Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:44

И.Ҳошимжонов: М-39 автойўли очилиши ўзбек-қозоқ дўстлигини янада мустаҳкамлайди


Қозоғистон Республикаси ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжонов.
Қозоғистон Республикаси ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икром Ҳошимжонов.

Қозоғистонлик ўзбеклар 2006 йилда ёпилган М-39 автойўли жорий йил февралида қайта очилишини хушхабар ўлароқ қабул қилмоқдалар.

Қозоғистон Республикаси ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов фикрича, халқ орасида “Бетонка” деб аталган мазкур автотрассанинг қайта очилиши ўзбек ва қозоқ халқи орасидаги дўстликни янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.

- Чегара албатта ҳар икки томондан бекатлаб қўйилади. Лекин, биласизми, бу халқларнинг орасини фақат Яратганнинг ўзи бўлмаса, бандаси бўлолмайди. Бизнинг вилоятдан жуда кўп юртдошларимиз Самарқанд, Бухоро, Хивага боради, Остона ва Олмаотадан келган биродарларимиз билан ўтган йили ҳам мана шу шаҳарларга саёҳатга чиққанмиз. 110 километр масофани қисқартириб, мана шу “Бетонка” очиладиган бўлса, бу халқимизнинг қувончи, деб биламан, - деди Икромжон Ҳошимжонов.

"Бетонка" номи билан машҳур Тошкент-Жиззах магистраль йўлининг Қозоғистон жанубий ҳудудларидан кесиб ўтувчи қисмини февраль ойида очишга оид қарор Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ерик Утембаев ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг махсус тошпириқлар бўйича элчиси Илҳом Неъматов ўртасида бўлиб ўтган учрашувда олинган. Жанубий Қозоғистон вилоят ҳокимиятида олдинги ҳафта ўтказилган бу учрашувдаҚозоғистон бош вазирининг инвестициялар ва тараққиёт масалалари бўйича ўринбосари Роман Скляр ва вилоят ҳокими Жансеит Туймебаев ҳам иштирок этган.

Унда икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш қабатида М-39 автойўлининг Қозоғистон жанубидаги Пахтаорол тумани ҳудудидан ўтувчи қисмини фойдаланишга топшириш ва бу жойда назорат-ўтказиш маскани қуриш масаласи ҳам қаралган. Учрашув иштирокчиларига кўра, бу йўлнинг очилиши ҳар икки давлат ватандошлари учун қулайлик яратади. Хусусан, қозоқ элчиси Утембаев бугунги кунда тошкентликлар Самарқандга Жиззах орқали 89 километрлик айланма йўл орқали ўтишга мажбур бўлаётганини урғулади.

- Фойдаланишга топширилганидан сўнг янгиланган йўл 65 километрга қисқаради. Бу эса икки давлат ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланишига ҳамда савдо-сотиқ ва туризм ривожланишига ёрдам беради. Бундан ташқари, Ўзбекистон пойтахти Тошкент ва Жанубий Қозоғистон вилояти ўртасида алоқа кучаяди, деб умид қиламан, - деди элчи Утембаев.

М-39 трассаси Олмаотадан – Термизгача давом этиб, умумий узунлиги 808 километрни ташкил қилади.

Трасса Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг бир неча вилоятлари ҳудудидан ўтади.

Қозоғистон Республикаси ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов иддаосича, ўзбек-қозоқ алоқалари Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг дўсти бўлган Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов даврида ҳам яхши бўлган. Ҳошимжонов икки давлат ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий алоқалар президент Шавкат Мирзиёев даврида янада ривожланади, деган умидда.

- Мен ўйлайман, Шавкат Мирзиёев бугунги кунда қўшни давлатлар билан алоқани яна ҳам кучайтиради, бир-бирларига бўлган меҳрни очади. Асосан, бугунги кунда мана шу чегара бекатларидан юртдошларимиз қийналмасдан, тезроқ ўтишига имконият яратиладиган бўлса, мана шунинг ўзи халқимизнинг кўнглидаги гап ва амалий иш бўлади, деган сўзни айтаман, - деди Икромжон Ҳошимжонов.

XS
SM
MD
LG