Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:14

Ўзбекистон хабарлари

Каримов ишдан ҳайдаган Абдулла Арипов Бош вазир лавозимига тавсия қилинди

Ўзбекистон парламентда кўпчилик ўринга эга бўлган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Бош вазир лавозимга Абдулла Арипов номзодини тавсия қилди.

12 декабрь кунги партия йиғилишида иштирок этган Озодлик манбасининг айтишича¸ Абдулла Арипов катта тажрибага эга мутахассис сифатида Бош вазир лавозимига бир овоздан тавсия қилинганлигини билдирди.

Куннинг иккинчи ярмига бориб O‘zLiDeP матбуот хизмати​ Абдулла Орипов тавсия қилинган мажлис ҳақида маълумот берди.

Бош вазир лавозимига кимни тайинлаш масаласи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 13 декабрь кунги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тавсия қилинган Абдулла Ниғматович Арипов шу йилнинг 13 сентябрида муваққат президент Шавкат Мирзиëев имзолаган фармон билан Бош вазирнинг ўринбосари лавозимига тасдиқланган эди.

Арипов 2012 йили айнан шу лавозимдан, телекоммуникация соҳасидаги коррупция жанжали ортидан ишдан олинган эди.

Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов фикрича, “порахўрлик жанжали фигурантининг ҳукуматга қайтарилиши ва Бош вазир лавозимига тавсия қилиниши ëмон сигналдир”.

Абдулла Арипов 2002 йил май ойидан то 2009 йил октябригача Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг раҳбари бўлиб,. 2009 йилдан 2012 йилгача эса Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг чет эл ширкатларидан Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун пора олгани билан боғлиқ жанжал ҳам ўша пайтда коммуникация соҳасини назорат қилган мулозим Арипов исми билан боғланади.

Швеция прокуратураси апелляция судига тақдим қилган TeliaSonera масъул ходимларининг ўзаро ёзишмаларида ширкат масъуллари Ўзбекистонда бизнес бошлашдан аввал Гулнора Каримова билан контакт ўрнатишга уринганига ишора қилади.

Бу ёзишмалардан маълум бўлишича, TeliaSonera ижрочиси Эско Ритконен Ўзбекистон расмийлари билан музокара қилиш учун Тошкентга келиши керак бўлган. Бунда Марказий Осиёда бизнес юритиш тажрибасига эга бўлган Элден Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг ўша пайтдаги раҳбари Абдулла Арипов билан учрашишдан аввал Гулнора Каримова билан келишиб олиш лозимлигини маслаҳат қилади. "Чунки, деб ёзади у, ўта агрессив тип бўлган Арипов рус иневесторлари тарафдоридир".

TeliaSonera собиқ раҳбарига қўйилаётган айбловлар мазкур ширкатнинг Ўзбекистонда бизнес қилиш имконияти эвазига бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганига доир тергов билан боғлиқдир.

Бу ишни тергов қилаётган Швеция прокуратураси Коррупцияга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Гуннар Стетлернинг Озодликка айтишича¸

"TeliaSonera бўйича тергов билан боғлиқ жараëн Абдулла Арипов раҳбар бўлган даврни қамрайди. Ариповнинг имзосини айни ишга оид кўп ҳужжатларда кўриш мумкин".

Бу ишга оид Халқаро матбот назарига тушган тафсилотлар ортидан 2012 йилда Арипов ишдан олиниб, устидан жиноят иши очилгани ҳақида Ўзбекистондаги Узметроном интернет нашри хабар берган эди.

2012 йилда ўзининг “ишончли манбаларига” таянган ҳолда хабар қилган Узметроном нашрига кўра, Абдулла Ариповга, жумладан, “Ўздунробита” ширкатига қўшимча ретрансляторлар ўрнатиш учун ноқонуний рухсатномалар берганлик айби қўйилган.

2013 йилга келиб Абдулла Арипов устидан жиноий иш тўхтатилди ва собиқ мулозим Тошкент алоқа коллежида оддий ўқитувчи сифатида яна Бош вазир ўринбосари қилиб тайинланган 2016 йилнинг 13 сентябргача ишлаб юрди.

