Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:09

Ўзбекистонга қурғоқчилик хавф солаяптими?


Йилига 19,5 миллиард кубометр сув сақлаш имконига эга бўлган Тўқтўғул ГЭСида сув кўламининг таҳдидли нуқтага етиш даражасида озайгани оқибатида экспертлар Ўзбекистонга ҳар йилгидек 6-7 миллиард эмас, 300 миллион куб метр сув берилиши мумкинлигини башорат қилмоқда.

587 - 187 = - 400

Ўзбекистонда мавжуд бўлган расмий маълумотларга қараганда, мамлакатда сувнинг қарийиб 91,5 фоизи ёки 53 миллиард 524 миллион 200 минг кубометри қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришга сарфланади. Сувнинг қолган қисми эса аҳоли эҳтиёжига берилади.

Суғориш мавсумида Ўзбекистон сувнинг катта қисмини Қирғизистондан олади. Бироқ жорий йилда Тўқтўғул ГЭСининг ўзи тўхтатиб қўйилиш хавфи остида турибди.

Қирғизистон электр станциялари ширкатининг билдиришича, ҳозир 19,5 миллиард кубометр сув сақлаш имконига эга бўлган Тўқтўғул сув омборида 6 миллиард 800 миллион кубометр сув қолган. Бугунги кунда электр энергияси ишлаб чиқариш учун ҳар сонияда 587 куб метр сув чиқаяпти, сув омборига кираётган сув миқдори эса 187 куб метрдан ортмаяпти.

"Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув етмай қолиши мумкин"

Қирғизистон энергетика вазирининг собиқ ўринбосари Райимбек Мамиров Озодлик радиосига берган суҳбатида, сув миқдори яна 300 миллион куб метрга озайиб, 6,5 миллиард куб метрга тушиб қолса, Тўқтўғул ГЭСи фаолияти тўхтатилиши ва қўшни давлатларга сув чиқариш мутлақо тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини айтди.

- Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув етишмай қолиши мумкин. Ҳозирги ишлаб чиқариш қуввти сақлаб қолинадиган бўлса, у ҳолда 300 миллиондан 500 миллион кубометргача сув чиқариб турилади. Бу Қирғизистоннинг ўзидан ортмайдиган сув, - деди Райимбек Мамиров.

Қирғизистон энергетика вазирининг ўринбосари Батиркул Исаев собиқ ҳамкасбининг сўзларини тасдиқлаган ҳолда, Тўқтўғул ГЭСи 6,5 миллиард эмас,5 миллиард 400 миллион куб метр сув қолганда узил кесил тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини айтди.

- Ҳозирча ускуналар зўриқиш даражасида ишламаяпти. Агар бир оз зўриқиш кузатилса, ускуналар автоматик равишда ишини тўхтатади. Икки йил олдин мана шундай ҳолат кузатилган эди, -деди вазир ўринбосари.

"Сувсизлик жараёни уч йилгача чўзилиши мумкин"

Мутахасис Райимбек Мамиров Ўзбекистонни сув билан таъминлаш кўпи билан уч йилгача муаммо бўлиб қолиши мумкин, деб таҳмин қилади:

- Бу бир-икки йил, кўпи билан уч йилга чўзилиши мумкин бўлган жараён. 2015 йилнинг октябригача ҚирғизистонТўқтўғул сув омборига камида 12 миллиард кубометр сув тўплаб олиши керак. Акс ҳолда энергетик инқироз юзага келади. Октбяргача 12 миллиард куб метр сув йиғиш учун эса баҳор-ёз мавсумида камида 5 миллиард сув йиғиш керак. Бу эса ёзда сувни жуда иқтисод қилишга мажбур қилади, -деди Райимбек Мамиров.

Қирғизистон расмий идоралари Озодлик мухбирининг Ўзбекистонга сув берилиши юзасидан экспертлар башорати нақадар ҳақиқатга яқин экани тўғрисидаги сўровига ҳозирча жавоб қайтаргани йўқ. Расмий идоралар вакилларининг айтишларича, ҳозирча бу борада муайян бир фикр мавжуд эмас ва шундан келиб чиқиб, бу саволга жавоб бериш учун вақт талаб қилинади.

Сўнгги марта бундай вазият 2008-2009 йиллар мобайнида кузатилган эди. Ўшанда Қирғизистон томони камсувлик даври бошлангани муносабати билан Ўзбекистонга сув беришни тўхтатиб қўйган. Бунинг оқибатида Наманган, Андижон, Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Хоразм ва Сурхондарё вилоятларида сув танқислиги кузатилган эди. Масалан, ўша йиллари Хоразмда сув таъминоти 44 фоиз бўлгани ва кўплаб фермерлар зиён кўргани ҳақида Озодлик радиоси ўз вақтида хабар берган.

XS
SM
MD
LG