Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:09

Федерал хавфсизлик хизмати Акбаржон Жалиловни худкуш террорчи деб тан олди ВИДЕО


Акбаржон Жалилов.
Акбаржон Жалилов.

Россиянинг ТАСС агентлиги Федерал хавфсизлик хизматига иқтибосан “Петербург метросидаги ҳужумни амалга ошириш учун худкуш террорчи Акбаржон Жалиловни тайёргарликдан ўтказган Аброр Азимов” қўлга олинганини маълум қилди. Федерал хавфсизлик хизмати бу баёнот билан 3 апрелдан бери биринчи марта Акбаржон Жалиловни гумонланувчи эмас, террорчи деб атади.

Москва вилоятининг Одинцово туманида Санкт-Петербург метросидаги террор ҳуружини уюштиришга алоқадорликда гумонланган яна бир марказий осиёлик қўлга олингани хабар қилинди.

Россия Федерал хавфсизлик хизматининг 17 апрель куни билдиришича, қўлга олинган шахс 1990 йилда туғилган Аброр Ахрорович Азимовдир. Федерал хавфсизлик хизмати Азимов Петербург метросидаги ҳужумни амалга ошириш учун уни тайёргарликдан ўтказган, деб гумон қилмоқда.

Федерал хавфсизлик хизмати томонидан Аброр Азимовни қўлга олиш жараёни акс этган видео ҳам тарқатилган.

Мазкур видеода махсус хизмат ходимлари Азимовдан тўппончани ва иккита смартфонни мусодара этаётгани акс этган. Видеода махсус хизмат ходимининг “Сизни нега қўлга олишгани ҳақида тахминингиз борми?” деган саволига Аброр Азимов қисқа қилиб “Ҳа”, деб жавоб берган.

Россия Тергов қўмитасининг расмий вакили Светлана Петренко “Террорчилик ҳаракати ташкилотчиларини аниқлаш бўйича ишлар давом этмоқда”, деб билдирди.

Терговчилар 27 яшар бу йигит Россия ватандошлигига эга эканини маълум қилмоқда. Ҳозирда Азимов Россия Тергов Қўмитасида сўроққа тутилаётгани маълум.

Сешанба, 18 апрел куни Москванинг Басманний туман судида Аброр Азимовни тергов якунига қадар ҳибсда қолдириш масаласи кўрилади.

Аброр Азимовни Одинцово туманида ҳибсга олиш жараёни
Аброр Азимовни Одинцово туманида ҳибсга олиш жараёни

Озодлик ўз манбаларидан террорчиликда гумонланаётган Аброр Азимов олдинроқ ҳибс этилган ўзбекистонлик идиш ювувчи Шоҳиста Каримова ва тожикистонлик ошпаз Содиқ Ортиқов билан "Лесное" кафесида бирга ишлаб келганини аниқлади. ФСБ Акбаржон Жалилов Петербург метросида портлаш уюштиришдан олдин Аброр Азимовга икки маротаба қўнғироқ қилгани сабабли уни жиноятга алоқадор, деб гумон қилмоқда.

Миллати ўзбек бўлган Аброр Азимов ҳам Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятида туғилган ва улғайган, 2013 йилда у қирғиз паспортидан воз кечиб, Россия гражданлигига ўтгани маълум.

Фсбчилар гўё Аброр Азимов бошқарилган гуруҳ бошқа портлашларни ҳам амалга оширишга ҳозирланганини хабар қилмоқда.

Шундай қилиб, Санкт-Петербург метросида 3 апрель куни амалга оширилган портлашга алоқадорликда гумон қилиниб қўлга олинганлар сони ўн кишидан ошиб кетди. Улардан 3 нафари Ўзбекистон ватандоши экани айтилмоқда.

6 апрель куни Тергов қўмитаси Санкт-Петербург метросидаги портлашларга алоқадорликда гумонланиб 6 одам қўлга олинганини маълум қилган эди. Уларнинг 6 нафари Петербургда, 2 нафари эса Москвада қўлга олингани хабар қилинган.

11 апрель куни Россия Миллий аксилтеррор қўмитаси йиғилишида Федерал хавфсизлик хизмати раиси Александр Бортников қўлга олинган шахслар яширин террорчи гуруҳлар аъзолари бўлгани тўғрисида маълумот берган.

“Улардан катта миқдорда қурол ва жароҳат етказувчи воситалар мусодара қилинди. Террор ташкилотчилари ҳамда уларнинг эҳтимолий ҳамкорларини қидириш ишлари давом этмоқда", деб билдирган Александр Бортников.

3 апрелда содир этилган Петербург метросидаги теракт натижасида 15 одам ўлган¸ 50 дан ошиғи жароҳат олган эди. Россия Тергов қўмитаси худкуш ҳужумчи деб келиб чиқиши қирғизистонлик, аммо Россия гражданлигига эга ўшлик Акбаржон Жалиловни эълон қилганди.

XS
SM
MD
LG