Таҳлилчи Алишер Илҳомов Озодлик билан суҳбатда ҳукуматга қайтарилган собиқ мулозим ўз вақтида бир имзо билан мамлакат ҳазинасини йиллик бюджетнинг 7 фоизи миқдоридаги пулдан махрум қилганлигини иддао қилди:

- Ўз вақтида "Такилант" ва "Свисдорн" каби номи бору ўзи йўқ оффшор ширкатларга мобил алоқа лицензияси берилишини таъминлаган ва пировардида бу лицензияларни реал мобил операторларига сотиб Ўзбекистон қонунчилигини қўпол бузган мулозим ҳукуматга қайтарилди. Ариповнинг бу қилмиши оқибатида давлат хазинаси бир миллиард АҚШ долларига яқин маблағдан маҳрум бўлди. Бу сумма Ўзбекистон йиллик бюджетининг 7 фоизини ташкил этади. Ëки соғлиқни сақлашга бюджетдан ажратилган пулнинг 50 фоизи демакдир. Бу мулозимни ишига қайта тиклаган Мирзиëев ўз навбатида бу қилмишлар учун маъсулиятни бўлишади. Албатта, Мирзиëевнинг 2012 йили Арипов ишдан олинган вақтда ҳам Бош вазир бўлгани боис¸ у шундоғам бу иш учун қисман жавобгардир. Мирзиëев Абдулла Ариповни ишга тиклагани АҚШ судида кўрилаëтган масалага ҳалақит беради. Ўзбекистон ҳукумати коммуникация ширкатлари тарафидан пора сифатида олиниб ҳозир музлатилган бир миллиард долларни АҚШ суди орқали қайтариб олмоқчи. Пора олди-бердисида исми кечган мулозимнинг яна Бош вазир ўринбосари бўлиши пулни бюджаетга қайтариш шансларини камайтиради¸ дейди Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов.

Шу билан бирга Илҳомов Абдулла Ариповнинг телекоммуниация соҳасида тажрибали мутахассис эканлигини ҳам эътироф қилди.

Арипов билан боғлиқ жанжалларни ëритган ўзбекистонлик журналист Сергей Ежков ҳам унинг касбий маҳорати ҳақида гапириб¸ Мирзиëев уни шу боис бугунгача асраб келганини таъкидлаган эди.

- У Ўзбекистондаги телекоммуникация модернизациясини бошлаб берган эди. Мирзиëев уни мутахассис сифатида қадрлаб келажак учун асраб қўйган эди¸ деган эди суҳбатдош.

Кун янгиликлари

“Крокус”га ҳужум қурбонлари сони 143 нафарга етди

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 27 март оқшомида Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залига ўтган жума куни амалга оширилган ҳужум қурбонлари рўйхатини янгилади. Янгиланган рўйхатда 143 кишининг исм-фамилияси зикр этилган. Аввалроқ ҳужум натижасида 140 киши ўлгани маълум қилинган эди.

Қурбонлар рўйхатига исми қўшилган уч киши ҳужумда жароҳат олган кишиларданми ёки янги жасадлар бевосита теракт жойидан топилганми - ҳозирча бу ҳақда маълумот берилгани йўқ.

ФВВ сайтидаги рўйхат дастлабки маълумотлар асосида шакллантирилгани, унга “суд-тиббий текширувлар маълумотларига кўра” тузатишлар киритилиши мумкинлиги айтилган.

“Крокус”га ҳужум 22 март оқшомида амалга оширилган эди. Ўша пайтда бинода 6 мингдан зиёд одам бўлган. Қуролланган бир гуруҳ одам бинода йиғилганларни автоматик қуролдан ўққа тутган ва бинога ўт қўйган. Одамлар автомат ўқлари ва ёнғин туфайли тутундан бўғилиб, жон таслим қилганлар.

Россия ФВВ ходимлари 26 март куни куйиб кулга айланган “Крокус Сити Холл” вайроналари остидаги ишлар якунига етказилгани ҳақида билдирган эдилар. Уларга кўра, айни пайтда у ерда янги жасадларни қидириш ишлари олиб борилаётгани йўқ.

