Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:51

Россия ҳукумати 2015 йилда муҳожирлар сонини камайтирмоқчи


Belarus - the soviet cliche, parasite - Courtesy
Belarus - the soviet cliche, parasite - Courtesy

Россия ҳукумати 2015 йилда муҳожирларнинг меҳнат фаолиятига янги чекловлар жорий қилинишини билдирди. Россия Меҳнат вазирлиги қарорига кўра, қурилиш, савдо, қишлоқ хўжалиги, траспорт ва бошқа соҳаларда меҳнат муҳожирлари сони қатъий белгиланади. Меҳнат вазирлиги мазкур қарорни “маҳаллий фуқароларни иш билан таъминлаш зарурати” билан изоҳлади.

Озодликка маълум бўлишича, Россия ҳукумати ўз қарори билан мамлакат ҳудудида меҳнат қилаётган хориж фуқаролари сонига оид ҳар йилги регламентни белгилаб боради. Бироқ, келгуси 2015 йилда Россиянинг барча минтақаларида меҳнат муҳожирлари сони қисқартирилади.

Бу ҳақда Озодлик сўровига жавоб берган Россия Меҳнат вазирлигининг Аҳолини иш билан таъминлаш департаменти бошлиғи Михаил Кирсанов жорий қилинажак чекловлар тўғрисида буларни билдирди.

- Хориж фуқароларининг 2015 йилга Россия Федерацияси турли соҳаларидаги иқтисодий фаолиятида рухсат этилган сонига оид рақамлар ўрнатиш бўйича таклифлар киритилди. Бу соҳалар сони ўнтадан сал кўпроқ: мева-сабзавот етиштириш, қурилиш, савдо, ер усти йўловчи транспорт, автомобил ва юк ташиш транспорти ва спорт соҳасидаги фаолият,- дейди вазирлик расмийси.

Михаил Кирсанов ҳукумат турли соҳалардаги вазиятни ўрганиб чиқиб, хўжалик субъектлари талаб-таклифларини тадқиқ этиб, 2014 йилга нисбатан хориж фуқароларининг ишлаб чиқариш ва хўжаликдаги сонини қисқартиришга қарор қилганини билдирди.

Янги қарорга мувофиқ, 2015 йилда Россияда муҳожирлар сони қуйидагича қилиб белгиланади:

  • сабзавот етиштириш - кўрсатилган хўжалик субъектларида фаолият юритаётган ишчиларнинг умумий сонидан 50 фоизи;
  • қурилиш - кўрсатилган хўжалик субъектларида фаолият юритаётган ишчиларнинг умумий сонидан 50 фоизи;
  • алкогол ичимликлар чакана савдоси, жумладан махсус дўконларда пиво сотиш - кўрсатилган хўжалик субъектларида фаолият юритаётган ишчиларнинг умумий сонидан 15 фоизи;
  • тамаки маҳсулотларининг махсус дўконларда чакана савдоси - кўрсатилган хўжалик субъектларида фаолият юритаётган ишчиларнинг умумий сонидан 15 фоизи;
  • дори-дармон маҳсулотларининг махсус дўконлардаги (аптекада) чакана савдоси - кўрсатилган хўжалик субъектларида фаолият юритаётган ишчиларнинг умумий сонидан 0 фоизи;
  • кўчмас савдо объектлари ва бозорлардаги чакана савдо - кўрсатилган хўжалик субъектларида фаолият юритаётган ишчиларнинг умумий сонидан 0 фоизи;
  • дўкон, чодир, бозор ташқарисида чакана савдо - кўрсатилган хўжалик субъектларида фаолият юритаётган ишчиларнинг умумий сонидан 0 фоизи;
  • ер усти йўловчи транспорти фаолияти - кўрсатилган хўжалик субъектларида фаолият юритаётган ишчиларнинг умумий сонидан 50 фоизи;
  • спорт соҳасидаги фаолият - кўрсатилган хўжалик субъектларида фаолият юритаётган ишчиларнинг умумий сонидан 50 фоизи.

Россия Меҳнат вазирлиги департаменти бошлиғи Михаил Кирсанов чет элликларнинг Россияда фаолияти юритишига чекловлар энг аввало маҳаллий аҳоли манфаатини кўзлаб қабул қилинаётганини аълоҳида таъкидлади.

- Россия фуқароларини иш билан таъминлаш биринчи даражали аҳамиятга эга бўлгани боис бу чекловлар ўрнатилмоқда. Бундай қарорлар доимо қабул қилиб келинган: 2014 йилда ҳам бундай чекловлар бўлган. Шунчаки, 2015 йилда вазият бироз ўзгаргани боис соҳалар доираси ҳам кенгайтирилди. Бизда ишга тайёр бўлган заҳираларимиз мавжуд. Афсуски, бундай чекловлар билангина ноқонуний меҳнат фаолиятини батамом йўқ қилишнинг иложи йўқлигини тушуниб турибмиз. Ахир, бу ноқонуний фаолият билан энг аввало бизнинг фуқароларимиз шуғулланмоқда. Шу сабабли, муаммо комплекс тарзда ҳал этилиши лозим,- деди Россия меҳнат вазирлиги расмийси Михаил Кирсанов.

Хориж фуқароларига бозор ва расталарда савдо қилишга рухсат этилмаётгани йирик шаҳарларда бозорлар ўрнини ярмаркалар ва савдо марказлари эгаллаётгани билан ҳам изоҳланмоқда.

Вазирликдан олинган маълумотга кўра, 2014 йилда, масалан, пиво савдоси билан 15 фоиз хорижлик шуғулланиши мумкин бўлган.

Россия ҳукумати йилдан йилга мамлакатдаги хорижлик ишчиларнинг сонини камайтиришга қаратилган бошқа механизмларни ҳам жорий этмоқда. ФМСнинг Москва шаҳри бўйича бошлиғи Наталья Кириллова сўнгги бир йилда пойтахтнинг ўзида рўйхатга олинган мигрантлар сони 50 фоизга кўпайган бўлса-да, ўтган 9 ой давомида Москвадан 32 минг хорижлик чиқариб юборилгани, яна 500 минг кишига мамлакатга кириш таъқиқланганини маълум қилди.

Федерал миграция хизмати тарқатган расмий маълумотларга биноан, Россия Федерациясида 2013 йилда 11,2 миллион меҳнат муҳожири мавжуд бўлиб, уларнинг асосий қисми Москва ва Санкт-Петербург шаҳри, Москва вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Россияда яшаб, меҳнат қилаётган жами муҳожирлардан 23 фоиздан ортиғи Ўзбекистон, 10 фоизи – Тожикистон фуқароларидир.

XS
SM
MD
LG