Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:01

Ойлигидан пул ушланганидан арз қилган наманганлик шифокорлар босимга учради


Озодлик архивидан олинган бу расмнинг Наманган болалар шифохонасига алоқаси йўқ.
Озодлик архивидан олинган бу расмнинг Наманган болалар шифохонасига алоқаси йўқ.

Наманган болалар шифохонаси ходимлари тиббиёт муассасасини таъмирлаш учун маошларидан пул ушлаб қолинаётгани тўғрисидаги шикояти ортидан шифохона маъмурияти ходимларни тўплаб, муаммо ҳақида оғиз очмаслик тўғрисида огоҳлантиргани айтилмоқда. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган шифокорларга кўра, уларга биров сўраб қолса, таъмирлаш ишлари ҳомийлар ҳисобидан амалга оширилаётганини айтиш буюрилган.


Наманган шаҳридаги болалар касалхонаси биносини таъмирлаш мақсадида ходимлар маошидан 50 мингдан 70 минг сўмгача ушлаб қолинаётгани тўғрисида Озодлик 2 июнь куни хабар қилган эди.

Мазкур тиббиёт муассасаси маъмурияти вакиллари Озодлик билан суҳбатда шифокорлардан олинган бу хабарни инкор қилган эди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, Наманган болалар касалхонасининг бир гуруҳ ходимларидан келган навбатдаги мактубда айтилишича, Озодликнинг ўтган ҳафтадаги хабари ортидан муассаса раҳбарияти томонидан шифокорларга нисбатан босим кучайган.

Муассаса шифокорларидан бирининг Озодликка микрофонсиз суҳбатда айтишича, бош врач ходимлардан таъмирлаш учун пул йиғилаётгани ёхуд бошқа муаммолар тўғрисида оғиз очмасликни талаб қилган.

“Биздан таъмирлаш учун 70 минг сўмгача пул ушлаб қолинган эди. Бу ҳақда Озодлик радиосида айтилганидан кейин бош врач Каримова бизларни тўплаб, бир нечта одамни кўрсатди. Мана шулар бизга ҳомий, шуларни таниб олинглар. Биров сўраб қолса, касалхонани шу одамлар таъмирлаб беряпти, деб айтинглар, деди. Лекин бу одамлар ҳеч қанақа ҳомий эмас. Биз ҳомий топилган бўлса, пулларимизни қайтарасизларми, деб сўрадик, “йўқ пулларингга ҳаражат қилиб бўлганмиз”, деб айтишди. Бу ҳомийлар ҳеч нарса олиб беришмас эмиш, шунчаки хўжакўрсинга “бизнинг ҳомийларимиз”, деб пештахтага расмлари осиб қўйилар экан”, дейди шифокор.

Унинг яна айтишича, шифокору ҳамширалардан пул ушлаб қолинган бўлса-да, таъмирлаш ишларига уста ёлланмасдан барча ишларни муассаса ходимларининг ўзлари бажаришга мажбурланмоқда.

“Пулнику ушлаб қолишди. Қайтариб беришмаса ҳам розимиз, лекин ишларни ҳам ўзимизга қилдиришяпти. Касалхонани ходимларга бўлиб беришган. Ҳамма ўзига берилган хоналарни бўяб, тозалаши керак. Ҳар куни ишдан ташқари 4-5 соат қолиб ишлашга мажбурмиз. Иккинчи сменада ишлайдиганларга ҳам иш топширилади, кечаси қилиб беришлари керак”, дейди наманганлик тиббиёт ходими.

Озодлик Наманган болалар шифохонаси маъмуриятидан бу борада изоҳ ололмади. Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг ўзини бошлиқ ёрдамчиси Акрамжон, деб таништирган вакили Озодлик билан қисқа суҳбатда мазкур вазиятдан бехабар эканини билдирди.

“Биз болалар шифохонасини таъмирлаш учун пул ажратганмиз. Унақа ходимлардан пул ушлаб қолинаётганидан хабаримиз йўқ”, дея билдирди соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозими.

Айни пайтда, бошлиқ ёрдамчиси тиббиёт муассасасининг ҳомийлар ҳисобидан таъмирланаётгани тўғрисидаги гаплардан ҳам бехабарлигини билдирди.

Ўзбекистонда давлат ҳисобидаги муассасалар ходимлари ҳуқуқларининг бузилиши одатий ҳолга айланмоқда. Хусусан, давлат хизматчиларининг қурилиш, шаҳар ва туманлар кўчаларини тозалаш, пахта далаларини ўташ ишларига мажбуран жалб этилаётгани тўғрисидаги хабарларни Озодлик тез-тез бериб бормоқда.

Жумладн, 7 июнь куни Сурхондарё вилояти Музработ туманидаги туғруқхонани таъмирлаш учун муассаса ходимлари ва маҳаллий аҳолидан пул ундирилаётгани тўғрисида хабар қилинди. Туғруқхона маъмурияти ходимлардан пул йиғилаётганини муассасада канализация ўтказиш учун 5 миллион сўм пул керак бўлиб қолгани билан изоҳлади.

Ўтган ой охирида эса, Андижон шаҳридаги Шошилинч тиббий ёрдам марказида таъмир учун пул бу шифохонада даволанаётган беморлар ва уларнинг яқинларидан йиғилаётгани ҳақида ҳам Озодлик хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG