Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:10

GM-Uzbekistan Россияда йўқотгани пулини қайтариб олиши мумкин


Россияда банкрот деб эълон қилинган “УзДЭУавто-Воронеж” ширкати қарзлари яна 9,56 миллиардга кўпайиб, жами 21 миллиард рублдан ошиб кетди. Воронеж Арбитраж суди қарорига кўра, энг катта қарз берувчи ташкилот - “Женерал Моторс Ўзбекистон” “УзДЭУавто-Воронеж”ни банкрот қилишни назорат этиб боради.

“УзДЭУавто-Воронеж”нинг қарзлари 21 миллиард рублдан ошди

Uz-Daewoo ширкатининг Россиянинг Воронеж шаҳрида жойлашган ягона дистрибьютори - “УзДЭУавто-Воронеж”ни банкрот этиш бўйича ишлар давом этмоқда.

Воронеж вилоят Арбитраж суди куни кеча чиқарган қарорида “УзДЭУавто-Воронеж”нинг қарзи яна 9,56 млрд рубл (~162 млн. АҚШ доллари-таҳр.) га ошганини қайд этди. Суд ширкатнинг навбатдаги қарзи GM Uzbekistan автоконцернига тегишли эканини эътироф қилмоқда.

Воронеж вилоят Арбитраж суди расмийси Юлия Игнатова Озодлик Радиоси сўровига GM концерни кредитлари қарздор ширкатнинг умумий қарзи ҳажмидан 50 фоиздан ошгани сабабли,GM Uzbekistan банкротлик ишининг асосий назоратчиларига айланганини тасдиқлаб берди.

Шу тариқа, “Женерал Моторс Ўзбекистон”, “УзДЭУ Авто-Уфа”, Россия Федерал Солиқ хизмати, “Зенит” банки, “Автолига-Уфа” МЧЖ ва бошқа қатор ташкилотлар талаблари асосида, дистрибьютор “УзДЭУавто-Воронеж”нинг жами қарзлари ҳажми 21 миллиард рубл ёки 356 миллион АҚШ долларидан ошиб кетиши мумкин.

“УзДЭУавто-Воронеж” устидан назорат амалиёти 2016 йилнинг 19 августида Санкт-Петербургнинг “Альга-РЭП” ОАЖи ташаббуси асосида суд қарори билан жорий этилган.

2016 йилнинг декабрида GM Uzbekistan компанияси суд ҳукми орқали “УзДЭУавто-Воронеж” ширкати вақтинчалик вазифасини бажарувчи Роман Богунга қарз берувчилар биринчи йиғилишини ўтказишни тақиқлаган эди, зеро GM қарздор ташкилотга 9,5 миллиард рубл миқдорида даъво талаблари қўяётганини эълон қилганди.

Воронеж вилоят Арбитраж суди жорий йилнинг январида“УзДЭУавто-Воронеж”нинг бош директори Игорь Давидовга компаниянинг молиявий аҳволи таҳлилини ўтказиш учун зарурий бўлган барча ҳужжатларни вақтинчалик бошқарувчи Роман Богунга тақдим этишни буюрди.

“УзДЭУавто-Воронеж”га кредит берган қатор банклар ва ташкилотлар компания сунъий равишда ва атайлаб банкрот қилинаётганини тахмин қилди. Бунинг ортидан, 2016 йил охирларида Роман Богун бу масала юзасидан махсус тафтиш ўтказиб, “УзДЭУавто-Воронеж” ширкатининг тарқатилишида “сунъий банкротлик аломатлари мавжудлиги” тўғрисида қарор чиқарган.

"Корхона тақдирини қарз берганлар ҳал этади!"

Астанадаги Евроосиё университети доценти, иқтисодчи Сапарбой Жубаев ўзини банкрот, деб эълон қилган тузилманинг кейинги тақдирини, қонунга кўра, унга қарз берган ташкилотлар, банклар ва ширкатлар ҳал этишини гапиради.

