Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:27

Прокуратура мулозими: Сурхондарëда 23 та боғча фоҳишахонага айлантирилгани аниқланди


Сурхондарёда кундузи болалар жисмоний жазоланадиган, тунда эса фоҳишахонага айланадиган боғчалар билан боғлиқ мавзуни ўрганишда давом этар экан, Озодлик мухбирлари бу ҳодиса бутун вилоят бўйлаб тарқалганини аниқлади.

Озодлик суҳбатлашган мулозимлар Сурхондарë вилояти мактабгача таълим муассасаларида қўшмачилик¸ фоҳишахона ташкил қилиш бўйича қатор фактлар юзасидан текширувлар бораëтганлигини айтишди.

Боғча-притонлар занжири

Сурхондарë вилоят прокуратурасидаги исми сир қолишини истаган мулозимнинг айтишича¸ тунда фоҳишахонага айланадиган боғчалар сони матбуот ëзганидек тўртта эмас:

- Вилоятдаги 290 та боғчадан 23 та си текширилганида, уларнинг ҳаммаси тунда фоҳишахонга айлантирилгани ва боғча ходимларининг қўшмачилик қилгани аниқланди. Булар Термиз шаҳрида 2 та боғча¸ Денов¸ Ангор¸ Жарқўрғонда ҳам 2 тадан¸ Шеробод¸ Музробод ва Қумқўрғонда ҳам бор. Бу 23 та боғчада, асосан, фоҳишахона ташкил қилиш ва қўшмачилик жинояти аниқланди. Деновдаги боғчада эса тарбиячилар тарафидан болаларни таҳқирлаш холати ҳам аниқланган¸ деди мулозим.

Стол муштлаш тадбири

Сурхондарë вилоят ҳокимлигидаги мактабгача таълим муассасаларини назорат қилувчи мулозимнинг айтишича “тунда фоҳишахонага айланиб кундузи болалар таҳқирланадиган” боғчалар масаласи 5 март куни ҳокимиятнинг махсус йиғилишида кўриб чиқилади:

- Халқ таълими бошқармаси бошлиқлари¸ вилоят ташкилотлари раҳбарлари МХХ¸ ИИБ ва прокуратура вакиллари қатнашади. Мана, қўлимда мажлис режаси турибди. Демак, 3 март кунига қадар салбий ҳолатлар аниқланган 23 та боғчадан 20 тасининг мудираси ишдан олинди. Фақат Қумқўрғондаги иккита боғча мудираси касаллик таътилида бўлгани учун аризаси олинмади. Яна декретга чиққан мудирлар ҳам ҳали ишдан олинмади.¸ деди суҳбатдош.

Мудира ишдан бўшамоқчи эмас

Озодлик ўз суриштируви давомида Денов туманининг 10- боғчасидаги болаларнинг тарбиячилар томонидан калтакланиб, таҳқирлангани ошкор бўлиб, боғча тарбиячилари судланганидан сўнг ҳам мудира ўз вазифасида қолаëтганини аниқлаб ëзган эди.

Озодлик билан суҳбатлашган ота-оналар боғча опаларнинг тинимсиз қўрқитиш ва жисмоний жазоларидан сўнг айрим болалар соғлиғини йўқотганини айтиб, болалар “разборка қилинадиган” боғча мудираси нега ишдан олинмади¸ деган савол қўйишди.

Сурхондарë вилоят ҳокимлигидаги мулозим бу масалага ҳам аниқлик киритди:

- 10- боғча мудираси Сайëра Турдиевага биз "ўз аризанг билан ишдан кет", деб айтдик¸ лекин у ариза ëзмади. 5 март куни уни намойишкорона бўшатамиз, деб катталар маслаҳат қилди. Лекин боғчадаги қўлига пичоқ олиб болаларни даҳшатга солаётган Саломат Каримова устидан 22 февралда ҳукм ўқилди. Уч йил берилди. У ўз ишидан пушаймон. Денов туман жиноят ишлари суди битта тарбиячи ва иккита тарбиячининг ëрдамчиси устидан ҳукм чиқарди. Демак, Каримова Саломат 3 йил¸ Дилмуротова Дилноза ва Сатторова Зарина устидан 2 йил озодликдан маҳрум қилиш ҳукми чиқди. Иккитаси жазони ўташга кетди. Сатторова Заринанинг жазони ўташи 3 ойга кечиктирилди. Боласи 3 ëшга тўлгач¸ Заринани ҳам қамоққа олиб кетишади¸ деди суҳбатдош.

Бундан олдин Сурхондарë маҳкамаси боғчани фоҳишахонага айлантирган қоровуллар Мусаев Муҳиддин ва Аллаёров Рустамларни ҳам 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.

Тарбия масканини исловотхонага айлантирган боғча мудирларига бошқарма соябон бўлдими?

Озодлик жорий ҳафтада “фоҳишахонага айлантирилган” боғчалар воқеаси ортидан Денов туман халқ таьлими бўлими мудири Сувонов Ҳайдар Умарович ишдан бўшатилганини ëзган эди.

Бугунги суриштирув жараëнида Ҳайдар Сувонов “ўз аризасига кўра” ишдан кетгани аниқланди.

20 та боғча мудиралари ҳам “ўз аризасига кўра” ишдан кетишган.

Сурхондарë вилоят прокуратурасидаги исми сир қолишини истаган мулозимнинг айтишича¸ Сурхондарë вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиқлари вазиятни хаспўшлашга уринмоқда:

- Нима дегани бу ўз аризасига кўра ишдан бўшаш? Демак, улар "не при чем" бўлиб, сувдан қуруқ чиқдими? Бошқарма ўз ходимларига ғамхўрлик қилиб, улардан ариза олиб вазиятдан қутултирмоқчи. Бу принципиал нотўғри ëндашув. Уларни статья билан ишдан бўшатиш лозим эди¸ деди прокуратура вакили.

Ўзбекистон халқ таълим вазирлиги мулозимлари ҳам бу масалага бефарқлигини намойишкорона таъкидламоқда.

Вазирликнинг Мактабгача таълим муассасалари бўлими мулозимлари 1 март куни Озодлик мухбирига бу воқеадан бехабарлигини айтган бўлса¸ 3 март куни воқеа борасида “в курсе” экнлигини айтиш билан кифояланишди.

Тармоқни ларзага солган “притон боғча” видеоси

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Сурхондарёнинг Денов, Ангор ва Термиз шаҳарларидаги болалар боғчаларида тунги пайтларда қўшмачилик ва фоҳишахона сақлаш фаолияти юритганлик ҳолатлари акс этган висдеотасвир муҳокама қилинмоқда.

Бу видеолавҳа ўтган йилнинг ноябрида Сурхондарëдаги боғчаларда олиб борилган ИИБ тадбирлари материалларига асосланган.

Видеолавҳада Сурхондарёнинг Денов, Ангор ва Термиз шаҳарларидаги боғчаларнинг кечқурунлари фоҳишахонага айлангани акс этган.

Боғча қоровуллари болалар дам оладиган хонани пул эвазига жинсий хизмат кўрсатадиган аëлларга бергани ушбу видеолавҳада кўрсатилади.

XS
SM
MD
LG