Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:49

Қозоғистонда 60та шаҳарни сув босди


Ақтўбў шаҳридаги сув тошқини.
Ақтўбў шаҳридаги сув тошқини.

Қозоғистонда бир ҳафта муқаддам бошланган сув тошқинлари шу кунларда ҳам тўхтамагани хабар қилинмоқда. Маълумотларга қараганда Қозоғистоннинг 7 вилоятидаги 60та шаҳарни сув босган.

Қозоғистондаги сув тошқинлари оқибатида халқаро ва маҳаллий аҳамиятга эга юздан ошиқ трассани сув ювиб кетгани маълум қилинди.

Хабарларда табиий офат натижасида 6 одам ҳалок бўлгани айтилмоқда. Бироқ расмийлар ҳозирча бу маълумотни тасдиқламади. Шу кунларда ҳам аҳолини хавфсиз жойларга кўчириш ишлари давом этаётгани билдирилмоқда.

Ақмола вилоятида ўтган йили қурилган Отбосар дамбаси бузилиб, 269 турар – жой ва мактабни сув босди. Яна 130 бино сув остида қолиши мумкин. Бу ердан мингдан ортиқ одам бошқа жойларга кўчирилди.

- Бизнинг ҳокимият бу дамба аҳолини сув тошиқинидан сақлайди, деб ваъда қилган эди. Бу дамбани қандай қуришгани номаълум. У ердан бу ердан бир нималарни топиб келиб, қуриб қўйишганга ўхшайди. Дамбани қуришда бетон ишлатилмаган, - деди Қозоғистондаги маҳаллий телеканаллардан бирига сув босган ҳудудда яшовчилардан бири.

Қозоғистон бош вазири Бакитжан Сагинтаев ҳукумат йиғилишида Отбосардаги дамбани қайси ширкат барпо этгани ва уни қуришга қанча маблағ сарфлангани билан қизиқди. Бунга жавобан ички ишлар вазири Калмуханбет Касимов :

- Дамба қурилишига маҳаллий ҳукумат 200 миллион танга ажратган. Қурилиш ҳам маҳаллий ҳукумат томонидан олиб борилган. Ҳозир бу борада жиноят иши қўзғатилди, -деб жавоб берди.

Сув тошқини пойтахт Остонага яқинлашиб қолгани хабар қилинмоқда. Шунинг учун ҳам Остона сув омборидаги ортиқча сувни шаҳар четидаги ҳудуларга оқизиш бўйича чоралар кўрилаяпти.

Бир ҳафта муқаддам бошланган сув тошқини шу кунгача Ақтўбў, Қарағанда, Шимолий Қозоғистон, Ғарбий Қозоғистон, Қўстанай, Ақмўла, Павлодар вилоятларидаги қатор шаҳар ва қишлоқларга кириб келди.

-Уйимиз сув остида қолди, деворлари ёрилиб кетди. Энди қаерда яшаймиз. Билмаймиз, -дейди ақтўбўликлардан бири.

Интернетда тарқатилган видеотасвирларда Қозоғистоннинг сув қоплаган ҳудудларида қайиқларда сузиб юрган одамларни кўриш мумкин.

Мазкур ҳудудларда мактаблар, касалхоналар ва бошқа ижтимоий идоралар вақтинча ёпилди.

Табиий офат юзасидан тарқатилган турли хабарларда айтилишича, 8 мингга яқин одам уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Қозоғистонда деярли ҳар йили шу каби сув тошқинлари юз бериб туради.

XS
SM
MD
LG