Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:19

FIDH Ўзбекистондаги сайловни “маскарад” деб атади


Screenshot of FIDH website
Screenshot of FIDH website

Турли мамлакатлардаги 178 та ташкилотни бирлаштирган Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация (FIDH) Ўзбекистонда сайловолди кампанияси чоғида шаффофликка ҳам, қонунийликка ҳам, инсон ҳақларига ҳам риоя қилинмаганидан ташвиш изҳор қилди. Ҳуқуқ фаолларига кўра, Ўзбекистондаги президент сайлови "маскарад"дан, кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация, яъни FIDH вакиллари Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Ислом Каримов тўртинчи маротаба президентликка номзодини қўйиб, Ўзбекистон конституциясини бузаётганига қарамай, унинг сайловда ғалаба қозонишига мутлақо шубҳа қилмайдилар. Ҳуқуқ ҳимоячилари президент сайловида иштирок этаётган қолган уч номзод Каримовга жиддий рақиб эмас, деб ҳисоблайди.

FIDHга аъзо бўлмиш “Ўтюраклар клуби” халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева аввалда бўлгани каби бу галги сайловда ҳам Ислом Каримов камида 90 фоиз овоз олиб, ҳайбаракаллачилик билан президентликка сайланишига ишонади.

- 2007 йили қамоқхонада ўтирган пайтимда сайлов бўлаётган куни мени штабга чақиришиб, тезкор бўлимнинг икки ходими Ўзбекистонда ўтаётган сайловлар ҳақида муносабатимни сўрашганди. Шунда мен: “92 фоиз билан Ислом Каримов ғолиб бўлади, қолган номзодлар 1,2 - 1,7 фоиз овоз олишиб, мағлуб бўлишади”, дегандим. Ишонсангиз, эртаси куни сайлов натижалари эълон қилинган пайтда жуда оз миқдорда адашгандим. Ҳозир Каримов 90 фоиз овоз олади, деб айтаётганимда ҳам бироз адашишим мумкин, лекин (берилган овозлар) мана шунинг атрофида бўлади, деб ўйлайман, - дейди Мўътабар Тожибоева.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли номзод Ислом Каримовнинг сайловолди дастуридаги “демократик ҳаёт” риторикасига ишонмаслигини айтиб, бунинг фақат жаҳон ҳамжамияти кўзини бўяш учун йўлланган мужда, деб билишини таъкидлайди.

- Демократик дегани бу “қонунлар устиворлигини таъминлайман” дегани, “қонунларга сўзсиз бўйсунаман” дегани. Энди ҳозир ўзи қонунларни оёқости қилиб, тўртинчи марта президентликка номзодини қўйиб, дунё ҳамжамияти учун, шунчаки хўжакўрсин учун президентлик сайловини ўтказаётган экан, қандай қилиб биз бу шахснинг демократия учун ҳаракат қилишига ишонамиз? Ҳар доим ваъда беради, ваъдасидан кейин тескариси бўлади. Ҳар йили йилларга ном беради, ўша йили ўша йўналишдаги одамлар хор бўлади. Мисол учун, “қариялар йили”да қариялар хор бўлади, “тадбиркорлар йили”да тадбиркорлар қамалади. Шунга ўхшаб, ҳозир “демократия учун, фуқаролик жамияти ривожланиши учун жонимни бераман” деган экан, демак, Ўзбекистонда айнан мана шу соҳа бўйича вазият янада кескинлашади, деб ҳозирданоқ хавотирлансак арзийди Каримовнинг гапидан кейин, - дейди Мўътабар Тожибоева.

Шунга қарамай, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерациянинг кечаги баёнотида ҳуқуқ фаоллари ўзбек расмийларини инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни бажаришга ва мухолифлар овозини бўғишдан тийилишга чақирган.

Шунингдек, FIDH баёнотида “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ташкилотларига нисбатан мунтазам таҳдид, таъқиб ва қўрқитишлар сиёсатига чек қўйилиши зарур”лиги, сиёсий маҳбуслар озод қилиниши, аёлларни бичишга, пахта далаларидаги мажбурий меҳнатга, фуқароларни асоссиз ҳибсга олиш ҳамда қийноқларга барҳам бериш лозимлиги таъкидланади.

XS
SM
MD
LG