Қозоғистон Энергетика вазирлиги Ўзбекистонга транспортировка қилинаётган Россия гази ҳажми уч баравар ошишини билдирди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Қозоғистон ҳудуди орқали транспортировка қилинаётган Россия гази ҳажми жорий йилда 2023 йилга нисбатан қарийб уч баравар ошади. Бу ҳақда ТАСС агентлигига Қозоғистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилган.

Газпром” очиқ акциядорлик жамияти ва Қозоғистон Республикаси ҳукумати ўртасида имзоланган стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома доирасида Ўзбекистонга 2023 йили етказиб берилган 1,28 миллиард куб метрлик Россия гази йиллик транспортировка ҳажмини 2024 йилда 3,8 миллиард куб метргача ошириш белгиланган”, дея билдирганлар Қозоғистон Энергетика вазирлиги вакиллари.

Ўзбекистон 2023 йилнинг октябридан Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали импорт қилишни бошлаганди.

Ўзбекистоннинг 2024 йил биринчи чорагига мўлжалланган инвестиция дастурида Россиядан табиий газ импорти ҳажмини ошириш мақсадида магистрал газ тизимини модернизация қилиш режалаштирилгани қайд этилган.

Озодлик март ойи бошида “Путиннинг бир қўлидан иккинчи қўлига. "Газли" омбори Фозиловга ўтди” деб номланган суриштирувни эълон қилган.

Суриштирувда Ўзбекистон энергетикасининг де-факто қиролига айланган Бахтиёр Фозилов эндиликда мамлакат газ-транспорт тизимининг "юраги" саналган "Газли" газ омборини ҳам қўлга олгани айтилади.

Украинадаги уруш ортидан юзага келган янги геосиëсий реалликда Россия газ қувурлари ўтувчи Қозоғистон ва Ўзбекистон билан "Газ иттифоқи" деб аталган махфий келишув имзолади, Ўзбекистонга 2.8 миллиард куб метр газ импорт қилиш иддаоси билан бу қувурларни реверс режимида ишга туширди.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозиргача 2023 йил 7 октябрь - Путиннинг туғилган кунида тантана билан старт берилган бу келишув ортидан қанча газ, қанча нархда импорт қилинганига оид бирор маълумотни очиқламаган”, дейилган Озодлик суриштирувида.

Ўзбекистон икки ойда хорижга 1,32 млрд долларлик олтин сотди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистон хорижга 1 миллиард 317 миллион 800 минг долларлик олтин экспорт қилган. Бу ўтган йилнинг дастлабки икки ойида сотилган олтин қийматидан 11,5 фоизга кўпдир.

Статистика агентлиги ҳисоботида кўрсатилишича, 2023 йил январь-февралида мамлакат четга 1 миллиард 182 миллион долларлик олтин сотган эди.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон ўтган йил мобайнида жами 25 тонна олтин сотиб, энг кўп олтин экспорт қилган мамлакатлар орасида иккинчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар қилган эди.

Шунингдек, олдинроқ Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари жорий йилнинг январь ва февраль ойларида 2,37 миллиард долларга камайгани билдирилган.

Марказий банк қайдича, 2024 йилнинг 1 март ҳолатига кўра олтин-валюта захиралари 32 миллиард 195 миллион 800 минг долларни ташкил этган.

МБ жорий йилнинг 1 январь ҳолатига мазкур кўрсаткич 34 миллиард 564 миллион 700 минг долларга, 1 февраль ҳолатига эса 33 миллиард 415 миллион долларга тенг бўлганини маълум қилган эди.

Йил бошидан буён 163 нафар ўзбекистонлик Туркияга киритилмаган

Истанбул халқаро аэропортидаги табло (архив сурати)
Истанбул халқаро аэропортидаги табло (архив сурати)

Жорий йилнинг январь-февраль ойлари мобайнида Ўзбекистон фуқароларидан 163 нафари Туркияга киритилган эмас. Бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси бу кишиларнинг 54 нафари муқаддам Туркияга келиб, қонунбузарлик содир этгани учун киришига тақиқ қўйилган шахслар эканига эътибор қаратган.

