Линклар

Ўш воқеаларида айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Азимжон Асқаров ишини қайта кўриб чиқаётган Чуй вилоят судидаги маҳкама жараёни ниҳоясига етмоқда. 10 январь куни ўтган жараёнда Азимжон Асқаровга сўнгги сўз берилди. Суд ҳукмни 17 январда эълон қилишини билдирди.

Судда сўнгги сўзини сўзлаган Азимжон Асқаров 7 йилдан бери ўзи ва у билан бирга судланган 7 одам нима учун қамоқда ўтирганини ҳануз тушунмаганини айтди:

-Юздан ортиқ қуролланган жигит Бозорқўрғонга келди ва орадан бир неча соат ўтгач улар 430та уйга ўт қўйди. Бозорқўрғонни йўқ қилиш учун юзлаб одамлар келди.Биз 8 одам нима учун қамоқда ўтирибмиз? Бизнинг миллатимиз ўзбек бўлгани учунми? Биз ўз кўчамизни, ўз уйимизни, ўз фарзандларимизни ва аёлларимизни ҳимоя қилганимиз учунми? –деди Асқаров.

Сўнгги сўзида ҳуқуқ фаоли ўзига нисбатан жиноят иши сохталаштирилганини, фақат милиционерлардан иборат бўлган айблов томони гувоҳлари ёлғон кўрсатмалар берганини айтди. Асқаровга кўра, у Бозорқўрғон туман милициясида 7 одамнинг қийноқлардан ўлганини фош этгани учун ундан ўч олинган.

“Агар прокурорлар бу бандитларни мана шу тарзда ҳимоя қилишда давом этса, Бозорқўрғон милициясида одамларни ўлдириш давом этади”, деган Асқаров ўз сўзида давом этар экан ўзини ёлғон детекторида текширишларини талаб қилди:

-Яна бир бор айтаман, агар ёлғон детектори полиграфида айбдор эканим исботланса, оммавий равишда менга нисбатан олий жазо қўлланишини илтимос қиламан. Агар айбдорлигим тасдиқланмаса, менга нисбатан ишни сохталаштирган ва ёлғон кўрсатма берган гувоҳларга жиноят иши очилсин, -деди Асқаров.

Ўтган йилнинг октябридан бери ҳар сешанба куни ўтказилаётган суд жараёнида адвокатлар Асқаровга нисбатан тергов пайтида қийноқлар қўлланилгани, унинг айбсиз экани исботланганини айтиб, суддан Асқаровни БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси қарорига асосан қамоқдан озод этишни талаб қилиб келдилар.

Прокурорлар эса гувоҳлар ва далиллар воситасида Асқаровнинг айбдор экани тасдиқланганини айтиб, унга нисбатан умрбод қамоқ жазоси ҳукмини сақлаб қолишни талаб қилмоқда. Прокурорлар Асқаровнинг елғон детекторида текширилиш талабига қарши чиқиб келмоқда. Уларга кўра, бундай жараён Қирғизистон жиноят қонунчилигида белгиланмаган.

-Қирғизистон халқаро ташкилотлар олдидаги мажбуриятларини бажармаса, вазиятдан фойдаланиб БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига, Хавфсизлик кенгашига мурожаат қиламан. Қирғизистондаги этник асосдаги жиноятларни ўрганувчи махсус орган тузишни талаб қиламан. Қирғизистон ҳукуматига энг қаттиқ санкцияларни жорий этишга чақираман. Агар суд адолатли қарор чиқармаса, бундан бошқа иложим йўқ, -деди Асқаров.

Шундан сўнг суд ҳукм 17 январь куни ўқилишини билдириб, танаффус эълон қилди.

Жорий йилнинг апрель ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Асқаров ишини ўрганиб чиқиб, қирғиз ҳукумати Асқаровни зудликда қамоқдан бўшатиши шарт, деган қарорни чиқарган эди.

Шундан сўнг 12 июлда Қирғизистон Олий суди Асқаровга нисбатан иккинчи ва учинчи суд инстанциялари чиқарган умрбод қамоқ жазосини бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқиш учун Чуй вилоят судига жўнатган.

Халқаро ташкилотлар Асқаровга нисбатан жиноят иши сохталаштирилганига ишонилишини айтиб келадилар ва Қирғизистон ҳукуматини 6 йилдан бери ҳуқуқ фаолини қамоқдан озод этишга чақириб келмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG