Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:07

Неонацистлар Прагадаги қочқинлар марказига ўт қўйди


Прага марказида Пегида тарафдорлари муҳожирлар ва мусулмонларга қарши намойиш ўтказди
Прага марказида Пегида тарафдорлари муҳожирлар ва мусулмонларга қарши намойиш ўтказди

Чех полициясининг айтишича, 6 февраль куни 20га яқин номаълум шахслар Прагадаги қочқинлар марказига ўт қўйиб юборди.

Ҳодиса Чехия пойтахтида минглаб одамлар мусулмонлар ва муҳожирларга қарши намойиш ўтказишидан бир неча соат ўтиб юз берди.

Ҳужумчилар қочқинларга кийим-кечак тўпловчи марказга бостириб кириб, Молотов коктейлларини улоқтирганлар.

Чех расмийларига кўра, ҳужумда камида бир одам жароҳат олган.

Прага ўт ўчириш хизматининг матбуот котиби ёнғин зудлик билан ўчирилганини айтди.

Марказда ишлаган фаолларга кўра, ҳужумчилар неонацистлар бўлган.

Прага марказида ўтказилган мусулмонларга қарши йиғин ғарбнинг исломлашишига қарши бўлган ташкилот - Пегида томонидан Европа бўйлаб ўтказилган намойишлардан биридир.

Пегида 2014 йилда Германиянинг Дрезден шаҳрида барпо этилиши биланоқ ўта ўнг қанот ва муҳожирларга қарши қатламни ўзига жалб қила бошлади.

Европа бўйлаб Пегида маршлари

6 февраль куни Дрезден кўчаларига чиққан 8 мингга яқин Пегида тарафдорларига қарши минглаб одамлар жам бўлди, бироқ кўп сонли полиция икки гуруҳ ўртасида тўқнашув келиб чиқишига йўл қўймади.

Дрездендаги намойишда чиқиш қилган Пегида аъзоси Зигфрид Даербритз Европа чегараларини қўриқлашга чақирди.

“Биз Европанинг ички ва ташқи чегараларини қўриқлашимиз ва назорат қилишмиз шарт," деди у.

Пегида ташкилотчиларига кўра, Дрездендаги намойишда 15 мингдан кўпроқ одам иштирок этди.

Уларга қарши Элба дарёсининг бошқа қирғоғида ташкиллаштирилган юришда 10 мингга яқин одам иштирок этди.

Полша, Нидерландия, Британия, Латвия ва Францияда ташкиллаштирилган Пегида намойишларига эса бор йўғи бир неча юз одам тўпланди холос.

Амстердам марказида илк намойишни ўтказишга уринган 200га яқин Пегида тарафдори полиция билан тўқнашди.

Франциянинг Кале бандаргоҳ шаҳрида полиция 150 нафарга яқин аксил-муҳожир кайфиятдаги оломонга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ишлатди.

Полиция шунингдек бир неча ўта ўнг қанот намойишчини ҳибсга олди.

XS
SM
MD
LG