Бош консулхона бугунги кунда Туркияга кириш ва чиқиш чегара пунктларида ички ишлари органлари ходимлари томонидан мамлакатга келаётган хорижликлар қаттиқ текширилаётгани, мазкур амалиёт доирасида Истанбул халқаро аэропортида асосан 20-35 ёшдаги хорижликларга нисбатан назорат тадбирлари кучайтирилганини урғулаган.

Ўзбек дипломатларига кўра, текширувлар чоғида ўз хатти-ҳаракати билан шубҳа уйғотган шахслар билан миграция хизмати ходимлари томонидан суҳбат ўтказилиб, шахсий уяли телефонлари текширилиши ҳолатлари ҳам учраяпти.

Терроризм, одам савдоси ва бошқа жиноятларга алоқадорликда гумонланганлар, тақиқланган товарларни олиб ўтишга уринган шахслар “Туркияга кириши исталмаган йўловчи” сифатида баҳоланиб, Туркия ҳудудига киритилмасдан мамлакатига қайтариб юборилмоқда”, дейилган бош консулхона хабарномасида.

Дипломатик ваколатхона ўз мурожаатномаси сўнгида ўзбекистонликлардан Туркиядаги қонунларни ҳурмат қилиб, уларга тўлиқ риоя этишларини сўраган, олдин қонунбузарлик содир этиб депорт қилинган фуқаролардан эса Туркияга кириш тақиқи бор-йўқлигини Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси ва Самарқанддаги консулхонасидан ўрганган ҳолда келишни тавсия қилган.

Миграция агентлиги Россияда юрган ўзбекистонликларни огоҳлантирди

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси биноси (архив сурати)
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси биноси (архив сурати)

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияга бораётган ёки чиқиб кетаётган ёхуд Россия ҳудудида юрган ўзбекистонликларни 22 март куни Москва вилоятида рўй берган террор хуружи туфайли бутун мамлакат бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилаётганидан огоҳлантирди ва улардан мазкур хавфсизлик чоралари талабларини инобатга олган ҳолда ҳаракатланишни сўради.

Хусусан, шахсни тақдиқловчи ва мамлакатда бўлиш ёки ишлаш ҳуқуқини бурувчи ҳужжатларни ўзлари билан бирга олиб юриш, жамоат жойларга сабабсиз бормаслик, нотаниш ёки шубҳали инсонлар билан мулоқотга киришмаслик, телефон ва бошқа қурилмаларда тақиқланган фото, аудио ва видео материалларни сақламаслик, сафар режалаштирилган бўлса, вокзал ёки аэропортга белгиланган вақтдан олдинроқ бориш кабилар тавсия қилинади”, дейилган Ташқи миграция агентлиги хабарномасида.

Агентлик Россиядаги ўзбекистонликларга бирор муаммога дуч келган тақдирда ёки ўзларини қизиқтирган бошқа саволлар билан Ўзбекистоннинг консуллик идораларига ёки Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасига мурожаат қилиши мумкинлигини эслатган.

Жорий йилнинг 22 март оқшомида камуфляжли бир неча киши Москва четидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида одамларни ўққа тутган. Шундан сўнг портлаш содир бўлиб, кучли ёнғин бошланган. Террор хуружи натижасида ҳалок бўлганлар сони, сўнгги маълумотларга кўра, 139 нафарга етган, камида 180 киши тан жароҳати олган.

Мозаик паннолар маданий мерос объекти ўлароқ қўриқланади

Тошкентда оқ ранг билан бўяб ташланганидан сўнг қайта тикланган мозаик панно (архив сурати)
Тошкентда оқ ранг билан бўяб ташланганидан сўнг қайта тикланган мозаик панно (архив сурати)

Ўзбекистоннинг саккиз вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳридаги жами 160 чоғли мозаика композицияси, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 25 мартидаги қарорига кўра, монументал санъат ёдгорлиги ўлароқ Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилди.

