Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 15:07

ФСБ террорчиликда гумонланган Аброр Азимовнинг акаси Акромни ҳам қамоққа олди


ФСБ террорчи экакнини иддао қилаётган Акбаржон Азимов.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Москвада Петербург метросидаги портлашни уюштирганликда гумонланиб қўлга олинган Аброр Азимовнинг акаси Акром Азимов ҳам ушланганини маълум қилди. Азимовларнинг яқинларига кўра, Акром Азимов Ўшда жарроҳлик амалиётидан ўтган ва у операция қилинган куннинг эртасига оғир авҳолда қўлга олиниб, Россияга депортация қилинган.

Петербург метросидаги портлаш уюштирувчиси сифатида 17 апрель куни қўлга олинган Акбаржон Азимовнинг акаси Акромжон Азимов Москва яқинида ушлангани тўғрисида Федерал хавфсизлик хизмати 19 апрель куни расман маълумот берди.

“19 апрель куни Московский посёлкасида тергов қилинаётган жиноят ташкилотчиси Аброр Азимовнинг акаси -1988 йилда туғилган Акром Азимов қўлга олинди”, дейилади расмий маълумотда.

Федерал хавфсизлик хизматининг иддао қилишича, “Акром Азимов террорчилик ҳаракатини тайёрлаш учун ишлатилган маблағларни жўнатишда, шунингдек, халқаро террор ташкилотлари эмиссарлари билан алоқа каналини ташкил этишда кўмак кўрсатган”.

Азимовларнинг укаси Билолжон Озодлик радиоси мухбирига бошидаги ўсимтасини жарроҳлик йўли билан олдирган Акром Азимов операциядан бир кун ўтиб оғир аҳволда Ўшдан Россияга депортация қилинганини маълум қилди:

-Менинг акам Азимов Акром Ўшдаги “Ҳосият” клиникасида даволанаётган эди. У касалхонага 12 апрель куни ётган. 14 апрель куни операция қилинган.15 апрель куни уни касалхонадан операциядан кейинги оғир ҳолатда олиб чиқиб кетишган. Унинг ёнида пули ҳам, паспорти ҳам бўлмаган. Шундан кейин уйимизга орган ходимлари келиб, унинг ҳужжатларини олиб кетишган. Бундан ҳавотирланган бувим уни излаб Ўшга кетган ва адвокат ёллаган. Акамнинг дараги шу кунгача чиқмаган эди. Биз унинг Россия ватандоши эканидан келиб чиқиб, Россияга депортация қилишган деб таҳмин қилаётган эдик. Кейинги воқеаларни янгиликлардан билдик, - деди Билолжон Азимов.

Келиб чиқиши Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳридан бўлган Аброр Азимов 17 апрель куни Москванинг Одинцово туманида қўлга олинган эди.

Махсус хизматлар террор ҳужумини амалга оширгани иддао қилинаётган Россия ватандоши Акбаржон Жалиловни айнан Аброр Азимов тайёргарликдан ўтказган, деб гумон қилмоқда. Аброр Азимов ўзига билдирилган айбловни тан олмаётгани хабар қилинган.

Азимовларнинг онаси Вазира Мирзахмедова Жалолобод шаҳрида журналистларга берган суҳбатида ўғилларининг террорчи эканига ишонмаслигнини айтди:

-Мен ҳеч қачон бунга ишонмайман. Менинг болаларим, ҳатто, бир-бирлари билан ҳам жанжаллашган эмас. Бу бир “подстава” эканига ва ўғлим тез орада оқланиб, озод этилишига ишонаман,- деди Вазира Мирзахемдова.

3 апрель куни Петербург метросида содир этилган портлашда 14 одам ҳалок бўлган, 50 одам яраланган эди.

Мазкур портлаш ортидан Москва Петербургда келиб чиқиши марказий осиёлик бўлган 10 одам қамоққа олинди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Владимир вилоятида19 апрель куни ўтказилган аксилтеррор амалиёти пайтида бири 1991 йилда, яна бири 1987 йилда туғилган марказий осиёлик икки одам отишма пайтида отиб ўлдирилганини ҳам билдирган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG