Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:40

Ўзбекистонда сайлов пайти қамоқхоналар ёпилади


Жорий йил 15 декабридан бошлаб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги қамоқхоналар, манзил колониялар 22 декабрга қадар ёпилади. Қамоқхоналардаги бир ҳафталик карантин парламент сайловлари пайти хавфсизликни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётгани айтилмоқда.

13 декабрь куни Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш Бош бошқармаси (ЖИЭББ) бошлиғи, полковник Абдукарим Шодиевнинг колонияларни вақтинча ёпиш ҳақидаги буйруқ-телеграммаси тегишли идораларга жўнатилган.

“Озодлик” билан микрофонсиз суҳбатда бу ҳақда гапириб берган Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 64/6-сонли пенитенциар муассаса тезкор вакилига кўра, мазкур амалиёт шу йилнинг 21 декабрига белгиланган Парламентнинг қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга ўтказиладиган сайлов туфайли амалга оширилмоқда.

“Бир ҳафталик муддат давомида зоналар как карантиндек ишлайди. Маҳкумларга ўз яқинлари билан учрашувлар берилмайди, передачалар олинмайди. Шунингдек, зоналарнинг ички тартиб-қоидалари кучайтирилади. Ходимлар ҳам усиленияга ўтишади. Ҳатто 27 декабрда яна бир ҳафта ёпилиши мумкин деган гаплар бор” дейди тезкор вакил Озодлик мухбирига.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг навбатчилик қисми бу ҳолатни тасдиқлади, аммо вазият юзасидан изоҳ бермади.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, жиноят ижроия тизими билан боғлиқ бундай вазиятлар тез-тез такрорланиб туради. Хусусан, мустақиллик байрами ва бошқа сиёсий аҳамиятга эга тадбирлар арафасида муассасалар муайян пайтга ташқари билан алоқани узади. Расмийлар аксар ҳолларда бундай вазиятни профилактика ва хавфсизлик билан дастаклайдилар.

Ўзбекистон жиноий ижроия тизими Ички ишлар вазирлиги тизимида қолаётган кам сонли давлатларнинг биридир. Тизим такомиллаштирилган аксар мамлакатларда пенитенциар муассасаларни бошқариш Адлия тизими ихтиёрига берилган.

XS
SM
MD
LG