Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:15

Мирзиёев Каримовнинг қарорини ўзгартирди, ўринбосарларга бошқа вазифа топширди


Ўзбекистоннинг барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида ҳокимнинг иқтисодий ислоҳотлар ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг 14 январь куни бўлиб ўтган кенгайтирилган мажлисида маълум қилди.

Бу ҳақдаги қарорни Президент 2016 йил 22 декабрда имзолагани тўғрисида маҳаллий нашрлар хабар қилди.

Шундай қилиб, Шавкат Мирзиёев ўз қарори билан Ислом Каримовнинг ўтган йилги қарорини бекор қилди.

Ислом Каримов 2016 йил, 24 февралда имзолаган қарори билан таъсис этилган ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозимини эгаллаб турган мулозим маъмурий масалалар, ҳуқуқ-тартибот, ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва ёшлар сиёсати билан шуғулланиши лозим эди.

Эндиликда, яъни янги Президентнинг қарори билан барча вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари иқтисодий ислоҳотлар ва тадбиркорлик масалалари билан шуғулланади.

Шавкат Мирзиёев ўз қарорини қабул қилишда “ҳокимликларнинг тузилмасини ишлаб чиқишда тўпланган тажриба ҳамда бир қатор вилоятлар ҳокимларининг таклифлари”ни ҳисобга олганини айтди.

Президент, шунингдек, чегарага яқин 80 та туманда ҳокимнинг махсус ёрдамчиси лавозими киритилгани, жами 739 та қўшимча штат ташкил этилганини хабар қилди.

Ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари нима билан шуғулланишларини мамлакат раҳбари ўз нутқида аниқ-тиниқ айтди: улар иқтисодий ислоҳотлар ва тадбиркорлик масалалари билан шуғулланади. Бундан биринчи ўринбосар тадбиркорнинг ҳимоячиси, деган мантиқ келиб чиқади.

Хўш, янги ўринбосарлар тадбиркорни ҳимоя қила оладими? Агар андижонлик тадбиркор Рафиқ Исроиловнинг кўргиликлари эсланса, ҳозирча бу саволга “Ҳа”, деб жавоб бериш мушкул.

Биринчи ўринбосарлар зиммасига ортилган яна бир юк

Афтидан ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари аҳолини иш билан таъминлаш масаласини ҳам шахсан назорат қилади.

Мирзиёев ўз нутқида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласида қўшиб ёзиш ҳолатлари мавжудлигини тан олди, бу муаммоларга барҳам бериш бутун Макроиқтисодиёт комплекси ва шахсан меҳнат вазирининг биринчи даражали вазифасига айланиши керак эканлигини таъкидлади ва аҳолини ишга жойлаштиришнинг бир “моделини” айтиб бердики, нутқнинг ўша парчасини айнан келтирамиз:

Ишга жойлаштиришнинг Мирзиёев модели

“Аниқ бир мисол билан ушбу муаммони ҳал этишнинг реал йўлини айтмоқчиман. Андижон вилоятининг аҳоли зич жойлашган Олтинкўл туманида 7 та касб-ҳунар коллежи бор, уларни бу йил турли мутахассисликлар бўйича 2 минг 300 нафар битирувчи тамомлайди. Туман ҳудудида 714 та хўжалик юритувчи субъект, жумладан, саноатда – 371 та субъект, қурилишда – 167 та субъект, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида – 156 та субъект ва бошқа ташкилотлар фаолият кўрсатади.

Тумандаги ҳар бир хўжалик субъектига ўртача 3 нафар битирувчи тўғри келади.

Туманда бюджетдан ойлик оладиган иқтисодий комплекс ташкилотларидаги жами 400 нафар ходим ушбу корхоналарнинг самарали ишлашига амалий ёрдам берса, масалан, кимгадир кредит, яна кимга хомашё ёки малакали маслаҳат билан кўмаклашса, бу ишни бемалол бажарса бўлади. Агар ана шу 400 нафар одам ойига биттадан иш ўрни ташкил этишга кўмаклашса, бир йилда 4 минг 800 та янги иш жойига эга бўлиш мумкин”, деди Шавкат Мирзиёев.

Иш ўринлари ташкил қилишнинг Шавкат Мирзиёев таклиф қилган усули
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:00 0:00
Бевосита линк

Яна ҳашарми?!

Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ мулозими, иқтисодчи Сапарбой Жубаев, Президентнинг бу гапини шарҳлар экан, “400 киши янги иш жойи яратиш билан шуғулланадиган бўлса, уларнинг ишни ким қилади?!”, деб хайрон бўлди.

Агар Мирзиёев келтирган мисол “модел”дан келиб чиқилса, ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари бундан буён бюджетдан ойлик оладиган иқтисодий комплекс ташкилотлари раҳбарларидан ҳар ойда (чоракда, йилда...) неча кишини ишга жойлаштиргани тўғрисида ҳисобот йиғиш билан шуғулланади.

Қамчи ёки ширин кулча

Президент ўз нутқида ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари учун жазо ёки мукофот механизми белгиланганини ҳам айтиб ўтди. Бу механизм ўта жўн: биринчи ўринбосарлар янги иш ўринлари яратиш юзасидан тасдиқланган кўрсаткичларни, ҳар ой якунига кўра бажарилишини таъминлаган тақдирда, уларнинг иш ҳақига 20 фоиз қўшимча қўшиш билан рағбатлантирилади. Ана шу кўрсаткичлар бажарилиши таъминланмаса, аксинча, уларнинг иш ҳақидан 20 фоиз ушлаб қолинади.

Худди шундай жазо ва рағбатлантириш ҳокимларнинг ўзига нисбатан ҳам қўлланилади – фақат 15 фоиз даражасида.

XS
SM
MD
LG