Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:52

Мураббо мавсуми: 2 минглик шафтоли 16, 4 минглик малина 22 минг сўмга чиқди


Қишки дастурхонни мураббою, тузлама билан тўлдирадиган аксар ўзбекистонликлар бу йил мевани ўтган йилгидан 6-8 баробар қиммат нархда харид қилмоқда. Баҳорда кузатилган қаттиқ совуқда мевали дарахтларнинг катта қисми нобуд бўлди ва шу кунда Ўзбекистон бозорларида мева-чеванинг нархи ўта қимматлигича қолмоқда.

Шу кунда Тошкентдаги бозорларда энг қимматлаган мева - малина ва шафтоли бўлиб қолмоқда. Ўтган йили шу пайтда килоси 2 минг сўмдан сотилган шафтоли бу йил 16 минг сўмга чиқиб кетди.

Пойтахтдаги "Чорсу" бозорида савдо қиладиган Жаҳонгир Шосалимов мева танқислиги тобора яққол сузилаётганини айтади:

- Мана ҳозир шафтоли билан олмани пайти келди. Шафтоли 16 минг сўмдан бошланади, 20 минг сўмгача килоси. Ўтган йили, ҳатто 1 ярим минг - 2 мингдан сотилган. Ёки гилос, 3-4 минг сўмдан, яхшиси 5 минг эди. Бу йил 15-20 минг сўмга чиқиб кетди. Олма чиқаяпти ҳозир, 3-4 минг, яхшиси 6 минг. Ўтган йили 1 ярим сўм бўлган эди. бу йил жуда қиммат мева-чева, жуда қиммат, - дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Яъни, бу йилги мева-чева бозоридаги нархлар ўтган йил мураббо мавсумидаги нархлардан 6-8 баробарга ошиб кетди.

Ўзбекистонда аксар ўртаҳол оилалар қишни ёзда ғамланган мураббо ва тузламалар билан ўтказади. Бундан ташқари, давлат бюджетига қараган боғча, мактаб-интернат каби муассасаларга зиммасига ҳам қиш фасли учун емакни ўзлари ғамлаши вазифаси юкланмоқда.

Бу йил баҳорги совуқ боис, нафақат мева-чева, савзавотлар бироз кечикиб бозорга чиқди. Ўз навбатида, мураббо мавсуми ҳам бироз кеч бошланди ва ҳам анча суст бошланди.

Натижада, ҳар йил баҳор охири - ёз бошларида бозорларда ур-йиқит навбат билан сотиладиган шакар бу йил тортилмади.

- Мен эътибор бериб турибман, шакар савдосида ўтган йилгидек ажиотаж йўқ. 3 минг 200 сўмдан сотилаяпти. 2 минг 900 сўмлик разон шакар махсус дўконларда бор. Унақа ур-йиқит очередь йўқ. Чунки, мевани ўзи қиммат-да, - дейди Жаҳонгир Шосалимов.

Бу йил март ойининг сўнгги кунларида Ўзбекистонда кузатилган бир неча кунлик қаттиқ совуқ ва қалин қор кўкариб чиққан сабзавотлар, мевали дарахтларнинг асосий ҳосилини уриб кетди.

Ўзбекистоннинг шимолий вилоятларида 30 мартдан 1 апрелгача ҳаво ҳарорати минус ўн даражагача тушиб кетгани кузатилди. Андижон ва Фарғона вилоятларида 30 сантиметргача қор ёққани ҳақида фотосуратлар Озодликда эълон қилинди.

29 мартдан 2 апрелгача Ўзбекистонда ҳукм сурган совуқ ҳаво оқими минглаб боғ, узумзор ва экинзорларда уна бошлаган экин-тикинларни йўқ қилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олимлар ва ўзбекистонлик деҳқонлар бу ҳақодан келган оқибатни "табиий офат", деб баҳоладилар.

Мутахассисларнинг айтишларича, Ўзбекистонга совуқ ҳаво оқимининг келиши синоптикларга олдиндан маълум бўлган ва ҳукумат бундан деҳқонларни вақтида огоҳлантирса эди, ҳеч бўлмаса экинзорларнинг бир қисмини сақлаб қолишга уриниш мумкин эди.

Аммо, боғлар, узумзорларнинг қарийб 70 фоизини совуқ уриб кетди. бундай экстремал совуқда ҳам йиллар давомида барпо қилинган боғлари, узумзорлари, ҳам бу йилдаги даромадидан ҳам қуруқ қолган деҳқонларга ҳукумат томонидан бир амалий ёки молиявий ёрдам берилгани ҳақида Озодликда бирор маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG