Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:04

Ғиждувон бозорида тадбиркор аёлни солиқчи хўрлади


Бухоро вилоятидаги Ғиждувон деҳқон бозорида савдо қилаётган тадбиркор аёлни солиқ инспекцияси ходимлари кўпчилик ичида хўрлади. Озодликка юборилган фото-хабарда айтилишича, ноқонуний савдо қилишда айбланган аёл товари тортиб олинишига қаршилик қилгани учун солиқ ходимлари томонидан бозордан судраб олиб чиқилган. Ногирон боласини савдо билан боқаётган аёлга жарима солингани ва товари мусодара қилингани айтилди.

Тадбиркор аёлни судрашди

"Ғиждувон деҳқон бозори"да 17 июль куни ушланган тадбиркор аёл (унга шартли равишда Наргиза, деб исм берилди - таҳр.) ёнида савдо қилган гувоҳнинг айтишича, ​тушдан кейин бозорни солиқчилар босган:

- Бу аёл йўлакнинг устида ўтирганди, шунинг учун уни ушлашди. Бошқалар қочиб қолди. Наргиза оёқ кийими сотаётган эди ва товарлари битта халтада турган эди. Солиқчилар ана шу халтага ёпишди. Бечора хотин йиғлади, додлади. Лекин судраб олиб чиқишди бозордан, - дейди исмини ошкор қилмаётганимиз воқеа гувоҳи.

Озодликка келган суратлардан бирида чўккалаб қолган тадбиркор аёлнинг судраб олиб кетилаётгани қисман акс этган.

Айтилишича, Наргиза йиллардан буён шу бозорда кийим-кечак сотади, унинг 3 фарзанди бор ва улардан бири ногирондир.

Унинг суратларини Озодликка йўллаган ғиждувонлик харидор яна мана буларни қўшимча қилди:

"Аёл: "Болам ногирон, бир-иккита нонга пул йиғяпман, дейишига қарамай додлатиб олиб кетишди. Қандай ваҳшийлик! Ўзи сумкасида арзимаган 50 та оёқ кийим бордир. Ҳозир милиция чақираман, халқ душмани, деб қаматаман, деб қўрқитиб ўтирибди. Худди "Шайтанат"дагидай".

Озодлик бу гувоҳ ёрдамида Наргизанинг ўзи билан боғланишга уринди, аммо муваффақ бўлмади. Шунингдек, "Ғиждувон деҳқон бозори" маъмуриятининг ўзини таништирмаган ходими ҳам "бундай чоралар ноқонуний савдо фаолияти билан шуғулланган шахсларга нисбатан қўлланиши"ни таъкидлаш билан чекланди.

Янги бозордан эскисига қайтганлар

Ўтган йили сентябрь ойида халқ орасида "Хўжаи жаҳон деҳқон бозори" деб аталган айни бозорнинг кийим-кечак сотиладиган қисми қайта қурилган "Хўжаи жаҳон савдо комплекси"га кўчирилди. Бу комплекс бундан 6 йил муқаддам қурилган, ўтган йили эса таъмирланган.

Одатдагидек, янгиланган бозордаги тўловлар аввалгисидан анча юқори бўлгани ва бундан ташқари, савдо яхши юришмагани учун савдогарлар секин-аста эски бозорга қайта бошлагани айтилмоқда.

Шундай тадбиркорлардан бирининг исмини сир сақлаш шарти билан Озодликка айтишича, аксар сотувчилар кўчди-кўчди жараёнида синган ва Наргиза ана шундай якка тартибдаги тадбиркорлардан биридир:

- Унақа синганлар кўп бўлди. Олдинига қайта қурилган бозордан дўкон сотиб олинглар, дейишди. У эскисидан 1 ярим километр нарида. Мен ҳам 28 миллион сўмга дўкон сотиб олдим. Лекин, у ерда савдо умуман юрмаяпти. Кунига зўрға 100 минглик савдо қилаяпмиз. Халқ ҳалиям эски бозорга қатнаяпти. Кейин қайтдик яна эски бозорга, ойига 500 минг сўм тўлаб патент олдик ва кичкина раста қилиб, савдо қилаяпмиз. Бу ерда кунига 500-600 минг сўмлик савдо қилаяпмиз. Лекин, янги бозордаги дўконни сотувга қўйганман, ҳеч ким олмаяпти. Шунақа қилиб, Наргизага ўхшаганлар касод бўлди-да. Кўпи камида 15 -20 миллион сўмга куйди. Ойлик 500 минг сўмлик патентни ҳам тўлолмаяпти. Мажбур юриб сотяпти-да, - дейди исмини ошкор қилмаган тадбиркор.

Солиқчилар босқини

Деҳқон бозоридаги яна бир тадбиркор аёлнинг айтишича, бозорда товарини расталарни оралаб юриб сотаётган аёллар кўпайган. Шунинг учун, солиқчилар кутилмаганда, бозорни босадилар ва бундай аёлларга мунтазам жарима соладилар:

"Қопдаги молига қараб, солиқ солади ва кўпинча молини мусодара қилади. Ўтган йили кузда, бозор кўчганидан бироз ўтиб, менинг ҳам молимни мусодара қилишган, ишимни судга оширишган эди. Ҳам молимни бердим, ҳам жарима тўладим. Лекин, бошқа пул келадиган тирикчилигим йўқлиги учун, яна чиқдим бозорга", деди Мавжуда исмли тадбиркор.

Ғиждувон бозорининг кўчирилишидан норози тадбиркорлар бунга қадар ҳам Озодликка арз қилган. Ўша аризалар ортидан мухбир саволларига жавоб берган туман ҳокимлиги мутасаддиси халқ орасида "Хўжаи жаҳон деҳқон бозори" деб аталиб келган эски бозор Ўзбекистон республикаси президенти қарори билан кўчирилганини айтган эди.

Президентнинг 2011 йил 26 апрелдаги "Деҳқон бозори ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан республикада азалдан битта ҳудудда жойлашган озиқ-овқат, хўжалик моллари ва кийим-кечак сотиладиган бозорлар замонавий типдаги савдо комплексларига кўчирилмоқда.

Тадбиркорлар янги қурилган ва негадир, ҳар икки-уч йил ичида қайта қурилаётган бозорлардаги савдо дўконлари ҳамда расталарини қиммат нархларда сотиб олишга мажбурланаётгани, муҳими, аҳоли пунктларидан четда қурилаётган янги савдо комплексларига харидорлар қатнамаётгани боис, касод бўлаётганидан шикоят қиладилар.

XS
SM
MD
LG