Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:51

Мажбуран далага чиқарилган сурхондарёлик фаррош аёл иссиқдан ўлди


Озодликка бугун маълум бўлишича, Сурхондарё вилояти Қизириқ туманидаги 2-мактабнинг 2 ҳафта муқаддам мажбуран пахта чеканкасига чиқарилган 58 яшар фарроши жазирамага чидолмай, жон берган. Ҳаво ҳарорати 50 даражадан ошиб кетган бўлса-да, айрим вилоятларда корхона ва ташкилот ходимлари ҳануз дала ишларига мажбурланаётганини айтмоқдалар.

Қизириқ туманининг Работак қишлоғида истиқомат қилган 58 яшар Момохол Даминова 14 июль куни ўзи ишлаётган 2-умутаълим мактаби директори томонидан пахта чеканкасига чиқарилган.

Қизириқлик манба иддаосича, Момохол опа хаста бўлса ҳам уни далага чиқишга мажбурлашган:

“Момохол опамиз мактабда фаррош бўлиб ишлайди. Ўша кунлари ўзи мазаси бўлмай юрган экан. Лекин директор пахтага чиқасиз, деб мажбурлаган экан. Бояқиш шу ишимдан ҳам ҳайдаб юбормасин деб чиқибди, лекин иссиқдан мазаси қочиб йиқилиб қопти, далада. Уйга олиб келишгандан сўнг, кечқурун жон берибди. Офтоб ёмон урган экан. Ўзи ўша кунлари ҳаво ҳарорати 60 даражадан ошиб кетганди-ёв”, деб иддао қилди манба.

Қизириқ туманидаги бюджет корхоналаридан бирида ишлайдиган аёл Момохол Даминованинг далада йиқилиб қолганига гувоҳ бўлганини айтаркан, улар ҳали ҳам мажбуран дала ишларига чиқарилаётганини таъкидлади:

- Ҳоким билан прокурор ҳар куни кечқурун ташкилот ва корхоналар раҳбарларини йиғиб мажлис қилади. Мажлисда фақат битта гап, “сен қанча одам чиқардинг, сен қанча чиқардинг?” бўлади. Больница дейсизми, коллеж-мактаблар дейсизми, бошқа ташкилот дейсизми, ҳамма пахтага одам чиқариши керак. Уч ойдан буён шу аҳвол. Дала эса дўзахнинг ўзгинаси. Момохол опанинг ўлимидан сўнг мажбурлаш бир оз сусайди, лекин ҳалиям чеканкага чиқаришяпти, - деди қизириқлик аёл.

Мажбуран далага чиқарилган сурхондарёлик фаррош аёл иссиқдан ўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:19 0:00
Бевосита линк

Исми сир қолишини сўраган Қизириқдаги ташкилотлардан бири раҳбарининг айтишича, туман ҳокими ва прокурор ўта қаттиқ сиёсат олиб бормоқда:

“Ҳар куни кечқурун мажлис. Эрталаб эса прокурор худди мол санагандай далага чиқарган одамларимизни санайди. “20 та одам фалон фермерга, 50 одам фалон фермерга” деб, бўлиб беради. Одамларни тушлик ёки сув билан билан таъминлаш ҳақида эса гап ҳам йўқ. Бунақа қаттиқ сиёсат ҳали бўлмаган эди”, деди ташкилот раҳбари.

Қизириқ тумани халқ таълими бўлими мудири Акбар Йўлдошев Озодлик билан суҳбатда Момохол Даминовани дала ишларига мажбуран жалб қилинганини инкор қилди:

- Йўқ, йўқ, ҳеч ким мажбуран олиб чиққани йўқ. У опамиз касал бўлиб уйида жон берган, - деди Акбар Йўлдошев.

Қизириқ тумани прокурори Ўктам Юсупов эса мухбир ўзини таништириши билан алоқани узиб қўйди.

Аввалига ўзининг Қизириқ тумани ҳокими Олим Алимардонов эканини тасдиқлаган ҳоким жаноблари ҳам қўнғироқ Озодлик радиосидан бўлганини билгач, бирданига "адашдингиз" деган жавоб билан гўшакни қўйиб қўйди.

Озодлик бундан икки йил аввал Қизириқ тумани ҳокими Олим Алимардоновнинг сўконғичлиги ҳақида мақола чоп қилган эди.

2013 йилнинг 5 октябрь куни Қизириқ ҳокими Олим Алимардонов фермер Ориф Рўзибоевни кам пахта топширганликда айблаб, онасини бўралатиб сўккан, калтаклаб-бўққан эди. Шундан сўнг калтакланган фермернинг отаси кампирини етаклаб ҳокимнинг олдига борган ва: “Мана шу кампир сен сўккан улимни (ўғлимнинг) энаси бўлади, мана олиб келдим, қўлингдан келса “қил” деган. Фермернинг отаси ҳокимни урмоқчи бўлганида уни ажратиб олишган эди.

Ўшанда Қизириқ ҳокими Олим Алимардонов Озодлик мухбири саволларига жавоб берган ва айбловларни инкор қилган эди. Бу гал эса гўшакни илиб қўйиб, жавобдан қочди.

XS
SM
MD
LG