Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:16

Мирзиёев туғилган Зомин туманида "Оқ масжид" қурилмоқда


Жиззах вилоятининг Шавкат Мирзиёев туғилиб ўсган Зомин туманида қурилаётган масжид сурати
Жиззах вилоятининг Шавкат Мирзиёев туғилиб ўсган Зомин туманида қурилаётган масжид сурати

Жиззахнинг Шавкат Мирзиёев туғилиб ўсган Зомин тумани марказида муҳташам масжид қурилмоқда. Зоминликлар орасида "Оқ масжид" номини олиб улгурган янги бино камида 13 асрлик тарихга эга бўлган қадамжо - "Хожа қаҳҳор вали" комплексига кирувчи эски "Холид ибн Болид" масжиди ёнида қурилмоқда.

Зоминликлар янги масжидни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қурдирмоқда, деб ишонмоқда.

Туман ҳокимлигида ишлайдиган мулозим қурилиш ой бошида бошлангани, объект тўрт тарафидан тўсиб қўйилганини айтди. Бу мулозимнинг исми ва мансаби ошкор қилинмаётир.

"Мен бозор куни (якшанба куни - таҳр.) ўша жойда бўлдим. Қурувчилар якшанба куни ҳам ишлаб ётибди. Бир ойга етиб қолди, қурилишлар зўр кетаяпти. Ҳамма томонини ўраб қўйишган, лекин", деди маҳаллий мулозим.

​Озодлик сўрови билан Зомин шаҳарчасига борган жиззахлик фаоллардан бири янги масжид қурилаётган майдон атрофи тўлиқ ўраб олингани, қурилиш ҳудудидига ҳеч ким киритилмаётганини айтди:

"Ҳеч кимни яқинлаштирмаяпти. Ўша эски масжид ўрнида қурилаяпти экан. Ўша ерда яшайдиганлар кириб турган кичкинагина масжид. Қурилишга 3 гектарча жой ажратилган, дейишди. Лекин мен қурилиш ҳақида аниқ маълумот ололмадим, чунки маҳаллий аҳоли ёки ҳокимият идоралари умуман аралаштирилмаяпти".

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда янги қурилаётган масжидга тегишли кўрилган фотосурат тарқалди. Суратда икки минораси, битта гумбази, улкан хонақоҳ ва катта саҳни бўлган муҳташам масжид акс этган.

Унинг айнан Зоминда қурилаётган масжидга тегишли эканини тасдиқлаган ва Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали боғланган зоминликлардан бири маҳаллий аҳоли Тошкентдаги "Минор" масжидига қиёслаб, ҳозирданоқ буни "Оқ масжид" деб атай бошлаганини ёзди.

Зомин тумани маҳаллий ҳокимият идораларидан биридан олинган маълумотга кўра, янги масжид қурилиши январь ойи бошида бошланган ва уни Наврўз байрами - 21 мартга қадар битириш кўзланмоқда.

Масжид қурилиши учун сарфланаётган маблағ эса, маҳаллий расмийларга кўра, Тошкентдан ажратилмоқда.

"Зомин тумани, Жиззах вилояти ҳокимлиги, умуман, аралашаётгани йўқ. Бизни объектнинг ичига киритишмаяпти ҳам. Пул ҳам, қурилиш материаллари ҳам тўғри Тошкентдан келаяпти. Ўша "Холид ибн Болид" масжиди ўрнида қурилаяпти", деди маҳаллий расмий.

Озодликка маълум бўлишича, Наврўз байрамига битказиш учун шиддат билан олиб борилаётган қурилиш майдони нафақат Зомин тумани, балки Жиззах вилоятидаги қадимий тарихий обидалар жойлашган ҳудуддадир.

"Холид ибн Болид" масжиди эса, айрим манбаларда айтилишича, тарихи эрамиздан аввалги VII-V асрларга боғланган Зомин тумани марказидаги "Хожа қаҳҳор вали" қадамжоси комплекси таркибига киради.

Жиззах вилоятидаги сайёҳларни жалб қилиш мумкин бўлган тарихий ёдгорликларга қаратилган илмий ишлар, жумладан, Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институтида ҳозирланган илмий тадқиқотларда «Холид ибн Болид» (аслида Холиб ибн Волид бўлиши лозим - таҳр) масжидининг 15-асрда қурилгани, Ўзбекистон мустақиллиги йилларида таъмирлангани айтилган.

Озодликнинг қурилиш ҳудуди яқинига борган манбаси, ҳозирча эски масжиднинг қурилиш майдони ўртасида ўраб қўйилгани¸ тез орада унинг бузилишидан хавотирлар борлигини айтди.

"Шу эски масжид ҳам бузиларкан, дейишаяпти. Лекин, қурилиш ҳақида Зоминда ҳеч ким, ҳеч нима билмаяпти", деди қурилиш жойига борган Озодлик манбаси.

Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институтида ҳозирланган илмий тадқиқотларда айтилишича, Зомин туманидаги "Хожа қаҳҳор вали" қадамжоси туман марказидаги "Холид ибн Болид" масжиди, халқ орасида муқаддас саналган ва ёши 2000 йилдан ошиқ, деб ишонилган "Боботут" дарахти, ёши бир неча минг йиллик, деб ишонилган бир неча улкан харсанг тошлардан иборатдир.

XS
SM
MD
LG