Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:50

Ўзбекистон президенти сайловида Шавкат Мирзиёев 88,61 % овоз олди


Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси эълон қилди.

МСКга кўра, Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир, Ўзбекистон либерал демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга қатнашган сайловчиларнинг 15 906 724 нафари овоз берган.

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партиясидан Сарвар Отамуратов 421 минг 55 нафар ёки 2,35 фоиз, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Хатамжон Кетмонов 669 минг 187 нафар ёки 3,73 фоиз, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясидан Наримон Умаров 619 минг 972 нафар ёки 3,46 фоиз овоз тўплади.

Сайловнинг якуний натижалари 10 кун муддат ичида эълон қилинажаги айтилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига кўра, овоз бериш тўхтатилган соат 20:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистон Президенти сайловида овоз берган сайловчилар сони 17 миллион 941 минг 955 нафарни ёки рўйхатга Ўзбекистон олинган барча фуқароларнинг 87,83 фоизини ташкил этди. 2,5 миллион атрофидаги сайловчи овоз беришга қатнашмади.

Ўзбекистон президенти сайлови давомида қонунбузарликлар, жумладан овоз бериш бюллетенларини сайлов қутисига ғайриқонуний ташлашлар қайд этилди.

Бу ҳақда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистон президенти сайловини кузатиш миссияси раҳбари Петер Тейлер матбуот анжуманида баёнот берди, деб хабар қилди РИА Новости агентлиги.

“Сайлов кунида жиддий қонун бузилишлари, шу жумладан овоз бериш бюллетенларини сайлов қутисига ғайриқонуний ташлаш аломатлари қайд этилди”, деган Петер Тейлер.

Унинг фикрича, Ўзбекистон МСК ташкилий ишларни яхши амалга оширган, лекин рақобат даражаси юқорироқ бўлиши мумкин эди, хусусан, сайловолди кампанияси давомида номзодлар орасида фаол баҳс-мунозаралар ўтказилмади.

Ўзбекистоннинг янги президентининг қасамёд қилиш маросими янги йилгача ўтказилади

Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукуматидаги манбасига таяниб, ТАСС хабар қилди.

“Қонунда янги президентнинг лавозимга киришиши учун икки ойлик муддат белгилаб қўйилганига қарамай, инаугурацияни Янги йилгача ўтказиш масаласи ўрганилмоқда”, деган манба агентлик мухбирига.

“Ўзбекистон Республикаси президенти сайлови тўғрисида”ги қонунда бундай дейилган: “Ўзбекистон Республикаси Президенти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари расмий тарзда эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан икки ой ичида Олий Мажлис йиғилишида қасамёд қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришади”.

XS
SM
MD
LG