Ҳукумат қарорида бу ишни амалга оширишдан мақсад “моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ҳамда турар ва нотурар жойлардаги санъат ёдгорликларини тартибга солиш ҳамда давлат муҳофазасига олиш, мозаика, панно ва тасвирий санъат асарларини ҳар томонлама ўрганиш, сақлаш ва улардан оқилона фойдаланиш”, шу билан биргаликда, Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини оширишда “тасвирий санъат асарларининг ўрни ва аҳамиятини ошириш учун шарт-шароитлар яратиш” экани урғуланган.

Қарорга мувофиқ, бинолар деворларига ишланган мозаика композициялари белгиланган тартибда давлат кадастрига киритилиб, мозаикали биноларнинг кадастр ҳужжатига мазкур объектлар маданий қийматга эгалиги тўғрисида тегишли ёзув киритилади.

Аввалроқ Ўзбекистондаги айрим бинолардаги мозаик паннолар бўяб ташланиши ёки уларга шикаст етказилиши каби ҳолатлар кузатилган. Бу ҳолатни вандализм дея баҳолаган жамоатчилик фаоллари расмийларни бинолар деворларидаги тасвирий санъат намуналарини муҳофаза қилишга чақиришган эди.

Бинолардаги мозаик панноларни муҳофаза қилишга оид ҳукумат қарори ўзбек расмийлари “Бухоронинг тарихий ҳудудида бузиш ва қуриш ишларини олиб бормаслик юзасидан ЮНЕСКОга берган ваъдасини бузган”и юзасидан танқидлар янграётган бир пайтда чиқарилди.

12 яшар қизчани зўрлашга уринган ўқитувчи 8 йилга қамалди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 25 март куни жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди 66 ёшли мусиқа ўқитувчиси А. С.ни жинсий тажовузда айбдор деб топиб, уни 8 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари Телеграм-канали маълумот тарқатди.

Хабарномага мувофиқ, нафақахўр ўқитувчи Ўзбекистон Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган.

Унинг мусиқадан сабоқ бериш асносида 12 яшар қизга икки йил мобайнида тегажоғлик қилиб келгани, ҳатто ўтган йилнинг май ойида зўрламоқчи бўлгани айтилмоқда.

Тошкентлик мусиқа ўқитувчиси Александр Султанов 12 яшар ўқувчисини зўрлашга урингани ҳақида ўтган йил август ойида Nemolchi.uz лойиҳаси маълумот тарқатган эди. Мазкур хабар ортидан унинг бошқа бир ўқувчиси Nemolchi.uz билан боғланиб, мусиқа ўқитувчиси унга нисбатан ҳам жинсий зўравонликни амалга оширганини айтиб берган.

Тошкентда иситиш мавсумини 26 мартдан якунлаш режаланмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон пойтахтида 26 мартдан эътиборан 2023-2024 йилги иситиш даври якунланиши кутилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ўз хабарномасида Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлидаги “Коммунал хизматлар кўрсатишни тасдиқлаш қоидалари тўғрисида"ги 194-сонли қарорига асосан иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8 даражадан юқори бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан тамомланиши белгиланганини эслатган.

Ҳокимлик мазкур қарорга таянган ҳамда Тошкент шаҳар гидрометеорология марказининг маълумотларини ҳамда ўртача суткалик ҳарорат 10 даражадан юқори бўлаётганлигини инобатга олган ҳолда, сешанбадан бошлаб иситиш даври якунланишини маълум қилган.

Аввалроқ Veolia Energy Tashkent ширкати 2023-2024 йилги иситиш мавсуми тугаганидан бир кун ўтиб аҳоли учун иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти хизматлари тарифларини ошириш режалангани ҳақида маълумот тарқатган эди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Тошкентда иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти хизматлари тарифлари 27 мартдан эътиборан оширилишини тахмин қилиш мумкин.

