Линклар

АҚШ ва Британия матбуоти: Россия Трампга қарши компромат тўплаган


АҚШ Федерал қидирув бюроси президент Барак Обама ҳамда сайланган президент Дональд Трампга Россия разведка агентликлари Трампга иснод келтириши мумкин бўлган шахсий ва молиявий маълумотларни қўлга киритгани ҳақида билдирган. Бу ҳақда 10 январь куни АҚШ ҳамда Британия матбуоти хабар тарқатди.

Хабарларга кўра, ФҚБ ҳали тасдиқланмаган ушбу иддаоларни етатлича ишончли, деб баҳолаган ва уларни тафтиш қилишга қарор қилган.

Трампнинг ўзи эса бу иддаоларни рад этди.

11 январь куни Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Кремлда Трамп бўйича ҳеч қандай обрў тўкадиган ҳужжатлар йўқлигини айтиб, бу гаплар “мутлақ фантазия” маҳсули эканлигини таъкидлади.

Мазкур иддаолар 2016 йилги АҚШ президентлик сайловида Россия аралашгани ҳақидаги иддаолар бўйича тайёрланган икки саҳифали ҳужжатнинг иловасида келтирилган. CNN тарқатган маълумотга кўра, Илова ўта мунозарали бўлгани учун у фақат Обама, Трамп, ҳамда АҚШ Конгрессининг саккиз аъзосигагина кўрсатилган холос. The New York Times, Reuters, AP ва бошқа хабар агентликлари ҳам исми ошкор қилинмаган АҚШ расмийларига таяниб, шунга ўхшаш хабарларни тарқатди.

Трампнинг ўзи эса бунга жавобан Twitterда “Сохта хабар – сисёсий жодугар ови!” деб ёзди.

Сайланган президентнинг матбуот котиби Келлиэнн Конвей NBC телеканали билан суҳбатда ҳисоботда ёзилган ҳеч нима тасдиқланмаганини айтди.

“Уларнинг барчаси исми ошкор қилинмаган, очиқланмаган манбалардир”, деди котиб.

Бу айбловлар Трамп президент этиб сайланганидан кейин ўтказадиган илк матбуот анжумани олдидан тарқалди. Анжуман давомида Трамп 20 январда президент курсисига ўтирганидан кейин ўзини бизнес қизиқишларидан қандай йироқлаштиришни режалаштираётгани ҳақида билдириши кутулмоқда.

Ушбу иддаоларни аввалига исми ошкор қилинмаган МИ-6 агенти тўплаган. CNNга кўра, АҚШ разведка хизмати ходимлари бу шахснинг аввалги ишлари ишончли, деб ҳисоблайди. Мазкур шахс 1990 йилларда Россияда ишлаган ва ҳозирда маълумот тўпловчи хусусий ширкатга етакчилик қилади.

Агентнинг тафтишларини бошида Трампнинг республикачи рақиблари молиялаштириган. Трамп партия номзодлигини қўлга киритганидан кейин, демократик номзод Ҳиллари Клинтонни қўлловчилар ҳам молиявий кўмак берган.

Ҳисоботда Россия хавфсизлик хизмати “Трампни Москвадаги ҳаракатлари бўйича уни шантаж қилишга етадиган маълумот тўплаган”, дейилади.

Ҳисоботда иддао қилинишича, Кремль Трамп 2013 йилда Москвага борган пайтида фоҳишалар билан бирга тасвирга олинган видеосини қўлга киритган.

Ҳисоботда яна Трампнинг ишончли одамлари сайлов кампанияси давомида Россия ҳукумати расмийлари билан мунтазам алоқада бўлгани таъкидланади.

Ҳисоботга кўра, Путин ҳукумати узоқ йиллар давомида Трампга ўз таъсирини ўтказиш йўлини излаган. Трамп кўчмас мулк ишлари бўйича музокаралар олиб бориш ҳамда ўзи маълум муддат етакчилик қилган “Жаҳон мисси” гўзаллик танловида иштирок этиш учун Москвага тез-тез бориб турган.

Россия Давлат Думаси депутати Николай Ковалёв мамлакатда Трампни обрўсизлантирадиган ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтди.

Интерфакс агентлиги билан суҳбатда Ковалёв “Бу ерга гўзаллик танлови ўтказиш учун келган одам ҳақида иснодли маълумот тўплашга кимам қизиқарди?”, деди. “Профессионал тажрибамдан келиб чиқиб, Россия бундай ишларга қўл урмаслигини айта оламан”.

Россияда расмийларни ёки сиёсатчиларни қийин аҳволга солиш учун уларнинг ошкора видеоларини жамоатчиликка сиздириш ҳоллари учраб туради.

XS
SM
MD
LG