Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:48

Самарқандлик банкир ўзи ишлайдиган банкни куппа-кундузи тўнади


Шавкат Мирзиёев раҳбарларга хос калондимоғлик ва қоғозбозликни қоралади. “Кафеда бомба бор” дея ёлғон хабар берган тошкентлик фуқаро жазоланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Шавкат Мирзиёев халқдан узилиб қолган раҳбарларни номма-ном танқид қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев айрим идоралар ва уларнинг раҳбарлари реал ҳаётдан ва халқ эҳтиёжларидан узилиб қолганини танқид қилди (“Халқ сўзи”, 16 январь).

Вазирлар Маҳкамасининг йил якунига бағишланган кенгайтирилган мажлисида маъруза қилган Президент аксар раҳбарлар мураккаб муаммоларни кабинетдан чиқмасдан, ҳақиқий аҳволни чуқур ўрганмасдан ҳал этишга одатланиб қолганини қайд этди. Шунингдек, раҳбарларга хос баланд димоғлик, қоғозбозлик, сансалорлик каби қусурларга эътибор қаратди.

Маъруза асносида давлат раҳбари Бош вазир ўринбосарлари Р.Азимов, Ғ.Ибрагимов, У.Розуқулов, А.Икромов, Маданият ва спорт ишлари вазири Б.Аҳмедов, Иқтисодиёт вазири Г.Саидова, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Э.Ғаниев, Меҳнат вазири А.Абдуҳакимов ва бошқаларнинг фаолиятига доир катта-кичик камчиликларни санаб ўтди.

Масалан, соғлиқни сақлаш борасида сўз бораркан, қишлоқларда 2500 нафар врач етишмаслиги, тиббий хизмат савияси пастлиги боис ҳар йили 30 мингдан зиёд ўзбекистонлик хорижда даволанишга мажбур бўлаётгани ва шифокорлар орасида тамагирлик жинояти кўп учраётгани танқид қилинди.

“Фақатгина “ғалаба рапортлари” билан, шунингдек, муаммоларга умуман алоқаси йўқ, ўз орзу-истагидаги мавҳум нарсаларни ҳақиқат деб кўрсатадиган шахслар томонидан тайёрланган ахборотномалар билан чекланиб қолиш мумкин эмас” дея катта-кичик раҳбарларни огоҳлантирди Ўзбекистон Президенти.

Самарқандда ўзи ишлайдиган банкни ўмарган банк бошқарувчиси 7 йилга кесилди

Республикада фаолият юритаётган банклардан бирининг Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги бошқарувчиси бир қатор жиноятларда айбланиб маҳкамага тортилди (“Ҳуқуқ”, 19 январь).

Исми ошкор этилмаган банк мансабдори ўнлаб фуқаролар томонидан омонат сифатида банкка топширилган 152 миллион сўм маблағни ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан ўзлаштирган.

“Катта миқдордаги текин пуллар жиғилдонига мойдек ёқаётган бошқарувчи” кредит тўлови сифатида топширилган миллионлаб маблағни ҳам талон-тарож қилган. Бундан ташқари, мансабдор банк хазинасида сақланаётган 362 миллион сўм ва 63,5 минг АҚШ долларини қопларга жойлаб олиб чиқиб кетган. Банк бошқарувчиси амалга оширган жиноятларни узоқ давом эттириш мумкин", деб ёзади газета.

Банк мансабдори 7 йил озодликдан ҳамда 3 йил раҳбар лавозимидан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

“Кафеда бомба бор” дея ёлғон хабар берган қассоб жазоланди

Ички ишлар бўлимига Тошкентдаги кафелардан бирига бомба ўрнатилгани ҳақида ёлғон хабар берган фуқаро Анвар Ражабов жаримага тортилди (“Даракчи”, 19 январь).

Бу ҳақда газетага Тошкентдаги кушхонада ишловчи қассоб А.Ражабовнинг ўзи маълум қилган. Улфатлар билан кафеда ўтириб маст ҳолда уйига қайтгач, А.Ражабов 102 телефонига қўнғироқ қилиб ўша кафега портловчи модда қўйилганини айтган.

Шундан кейин ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари айтилган манзилга етиб борган. Кафедаги ва ён-атрофда яшовчи аҳолининг тинчини бузган бу хабар эса ёлғон бўлиб чиққан.

Қайд этилишича, ёлғон хабар боис хавфсизликка масъул тегишли гуруҳлар жалб этилиб, 10-15 миллион сўм сарфланган.

Қассоб А.Ражабов милицияга улфатларини қойил қолдириш учун ҳазиллашиб телефон қилгани ва қилмишидан пушаймон эканини билдирган.

XS
SM
MD
LG