БМТ қорақалпоқ фаолларига бошпана бўйича Остонага мурожаат қилди

Қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратов (Ақилбек Муратбай).
Қорақалпоқ фаоли Ақилбек Муратов (Ақилбек Муратбай).

Бирлашган миллатлар ташкилотининг (БМТ) Қозоғистондаги ваколатхонаси қорақалпоғистонлик беш нафар бошпана сўровчи билан боғлиқ вазият юзасидан Остонага мурожаат қилди.

БМТнинг Қозоғистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси идораси қозоқ расмийларини қорақалпоғистонлик фаолларнинг бошпана тақдим этишга оид аризасини кўриб чиқиш миллий ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига мувофиқ равишда ўтказилишига кафолат беришга чақирган. БМТ вакилларининг мазкур мактуби матни халқаро ва Қозоғистон ОАВ томонидан чоп этилган.

БМТ хатида қорақалпоғистонлик фаоллар Жангелди Жақсимбетов, Райса Худайбергенова, Зиуар Мирманбетова ва Тлеубике Юлдашева 2022 йилда қўлга олингани ҳамда Ўзбекистоннинг экстрадицион сўрови асосида 12 ой давомида Қозоғистондаги тергов ҳибсхоналарида сақлангани қайд этилган. Бу тўрт кишининг барчаси Қозоғистонда ўзларига бошпана беришга оид илтимоснома ёзганлар. Маҳаллий ижроия органлари бу илтимосномаларнинг ҳаммасига рад жавобини берган ва айни пайтда бу иштимосномаларнинг рад этилиши юзасидан судларга шикоят аризаси киритилган.

Хат муаллифлари ўзига бошпана бериш тақдим этилишига оид илтимосномаси билан шу йил февралида Олмаотада қўлга олинган фаол ва ҳуқуқбон Ақилбек Муратов (Ақишбек Муратбай) мурожаат қилганини маълум қилишган. Муратов Олмаота полицияси томонидан халқаро қидирувга берилган шахс ўлароқ Тошкент сўровига кўра қўлга олинган эди. У февраль ойи ўрталаридан бери Олмаотадаги тергов ҳибсхонасида тутиб турилибди.

БМТ ваколатхонаси хатида “бошпана бериш носиёсий гуманитар ҳаракат” экани урғуланган. Баёнотда Қозоғистон ҳукумати ҳеч бир шахс, Қозоғистонга қандай йўл билан киргани ёки қўлида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бор-йўқлигидан қатъи назар “ирқи, дини, фуқаролиги, муайян ижтимоий гуруҳга ёки сиёсий қарашга мансуб бўлгани учун ҳаёти ёки эркига таҳдид бўлган” бошқа мамлакат ҳудудига бадарға қилинмаслиги ёки қайтарилмаслигини таъминлашга чақирилган. Бундай қайтарилиш, хат муаллифларининг огоҳлантиришларича, “мамлакатдан чиқариб юбормаслик тамойилининг бузилиши” дея қаралиши мумкин. Хат нусхаси Ақилбек Муратбайнинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёйинланган.

БМТнинг Қозоғистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси идораси хати 18 март куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига юборилган, шунингдек, у Қозоғистон Олий суди ва Бош прокуратураси дохил қатор инстанцияларга йўлланган.

Ўша куннинг ўзида, яъни 18 март куни Олмаотадаги прокуратура Ақилбек Муратбайга нисбатан у қўлга олинган 15 февралдан бошлаб 12 ойга экстрадицион ҳибсга олиш чорасини қўллаш қарорига келган. 20 март куни Олмаота тергов суди прокуратура илтимосномасига кўра Муратбайнинг ҳибсда қолиш муддатини 2025 йилнинг 15 февралигача узайтириш ҳақида қарор чиқарган.

Қорақалпоғистонлик бошпана сўровчилар билан боғлиқ вазиятни ёритиб келаётган Diplomat нашри Қозоғистонда бошпана тақдим этиш бўйича сўровномаларни рад этиш амалиёти мавжудлигига эътибор қаратган.

