Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:08

Сурхондарёда чегарачилар бир фуқарони отиб ўлдирди


Чегара бузувчилар Тожикистондан камёб дориларни олиб ўтишга урингани айтилмоқда.
Чегара бузувчилар Тожикистондан камёб дориларни олиб ўтишга урингани айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг Сурхандарё вилояти Узун туманида ўзбек чегарачилари бир фуқарони отиб ўлдирди. Озодлик манбаларининг билдиришича, 32 ёшли фуқаро 3 март куни кечки пайт вилоятнинг тоғли ҳудудида ўзбек-тожик чегарасини бузиб ўтаётган пайтда отиб ўлдирилган. У билан бирга бўлган яна икки фуқаро воқеа жойидан қочишга муваффақ бўлган. Давлат чегара хизматига кўра, чегара бузувчилар Тожикистондан дори воситаларини контрабанда воситасида Ўзбекистонга олиб киришга уринган.

Сурхондарё вилоятининг Тожикистон билан чегарадош Узун тумани Отчопар қишлоғида истиқомат қилган 1982 йилда туғилган Дилмурод Бозоров 3 март куни кечки пайт, Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг тоғли ҳудуддан ўтадиган участкасида ўзбек чегарачилари томонидан отиб ўлдирилди.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитасидаги Озодлик манбасига кўра, кўнгилсиз воқеа уч нафар фуқаро Тожикистон ҳудудидан камёб дори воситаларини ноқонуний олиб ўтишга уринган пайтда рўй берган.

“Давлат чегарасини бузмоқчи бўлган фуқаролар тўхтатиб қолинди. Улар уч киши бўлишган. Тожикистондан арбидол деган дори билан аёллар спиралини контрабанда тарзида олиб кирмоқчи бўлган. Чегарачиларнинг тўхташ талабига бўйсинмаганидан кейин уларга қарата ўт очилган. Натижада 1982 йилда туғилган Бозоров Дилмурод Нуралиевич ўқ тегиб ўлган. Чегера бузувчиларнинг икки нафари воқеа жойидан қочишга муваффақ бўлган. Улар ҳозир қидирилмоқда”, дея билдирди чегара қўмитасидаги Озодлик манбаси.

Воқеада ҳалок бўлган Дилмурод Бозоров истиқомат қилган Отчопар маҳалласи турғунларидан бири, Озодлик билан суҳбатда, марҳумнинг жанозаси бугун тушгача ўқилганини билдирди. Унинг айтишича, Бозоровлар оиласи ҳодисадан 3 март куни, кечки соат 10ларда хабардор қилинган.

“Кеча кечаси Дилмуроднинг яқинлари билан маҳалламиз фаолларини чақиртириб, туман марказидаги моргга олиб кетишган. У ерда унинг мурдасини кўрсатишиб, танитишган. “Шу Дилмуродми”, деб сўрашган, булар "ҳа", дейишган. Кейин мурдани беришган. Кечаси олиб келишди. Бугун пешиндан олдин жаноза ўқилиб, кўмиб келишди”, дейди Узун туманидаги Озодлик манбаси.

Бу суҳбатдошимиз ҳам, ҳалок бўлган Дилмурод Бозоровнинг ёнида яна икки киши бўлганини тасдиқлади.

“Ҳа, ҳозир яна икки кишини қидиришяпти. Айтишларича, улар ё мотоциклда, ё “Каптива”да бўлишган. Бу воқеа анча мунча машина ўтолмайдиган тоғли зонада бўлган. Хуллас, чегарадан олиб ўтилган товарни “Каптива” машинасига ортишаётган бўлган”,- дейди узунлик суҳбатдошимиз.

Қўшни мамлакатлар билан чегаралари ёпилган Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларида бундай воқеалар тез-тез рўй бериб туради. Хусусан, жорий йил бошидан бери Ўзбекистон давлат чегараси бу мамлакат фуқаролари томонидан бузилишига доир ҳолатлар кўпайганини чегарани қўриқлаш қўмитаси тан олмоқда.

XS
SM
MD
LG