- “УзДЭУавто-Воронеж” Ўзбекистондан машина сотиб олиш учун шу банк ва ташкилотлардан қарз олган. Ширкат Ўзбекистонга маблағни конвертация қилиб, машина сотиб олган. Энди машинани сотиб, қайтариб берай деса, пули йўқ. Чунки Россияда пул қадрсизланиб кетди. Шунда, кредиторлар йиғилиб, ташқаридан бошқарувчи қўйди. Декабр ойларида бу қарз берганлар “Йиғиламиз, корхонани банкрот қиламизми, сотамизми”, деб қарор қабул қилмоқчи бўлганида, Ўзбекистоннинг “AVTOSANOAT INVEST”и “Биз ҳам машина берганмиз!”, деб ўзини қарздорлар қаторига қўшиб қўйишни талаб қилади. Шу тариқа, кредиторлар йиғилишига “AVTOSANOAT INVEST” ҳам қўшилади, деди Сапарбой Жубаев.

Таҳлилчи корхоналарнинг банкрот бўлишининг турли сабаблари бўлиши мумкинлигини ҳам таъкидлаб ўтди.

Сапарбой Жубаев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:41 0:00
Бевосита линк

У одатда, кредит тўлашга, реконструкцияга, маош тўлашга ёки товар ё хом ашё сотиб олиш имкони қолмаган ташкилотлар ўзларини банкрот деб эълон қилишини айтади.

“Шунингдек, ширкатлар солиқ тўламаслик ёки бошқа тўловлардан қочиш учун ёҳуд эгасини ўзгартириш учун сунъий равишда ўзларини банкрот қилиши ҳолатлари ҳам учраб туради", дея қўшимча қилди иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев.

"Банкротлик процедураси энди ярмига етди!"

Озодлик билан суҳбатда, “УзДЭУавто-Воронеж”нинг собиқ бош директори Игорь Давидов ширкатга қўйилаётган талабларнинг асосий қисми асоссиз эканини таъкидлаб, деди:

- Тўғри, талаб қилинаётган кредитлар миқдори шунчани ташкил этиши мумкин. Аммо, уларнинг асосий қисми ўйлаб топилган, чунки ҳамма максимал талабларини, истаганини қўяди. Лекин бу “жами қарзларимиз шунча экан”, дегани эмас! Суд кўриб чиқади ва улар талаб қилаётган суммани камайтиради ёки умуман бекор қилиши мумкин. Банкротлик жуда мураккаб ва майда иш: қарздорлар рўйхати тузилиши давом этмоқда. Ҳамма қарздорлар аниқлангандан кейин биринчи йиғилиш ўтказилади. Ҳозирча банкротлик процедураси энди ярмига етди, деди Игорь Давидов.

СПАРК-Интерфакс келтираётган маълумотларга кўра, “УзДЭУавто-Воронеж” Ўзбекистоннинг “Ўзавтосаноат” Акциядорлик компаниясининг AVTOSANOAT INVEST ташкилотига тегишлидир. Ҳозирда AVTOSANOAT INVESTнинг Ўзбекистондаги автомобил заводидаги улуши 75 фоизни, АҚШнинг General Motors(GM)и эса – 25 фоизни ташкил этиши маълум.

GM Uzbekistan автоконцернининг собиқ директори, "Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик компанияси раисининг собиқ муовини Тоҳиржон Жалилов
GM Uzbekistan автоконцернининг собиқ директори, "Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик компанияси раисининг собиқ муовини Тоҳиржон Жалилов

Uz-Daewooнинг дилерлик тармоқлари ва автосалонларига янги автомобиллар етказиб бериш 2015 йилдан буён амалга оширилмаётгани айтилган.

“УзДЭУавто-Воронеж” дистрибьюторлик ширкати собиқ эгадоши Тоҳиржон Жалилов автомобил савдоси бозоридаги фирибгарликда айбланиб, Ўзбекистонда тергов остида қолаётгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Озодлик манбаларига кўра, Жалилов GM Uzbekistan корхонаси ишлаб чиқарган машиналарни Россияга эскпорт қилишда ноқонуний схемалар ёрдамида катта миқдордаги маблағларни ўзлаштиришда гумонланмоқда.

Жалиловдан ташқари яна камида 10 одам, жумладан унинг ўғли ҳам қўлга олиниб, тергов қилинаётгани хабар қилинди.

XS
SM
MD
LG