Словакия ва Венгрия Украинага снаряд етказишдан бош тортди

"Вишеград тўртлиги" Прага шаҳридаги учрашувда, 2024 йилнинг 21 марти
"Вишеград тўртлиги" Прага шаҳридаги учрашувда, 2024 йилнинг 21 марти

Чехия, Польша, Венгрия ва Словакия лидерлари ўртасида Прага шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласида принципиал қарама-қаршиликлар юзага келди. “Вишеград тўртлиги” деб аталувчи бу гуруҳ одатда ўзаро манфаатли масалаларда якдиллик кўрсатишга интилиб келади. Бироқ ҳозирги пайтда Венгрия ва Словакия Украина учун артиллерия снарядлари сотиб олиши керак Чехия бошчилигидаги альянсга қўшилишни истамаяпти.

Польша 18 та мамлакат қаторида бу ташаббусни катта иштиёқ билан дастакламоқда, дея қайд этган “Евроньюс”. Нашр мақоласида Польша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорскийнинг сўзлари келтирилган. У ўқ-дори ташаббуси учун Чехия Республикасига миннатдорлик изҳор қилиб, Варшава нафақат лойиҳани молиялаштиришга, балки самарали логистикани ташкил этишга ҳам ўз ҳиссасини қўшишдан мамнун бўлиши билдирган.

Россия қўшинларининг Украинага бостириб киришини қоралаш билан бир қаторда Венгрия ва Словакия мамлакатлар ўз миллий манфаатларини биринчи ўринга қўйиш лозимлигини айтишмоқда. Дейлик, Словакия ташқи ишлар вазири Юрай Бланар ўз ҳамкорлари ва иттифоқчиларига: “Биз ўз миллий манфаатларимиз учун курашишимиз керак. Словакия Россиядан келадиган газ ва ядровий ёқилғига жуда муҳтож”, дея билдирган.

Ўтган ҳафтада Германия ва Франция ҳам Чехия схемасига ўз ҳиссаларини қўшишларини билдиришган эди, бироқ канцлер Олаф Шольц ўз мамлакати Украинага узоқ масофали ракеталар йўлламаслигини урғулаган.

Наврўз куни ўзбек-қозоқ чегарасида тиқилинч кузатилди

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги "Қоплонбек-Ақжўл" назорат-ўтиш маскани (архив сурати)
Ўзбек-қозоқ чегарасидаги "Қоплонбек-Ақжўл" назорат-ўтиш маскани (архив сурати)

Наврўз байрами нишонланган 21 март куни Ўзбекистон ҳудудига кирмоқчи бўлган минглаб одам ўзбек-қозоқ чегарасидаги назорат масканларида соатлаб навбат кутишига тўғри келган.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати бу тиқилинчни Наврўз байрами пайтида аксарияти хорижлик бўлган фуқароларнинг Қозоғистондан чиқиб кетишга уриниши билан изоҳлаган. Қозоқ чегарачиларига кўра, бу ҳолатга “Қоплонбек”, “Тажен”, “Атамекен” ва “Қазиғурт” назорат-ўтиш масканларида олиб борилаётган реконструкция ҳам сезиларли таъсир кўрсатган.

Чегара хизмати давлат чегарасидан ўтказиш одатдаги тартибда амалга оширилаётгани, ўтиш масканларида вазиятни назорат қилиш учун чоралар кўрилганини қўшимча қилган.

Ўзбекистоннинг қатор вилоятларда кучсиз зилзила қайд этилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 22 март куни Тошкент вақти билан соат 08:47 да Тожикистонда содир бўлган 5,4 магнитудали зилзила таъсири Ўзбекистон пойтахти ва бир неча вилоятида ҳам сезилган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумотига кўра, зилзила маркази жануби-шарқий йўналиш бўйича пойтахт Тошкентдан 313 километр олисликда бўлган.

Ер силкиниши кучи Фарғона вилоятида 3 баллга, Андижон ва Наманган вилоятларида 2-3 баллга, Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳрида 2 баллга тенг бўлган.

