Линклар

Россияда "Иегова шоҳидлари" диний ташкилоти фаолияти тақиқланди


Россия Олий Суди “Иегова шоҳидлари” диний ташкилотини экстремистик ташкилот деган хулоса чиқариб, ўз қарори билан мамлакатда ушбу диний мазҳаб фаолиятини бутунлай тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Адлия вазирлиги мурожаатига жавобан 20 апрель куни қабул қилинган қарор билан Россия қонунчилиги асосида илк марта бутун бошли давлат рўйхатидан ўтган диний ташкилот фаолияти тақиқланди.

Қарор айнан ташкилотнинг Санкт-Петербург шаҳридаги маъмурий қароргоҳига тегишли бўлса-да, унинг бутун мамлакатдаги фаолиятига дахл қилади. Суд гуруҳнинг мулкини мусодара қилишга ҳам буйруқ берди.

Россияда 170 минг издоши ва 395 та маҳаллий филиали борлиги айтилаётган ушбу мазҳаб вакиллари қарорни бекор қилиш учун курашмоқчи эканини маълум қилди.

“Иегова шоҳидлари” бошқа собиқ Совет республикаларида ҳам муаммоларга дуч келмоқда. Жорий ойнинг бошида 60 яшар киши устидан Қозоғистон пойтахтида суд бошланди ҳамда мамлакатнинг бош хавфсизлик хизмати уни “динлараро ва миллатлараро муросага путур етказувчи” ғояларни тарғиб қилишда айблади. Агар у айбли деб топилса, 10 йилга кесилади.

XS
SM
MD
LG