Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:53

2016 йилда дунё бўйлаб 48 журналист ҳалок бўлди


2016 йил 20 июнда Киевда портлаган ушбу машина ичида журналист Павел Шеремет бўлган.
2016 йил 20 июнда Киевда портлаган ушбу машина ичида журналист Павел Шеремет бўлган.

Жорий йилда ишини бажараётиб ҳалок бўлган журналистлар сони 48 нафарга етди. Бу ўтган йилги рақамдан 24 нафарга камроқ, аммо уруш жабҳаларидан туриб хабар бериш ҳар доимгидек хавфли. Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг 19 декабрь куни чиқарган ҳисоботида билдирилган асосий хулоса шу.

Қўмита 2016 йилнинг 1 январидан 15 декабригача нобуд бўлган яна 27 журналист ўлимининг касбий фаолиятига алоқасини аниқлашга уринмоқда. Қолган ҳоллар эса муайян методологияга кўра обдон текширилиб тасдиқланган.

Нобуд бўлганларнинг ярмидан зиёди айнан можаро майдонида ўлган. Беш йилдан буён Сурия мухбирлар учун энг хатарли ҳудуд бўлиб қолмоқда. У ерда жорий йилда камида 14 журналист ҳалок бўлди. Бу 2015 йилги рақам билан баравар. Ҳаммаси бўлиб Суриядаги уруш камида 107 журналист ёстиғини қуритди. Бундан ташқари Ироқ, Яман, Афғонистон ва Сомали ҳам матбуот ходимлари учун энг хавфли мамлакатлардир.

Собиқ совет республикаларини оладиган бўлсак, 2016 йил июль ойида Украина пойтахти Киевда журналист Павел Шеремет автомобили портлаши натижасида нобуд бўлди. Украина расмийлари воқеага Шеремет касбий фаолияти сабаб бўлган, дея тахмин қилди. Тафтиш давом этмоқда. Жавобгарлар аниқланганича йўқ.

"Камроқ журналист ҳалок бўлгани қувонарли ҳол, албатта. Бу рақамнинг камайиши айбдорларни жазога тортиш нақадар муҳимлигидан далолат беради. Аммо урушни ёритаётган журналистлар сони ҳануз жуда кўп, бу эса ҳозирги можаролар ниҳоятда шафқатсиз эканини англатади", - деди ташкилот раҳбари Joel Saymon.

Одатда ўлдирилган журналистларнинг учдан икки қисми касбий фаолияти деб нобуд бўлади. 2016 йилда эса бундайлар сони учдан бир қисмни ташкил этди.

Қўмитага кўра, жорий йилда 18 журналист ўлдирилган. Бу 2002 йилдан буён энг паст рақам. Бунинг аниқ сабаби маълум эмас, аммо ҳисобот муаллифлари тахминича, бир нечта омил бунга сабаб бўлган. Жумладан, муҳаррирларнинг мухбирларни хавфли ҳудудларга юбормаётгани, журналистларнинг нозик масалаларни ёритишдан ўзини тийиши ва айни вақтда ҳукуматларнинг журналистларни ўлдиришни буюриш ўрнига бошқа йўл билан жазолашни танлаётгани.

Нобуд бўлганларнинг 75 фоизи айнан урушни ёритган. Уларни йўқ қилаётганлар қаторида сиёсий гуруҳлар ва хусусан "Исломий давлат" тўдаси ҳам бор.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси бу изланишни 1992 йилдан бери олиб боради. Методологияга кўра, ўлими ҳақиқатан ҳам касбий фаолиятини амалга ошираётганида рўй берган ҳолларгина ҳисоботда акс этади. Касаллик, табиий фалокат ва автомобиль ёки самолёт ҳалокатларида нобуд бўлганлар ундан ўрин олмайди.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти ҳам 19 декабрь куни айни шу мавзуда ҳисобот чиқарди. Ундаги рақамлар Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасиникидан фарқ қилади. Бу ташкилотга кўра, тугаётган йилда 74 нафар профессионал ва нопрофессионал журналист ҳалок бўлган. Бу рақам ҳам ўтган йилгидан пастроқ. 2015 йилда мазкур кўрсаткич 101 одамга тенг эди.

XS
SM
MD
LG