Жаҳонгир Тўлаганов депутатлик мандатини топширишини эълон қилди

Жаҳонгир Тўлаганов (фотосурат депутатнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди)
Жаҳонгир Тўлаганов (фотосурат депутатнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди)

Чирчиқ шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Тўлаганов депутатлик мандатини топширмоқчи. Бу ҳақда Тўлагановнинг ўзи Фейсбук тармоғидаги саҳифаси орқали тарқатилган видеочиқишида билдирган.

Аввалроқ Тошкент вилояти прокуратураси маҳаллий кенгашдан Тўлагановни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилишни сўраб, мурожаат йўллагани ҳақида маълум бўлган эди. Ҳамкасбларини 26 март куни шу мавзуга бағишланиб ўтказилажак мажлис юкидан халос қилиш ниятида бўлган Жаҳонгир Тўлаганов ўз видеочиқишида депутатликдан ихтиёрий равишда кетаётганини очиқлаган.

Тўлагановни билганлар унинг ижтимоий муаммолар ечилишида фаол депутат бўлганини эътироф этишади.

Жаҳонгир Тўлаганов сўнгги 1,5 йил ичида Ўзбекистонда мандатини топшириш қарорига келган таниқли депутатларнинг иккинчисидир. 2022 йилнинг декабрь ойида ижтимоий позицияси фаоллиги билан танилган Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев депутатликдан истеъфо бергани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Кушербаев парламент қуйи палатасининг давлат бюджети лойиҳаси муҳокамага қўйилган сессиясида ўзига сўз берилмаганига норозилик белгиси сифатида депутатлик мандатини топшириш қарорига келганини айтган эди.

"Ўзгидромет" олти вилоятда қор кўчиш хавфидан огоҳлантирди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 21 мартидан 27 мартигача кутилаётган ёғингарчилик ва ҳаво ҳарорати ўзгаришлари туфайли Ўзбекистоннинг олтита вилояти ҳудудида қор кўчиши хавфи мавжуд. Бу ҳақда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Синоптикларга кўра, қор кўчкилари Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Китоб, Қамаши, Шаҳрисабз туманлари, Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Қумқўрғон, Сариосиё, Узун туманлари, Самарқанд вилоятининг Нуробод, Қўшработ, Самарқанд, Ургут туманлари, Жиззах вилоятининг Бахмал, Зомин туманлари, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон, туманлари (Чотқол тизмаси тоғлари) ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманида кутиляпти.

Шунингдек, Ўзгидромет Наврўз куни “Тошкент – Ўш” автойўлининг (А-373) “Қамчиқ” довонидан ўтган қисмида қор ёғиб, туман кузатилиши, кўрувчанлик 50 метргача пасайиши, кучли шамол натижасида автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирган.

ДХХ: Ўзбек-қирғиз чегарасида иккита ерости туннели аниқланди

Ўзбек-қирғиз чегарасида 2022 йил май ойида топилган туннеллардан бирининг кириш қисми
Ўзбек-қирғиз чегарасида 2022 йил май ойида топилган туннеллардан бирининг кириш қисми

Ўзбекистоннинг Андижон вилояти Хонобод шаҳри билан Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Бекобод қишлоғи кесишган жойда икки яширин ерости йўли аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизматига тегишли деб ишониладиган telegram-канал орқали орқали маълумот тарқатилди.

Хабарномадан келиб чиқилса, 20 метр чуқурликда жойлашган ерости йўлларидан бирининг узунлиги 350 метрни, иккинчисининг узунлиги эса 135 метрни, кенглиги 70-80 сантиметрни ташкил этган.

Хавфсизлик кучлари ерости йўли орқали мунтазам равишда мобил телефон аппаратлари, планшет, ноутбуклар, олтин ёмбилари ва заргарлик буюмлари ўтказиб турилгани, туннеллар аниқланиши ортидан контрабанда билан шуғулланган трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилганини қайд этганлар.

Айни пайтда аниқланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб бориляпти.

Ўзбек-қирғиз чегарасида контрабанда маҳсулотлари ўтказиб турилгани айтилган яширин бир неча туннел топилгани ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар қилган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG