайди, шунинг учун ушбу абелизаврга ўхшаш ноёб динозавр қолдиқларини топиш имкониятимиз кўп”.

“Шу пайтгача қўлимизда Марокашдаги ўша даврга оид динозавр қолдиқлари йўқ эди. Бу Африка қитъасидан Бўр даврининг охирига оид топилган илк динозаврдир. Қолаверса, у динозаврларнинг ёппасига қирилиб кетиши олдидан Африкада яшаган сўнгги динозаврлардан бири ҳамдир”.

“Бу ғаройиб топилма бўлиб, ўша пайтда Жанубий ярим шардаги ҳайвонот олами қанчалик ранг-баранг бўлганини кўрсатади”.

Янги топилган ва Chenanisaurus barbaricus деб ном олган динозавр икки оёқда юрган ва қўллари калта бўлган. “Абелизаврларнинг қўли жуда калта бўлган. Елка суяги калта, билаги янада калтароқ, қўллари эса жуда кичкина бўлган”, – дея қўшимча қилди доктор Лонгрич.

Тош қолдиқдаги тишлар худди суякни тишлаётгандай жойлашганига қараб, Т-рекс, Ченанизаурус йиртқи бўлганини тахмин қилиш мумкин. аммо қисман қанотли бўлган Т-рексдан фарқли ўлароқ, Ченанизауруснинг фақат тангалари бўлиб, мияси кичик, юзи калта ва ботиқ экан.

Тадқиқот лойиҳаси Марокашда мамлакатнинг бой тош қолдиқли меросини сақлаб қолиш мақсадида палеонтология коллекцияларини ташкил этиш ва ўрганишда ёрдам бераётган халқаро илмий ҳамкорлик доирасида амалга оширилди. Ушбу тадқиқотда фойдаланилган намуналар Марокашдаги Office Chérifien de Phosphates палеонтология коллекциясида сақланмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG