Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:29

Чортоқда металлолом олиб келмаган 5 ўқувчи бир неча соатга қамаб қўйилди


Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги болалар металлолом йиғишга жалб қилинганини инкор қилмоқда.
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги болалар металлолом йиғишга жалб қилинганини инкор қилмоқда.

Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги 40-ўрта мактабнинг 4-синф ўқувчилари металлолом олиб келмагани учун синфхонага қамаб қўйилди. Синф раҳбари томонидан “зиндонбанд” қилинган 5 ўқувчидан бирининг онаси Озодликка болаларни ота-оналари мактабга қидириб келгани туфайлигина улар кечаси соат 11лар атрофида озодликка чиқарилганини гапириб берди. Ҳукумат қарори билан кучайтирилган металлолом йиғиш тадбирига бутун Ўзбекистон бўйлаб мактаб болалари жалб қилинган. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг мутасаддилари Озодлик билан суҳбатда металлолом йиғиш кампанияси мактаб ўқувчилари жалб қилингани тўғрисидаги иддаоларни мутлақо инкор қилди.

Металлолом олиб келмагани учун бир неча соатлик қамоқ билан жазоланган мактаб ўқувчиларидан бирининг онаси бўлган воқеани Озодклика гапириб берди.

- Мактабга кетди. Бир кун олдин кечқурун дарс қилиб ўтирганида “Металлолом деди. Бир килосига 15 мингдан олиб борар эканмиз” деган эди онам “Қаердан олиб бераман. Уйдагиларни йиғиштириб бердим болам”, деди. Менинг асабим бузилиб кетди. “Сен олиб бордингку” десам, “Оям (ўқитувчим, демоқчи-таҳр.) қамаб кетаман дедилар. Уят қилдирадилар сафланишда” деди. Мен “Агар оянг сўкса, бошқа деса, мен бориб ўзим гаплашаман” деб алдаб мактабга жўнатдим пул йўқ уйда ўғлим деб. Эртасига ўғлим мактабдан келмади. Хавотирга тушдим. Соат 5-6ларда чиқсам, уже иккинчи сменадаги ўқувчилар тарқаб мактабда ҳеч ким қолмаган. Мен болалар билан стадионда тўп тепиб келаëтган бўлса керак, деган хаëлга бордим. Уйга келдим. Кўчага чиқдим. Келмагандан кейин охири ўртоқлариникига бордим. Телефон қилдим. Ўртоқлари “мактабда қолган эди” дегандан кейин, битта синфда ўқийдиган Алишер, Азизбек деган ўртоқлари бор, “Мактабда қолган эди. Металлолом олиб келмаганларни олиб қолди ўқитувчимиз”, дегандан кейин мактабга борсам, мактаб қоровули спиртли ичимлик ичиб, ўз ҳолатида эмас. Мен борган пайтимда ўзида эмас эди. Кейин “Синглим узр. Мен уларни қўйиб юбордим деб ўйлабман”, деди. Битта мен эмас бошқа ота-оналар ҳам борган экан. Битта синфга 5 нафар ўқувчини қамаб қўйиб, синф раҳбари кетворган.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, 11 ёшли ўғли билан Чортоқ туманидаги 40-ўрта мактаб синфхонасига “зиндонбанд” қилинган ўқувчиларнинг икки нафари қизбола бўлган.

- Қиз болалар ҳам бор. Икки нафар қиз бола, уч нафар ўғил бола. Биттаси бошқа синфдан. Биттаси 6-синфдан, биттаси 3-синфдан. Қолганлари 4-синф ўқувчилари бўлган,- дея бўлган воқеани сўзлаб берди 11 ёшли “маҳбуснинг” онаси.

Маълум сабабларга кўра, исмини очиқламасликни маъқул кўрганимиз бу аёл ўғлининг бу тарзда жазоланганига эътироз билдириб, 40-мактаб директори Файзулла Фозилов, туман прокуратураси вакиллари билан гаплашганига қарамасдан, орадан бир неча кун ўтиб, ўғли мактаб раҳбарияти томонидан эрталабки йиғин пайтида яна дакки эшитганини айтади.

Озодлик Чортоқ туманидаги 40-мактаб директори Файзулло Фозилов, Наманган Халқ таълими бошқармаси билан боғлана олмади. Лекин Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг Маънавий-аҳлоқий тарбия бошқармаси телефон гўшагини кўтарган мутасаддиси Чортоқ туманида бундай воқеа бўлганидан хабари йўқлигини билдирди. Ўзини таништирмаган расмий мактаб ўқувчилари металлолом йиғишга жалб қилингани тўғрисидаги хабарларни ҳам мутлақо инкор қилди.

- Энди вазирлик болаларга металлолом йиғилсин деган кўрсатмани бермаган. Бу бир англашилмовчилик бўлса керак. Вазирлик унақа нарсани бермайди болалардан металлолом талаб қилиб, уларни қамаб қўйишга синг хонасига ëки жазолашга. Мактаб унга таълим-тарбия беришга масъул. Бошқа нарсаларни талаб қилишга масъул эмас мактаб,- дея таъкидлади вазирлик расмийси.

Озодлик бутун Ўзбекистон бўйича мактаб болалари металлолом йиғишга жалб қилингани тўғрисида шу ой бошроғида ҳам хабар қилган эди. Мамлакатнинг турли вилоятларидан Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонликлар баъзи ҳолларда металлолом олиб келмаган ўқувчиларидан макатблар маъмуриятлари белгиланган норманинг ҳар бир килоси учун 15 мингдан 25 минг сўмгача пул ундираётганини ҳам гапириб беришган эди.

Озодликка маълум бўлишича, Ўзбекистонда иккиламчи қора металлни қайта ишлайдиган Бекобод металлургия комбинатида хом ашёга бўлган талаб аввалги йиллардагига солиштирганда деярли ўзгармаган.

“Иккиламчи қора металлар” давлат ширкати мутахассисининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Вазирлар маҳкамасининг металлолом йиғишга доир қарорига биноан жорий йилнинг биринчи чорагида республика бўйича 171 минг тонна рангли металл йиғиш кўзда тутилган. Унинг айтишича, бу кўрсаткич ўтган йилгидан деярли ўзгармаган ва ҳукуматнинг металлолом йиғишга мактаб ўқувчиларни бу тарзда жалб қилаётганини тушуниш қийин.

Бекобод Металлургия комбинати бошқарма бошлиғи Леонид Каан ҳам Озодлик билан суҳбатда иккиламчи металлга бўлган эҳтиёж ҳар доим шу даражада бўлганини таъкидлади.

Мутахассислар эҳтиёж ошмагани шароитида металлалом “васвасасининг” кучаяётгани иккиламчи металлнинг ўзи йилдан йилга тақчиллашиб бораётгани билан боғлиқ демоқда.

XS
SM
MD
LG