Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:47

Мирзиёевни биринчи бўлиб Тожикистон президенти табриклади. Кетмонов ҳам


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Шавкат Мирзиёевни сайловда эришган ғалабаси билан биринчи бўлиб табриклади.

Тожикистон президенти расмий сайтида эълон қилинган табрик телеграммасида Имомали Раҳмон Мирзиёевни “сайловда ишончли ғалаба қозонгани” билан қутлаган.

Раҳмоннинг фикрича, Мирзиёевнинг “бу юксак ва шу билан бирга ўта масъулиятли лавозимга сайланиши халқнинг уни кенг қўллаб-қувватлаётгани ифодасидир”.

Россия Президенти Владимир Путин душанба куни телефон орқали суҳбатда Ўзбекистоннинг янги сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевни табриклади.

Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Президенти сайловида ишончли ғалабага эришгани билан қизғин қутлаб, этиб, унга давлатнинг юқори мартабали лавозимида муваффақиятлар тилади.

Томонлар келгусида ҳам Ўзбекистон-Россия ўртасидаги иттифоқчилик ва стратегик шерикчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, шунингдек, турли соҳаларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришни тасдиқлади.

Айтилишича, Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни расмий ташриф билан Россия Федерациясига ташриф буюришга таклиф қилган, Мирзиёев таклифни қабул қилган.

Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ғалаба билан Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ҳам табриклади.

Қирғизистон раҳбари маъмуриятидан Азаттиқ радиосига хабар қилишларича, табрикномада Мирзиёев раҳбарлиги остида Ўзбекистонда ривожланиш бўлишига, Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларида муваффақиятларга эришилишига ишонч билдирилган.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Шавкат Мирзиёевга йўллаган табригида сайлов натижалари Ўзбекистон халқининг юқори ишончи ва қўллаб-қувватловидан далолат эканини қайд этган.

У Шавкат Мирзиёевнинг сайланиши икки давлат ўртасидаги алоқалар мустаҳкам ҳолда сақлаб қолинишини таъминлашига ишонч билдирган.

У Ўзбекистоннинг янги раҳбарини Остонага таклиф этган.

Якшанба куни бўлиб ўтган Президент сайловида иккинчи ўринни қўлга киритган Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Хатамжон Кетмонов ҳам Шавкат Мирзиёевни ғалаба билан табриклади.

Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий нашрларга кўра, 3,73 фоиз ёки 669,18 минг овоз тўплаган тўплаган Хатамжон Кетмонов душанба куни бўлиб ўтган брифингда партия Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган сайлов якунларини тан олишини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, сайлов очиқлик ва демократия тамойиллари асосида бўлиб ўтди. ЎзХДПнинг сайловдаги иштироки партия учун келгусида фаолиятида муҳим ва масъулиятли босқич бўлди, деди Хатамжон Кетмонов.

ЎзХДП раҳбари мамлакат янги Президентига мамлакат тинчлиги ва тараққиётини таъминлашдаги фаолиятида муваффақият тилади.

Хатамжон Кетмонов, шунингдек, унга овоз берган сайловчиларга ва партия тарафдорларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Маҳаллий нашрларга кўра «Адолат» Социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод бўлган Наримон Умаров сайлов натижалари партия кутган даражада бўлмагани, лекин бундан хафа эмаслигини айтиб ўтган.

«Кўппартиявийлик шароитида, очиқ-ошкора, халқаро андозалар ва демократик талабларга тўла мувофиқ тарзда бўлиб ўтган мазкур сайлов натижаларини тан олган ҳолда, унинг адолатли бўлганини эътироф этамиз ва халқимизнинг танловини ҳурмат қиламиз», — деди Наримон Умаров.

Наримон Умаров ўзи раҳбарлик қилаётган партия номидан Шавкат Мирзиёевни «халқ томонидан билдирилган юксак ишонч» билан табриклади.

«Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод бўлган Сарвар Отамуратов ўзбек халқининг юз-кўзидаги мамнуният ва эртаги кунга бўлган ишончига алоҳида эътиборни қаратди. У ҳам Президентлик сайлов олди кампаниясида барча шароитларнинг тенглик асосида яратилганига урғу берди.

У Шавкат Мирзиёевнинг ғалабасини тан олишини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG