Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:21

Швейцария ФИФАнинг бир неча мулозимини коррупцияда айблаб ҳибсга олди


Швейцария ва АҚШ тергов идоралари ФИФАнинг юқори мулозимларини коррупция ва пул ювишда айбламоқда. 27 май куни Швейцарияда жаҳон футбол ташкилотининг етти мулозими ҳибсга олинди. Очилган жиноят ишлари доирасида 2018 ва 2022 йилги жаҳон чемпионатларига мезбонлик ҳуқуқини Россия ва Қатарга бериш қарорлари ноқонуний тарзда қабул қилинганига доир иддаолар тергов қилинмоқда. Ҳибсга олишлар ФИФА янги президенти сайланишига икки кун қолганида рўй берди. Бу лавозимга асосий даъвогар ФИФАнинг амалдаги президенти Зепп Блаттер гумонланувчилар орасида йўқ.

Швейцария ҳуқуқ-тартибот идоралари Футбол федерациялари халқаро уюшмаси – ФИФА раҳбариятининг бир неча вакилини ҳибсга олди. 2018 ва 2022 йилги Жаҳон чемпионатига мезбонлик ҳуқуқини тақдим этиш жараёни билан боғлиқ суиистеъмол ва пул ювишда гумонланган ФИФА мулозимларига нисбатан жиноят иши очилди.

Швейцария Бош прокуратурасининг маълум қилишича, терговчилар ФИФА компьютер тизимларида сақланган маълумот ва ҳужжатларни ҳам қўлга олган.

ФИФА матбуот вакили Уолтер де Григорио чоршанба куни зудлик билан ташкил этилган пресс-конференцияда ФИФА Бош котиби Жером Валке ва президенти Зепп Блаттернинг Швейцария расмийлари тергов қилаётган коррупция ишига алоқаси йўқ, дея билдирди.

Коррупцияда айбланаётганлар орасида ФИФА президенти Зепп Блаттер йўқ.
Коррупцияда айбланаётганлар орасида ФИФА президенти Зепп Блаттер йўқ.

Жиноят иши очилганига қарамасдан, деди у, 29 май кунига белгиланган ФИФА конгресси ва ташкилотга янги президент сайлаш режага кўра амалга ошади.

Швейцария Бош прокуратураси “футбол бўйича 2018 ва 2022 йилги жаҳон чемпионатларни ўтказиш учун мезбон мамлакатларни танлашда ноқонуний қарорлар қабул қилинганлик ва пул ювганликда гумонланиб бир гуруҳ шахслар” устидан жиноят иши очилганини маълум қилди.

Айни пайтда ФИФА матбуот вакили Де Григорио 2018 ва 2022 йилги Жаҳон чемпионатларига мезбонлик ҳуқуқининг қайта кўриб чиқилишини эҳтимолдан соқит қилди. 2018 йилги чемпионатга мезбонлик ҳуқуқи Россияга, 2022 йилгиси эса Қатарга берилган.

- Россия ва Қатарда чемпионатлар ўтказилади. Бу бугунги фактдир. Мен эртага, индинга нима бўлади, деган фаразларга берилмоқчи эмасман. Сизга шуни айта оламан холос,- деди ФИФА расмий вакили.

29 май куни бўладиган сайловда ФИФА президенти лавозимига ташкилотнинг амалдаги раҳбари Зепп Блаттер ҳам ўз номзодини қўйган. ФИФА матбуот вакили Блаттер илгари сурилган айбловлар борасида соввуқонлик сақламоқда, лекин хурсандчилигидан “кабинетида рақсга тушаётгани ҳам йўқ”, дея билдирди.

Кузатувчилар жума кунги сайловда Блаттер ФИФА раҳбари лавозимида қолишига шубҳа қилишмаяпти. Швейцария ва АҚШ расмийлари коррупцияда айблаётганлар орасида ФИФАни 17 йилдан бери бошқариб келаётган Балттернинг ўзи бўлмаса-да, қонунбузарликлар ташкилотга у раҳбарлик қилган даврда рўй берганига эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари ҳам ФИФАнинг коррупцияга муккасидан кетганидан хабардор эканини айтишади. Қўқонлик футбол ишқибози Азизбек шунча йилдан бери жаҳон футбол ташкилотига раҳбарлик қилиб, коррупциянинг кучайишига йўл қўйиб берган Зепп Блаттер кетадиган вақт келди, дейди. Шунинг учун 29 май кунги ФИФА конгрессида иштирок этадиган Ўзбекистон футбол федерацияси бошқа номзодларга овоз бергани маъқул, дейди суҳбатдошимиз.

ФИФА раҳбарлигига Зепп Блаттерга (ўнгда) Иордания шаҳзодаси Али Бин Ҳуссайн рақиблик қилади.
ФИФА раҳбарлигига Зепп Блаттерга (ўнгда) Иордания шаҳзодаси Али Бин Ҳуссайн рақиблик қилади.

- "Балиқ бошидан", дейишади-ку. Ўзи Зепп Блаттернинг бу порахўрликларга аралашмаганини тўла ишонч билан айтиш қийин. Буни, албатта, ҳеч ким очиқ айтмайди. Зепп Блаттер ФИФАни самарали бошқараётганини тан олиш керак, лекин коррупцияни йўқотолмади. Шунинг учун ФИФА президентлигига номзодини қўйган Иордания вакили Али Бин Ҳуссайнга овоз берса яхши бўлар эди. Чунки ФИФАда ўзгариш рўй бериши учун унга янги қон керак,- дейди футбол ишқибози.

Азизбек айнан Зепп Блаттер ФИФАга раҳбар бўлган йилларда Ўзбекистон футболида ҳам коррупция, хусусан ўйинларнинг сотиб олиниши, ҳакамларнинг айрим командаларга ён босиши каби ҳолатлар урчиганига эътибор қаратади.

- Ўйинларни сотиб олиш ҳолатлари кўпроқ миллий чемпионатнинг ҳал этувчи босқичида рўй беради. Федерация раҳбарлари бунга қаршимиз, дейишадию лекин йиллардан бери шундай бўлиб келади. Ўзи бунақа ўйинлар бошқа мамлакатларда ҳам бор, раҳбарлар буни ўзлари ҳам яхши билади. Кейин бизда Тошкент командаларига ён босиши кўп учрайди. Масалан, яқинда Фарғонада “Нефтчи” командаси тошкентликларга қарши тушди. Жаҳонга машҳур ҳакам “Нефтчи”га пенальти бермади, Тошкент командасига ён босгани шундоқ кўриниб турди. Ҳамма мухлисларнинг хафсаласи пир бўлди. Бундан Қизилқум, Навоий, Наманган, Фарғонанинг командалари ноҳақ азият чекмоқда. Тошкент командалари халқаро мусобақаларга йўлланма олиш учун миллий чемпионатда биринчи ўринларни эгаллаш мақсадида ўйинларни сотиб олишлари одатий ҳолга айланган,- дейди ўзбекистонлик футбол ишқибози.

Швейцария Адлия вазирлиги чоршанба куни ФИФАнинг етти нафар мулозими АҚШ расмийларининг экстрадиция сўровига кўра ҳибсга олинганини билдирди
Ҳибсга олинганлар орасида ФИФА вице-президенти, Шимолий Америка, Марказий Америка ва Кариб мамлакатллари футбол федерацияси – CONCACAF президенти Жеффри Уебб ҳам бор.

Вашингтонда АҚШ Адлия вазирлиги ФИФАнинг тўққиз нафар мулозими ва ижроия қўмитасининг беш нафар аъзосига нисбатан фитна ва коррупцияга доир айбловларни илгари сурди.

АҚШ Адлия вазирлиги коррупцияда айблаётганлар орасида ФИФАнинг ривожланиш масалалари бўйича мутасаддиси Хулио Роха, ФИФА вице-президенти ва ижроия қўмитаси аъзоси Южинио Фигуердо ҳам бор.

АҚШ Адлия вазирлиги CONCACAFнинг Майамидаги қароргоҳида ҳам тинтув ўтказишга ордер берилганини билдирди.

XS
SM
MD
LG