Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:01

Чиқиш визасига қарши петицияни имзолаганлар сони 1000 дан ошди


Ўзини "Ўзбекистон фуқаролари ташаббус гуруҳи" деб номлаётган гуруҳ муваққат президент Шавкат Мирзиёевга Интернет тармоғи орқали петиция билан мурожаат қилди. Унда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда мавжуд чиқиш визасини бекор қилишга чақирилган.

“Чиқиш визаси халқаро меъёрларга жавоб бермаслигига эътиборингизни қаратмоқчимиз. У сафар қилиш, саёҳатга бориш, юриш ва кўчиш эркинлиги тамойилига ҳам зид, деб ўйлаймиз. Қолаверса, чиқиш визаси порахўрликнинг кенгайишига ҳам сабаб бўлмоқда", дейилади петицияда.

Мурожаатномани имзолаётган ўзбекистонликлар чиқиш визаси туфайли мамлакатда юзага келаётган ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўзлари дуч келган воқеалар мисолида ёзадилар.

"Ҳар сафар ОВИР стикерини янгилаганимда энг камида 1 ҳафта вақтим югур-югур, ҳужжатбозлик учун кетади. Алмисоқдан қолиб кетган системанинг йўқотилиши тарафдориман. Бу корчалонларнинг пул ишлаш воситаси сифатида хизмат қилмоқда. $100 энг камида пора сифатида беришга мажбур бўлмоқдамиз”, деб ёзади тошкентлик Жавоҳир Одилбеков.

Унинг ёзганларини ўзбекистонлик Содиқ Мардонов ҳам қувватлайди.

“Афсуски, бу чиқиш визаси тизими давлат ва жамият хавфсизлиги учун эмас, кўпроқ ички ишлар тизимидаги ходимларнинг ноқонуний даромад орттиришига хизмат қилмоқда. Миллионлаб ватандошларимизнинг ҳафталаб кетган вақтлари, асаблари, вилоят марказига қатнаганлари; маҳалла, мудофаа тизими ва бошқа муассасаларга узатган поралари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади”, деб ёзади у.

Чиқиш визаси Совет Иттифоқи пайтида ўйлаб топилган эди. Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг чиқиш визаси постсовет давлатлари орасида фақат Ўзбекистондагина сақланиб қолган. Жаҳонда чиқиш визаси Ўзбекистондан ташқари Шимолий Кореяда ҳам мавжуд.

Ўзбекистон ватандоши бўлган Алишер Абдусаломов фикрича, бу расмий Тошкент учун ҳам, оддий ўзбекистонликлар учун ҳам шармандали ҳолдир.

“Шимолий Корея каби яккамоҳов давлат билан бир гуруҳда бўлишнинг ўзиёқ мамлакат раҳбарияти учун ҳам, барча ватандошлар учун ҳам ҳақорат бўлиб ҳисобланади. Агар биз жаҳоннинг етакчи давлатлари билан бир қаторда турадиган мамлакат қуришни истасак, у ҳолда ана ўшаларга тенглашишга ҳаракат қилишимиз лозим. Аминманки, чегара назорати масканларида бўлган компьютерлаштирилган тизим жиноий унсурларни саралашни уддалайди. Улар чегарадан ўтишда ҳар қандай шароитда ҳам расмий ўтиш масканларидан фойдаланмаса керак. Шунинг учун ҳам бу тизим эскириб қолган, Республиканинг ахлоқли оддий ватандошлари учун ноқулайликлар яратади ва мамлакатнинг обрў-эътиборида жуда салбий акс этади. Бу ишни (мазкур тартибни) бекор қилиш орқали осон, айни пайтда давлатнинг ҳуқуқ-тартибот функцияларига зарар келтирмаган ҳолда ҳал қилиш мумкин эди”, деб ёзади тошкентлик Алишер Абдусаломов рус тилида.

Чиқиш визасига қарши петицияда “БМТ Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 13.1-бандида инсоннинг бутун дунё бўйича эркин юриши, ўз мамлакатидан эркин чиқиш ва кириш ҳуқуқига эга экани таъкидланган”и урғуланади.

Ўзбекистонда чиқиш визасини бекор қилишга расмий Тошкентни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ҳам чақирганди. Бу чақириқ кенгашнинг 2013 йил 5 февралида ёйинланган ҳисоботида акс этганди.

Кузатувчиларга кўра, Каримов Ўзбекистонида чиқиш визаси режим учун номақбул ҳисобланмиш кишиларни назорат қилиш пишангларидан бири сифатида хизмат қилган.

Муваққат президент Шавкат Мирзиёев номига ёзилган петицияни айни дамгача 1120 киши имзолаган.

XS
SM
MD
LG