Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:45

Қўшработда эр-хотин газдан димиқиб нобуд бўлди


Ўзбекистон туманларида газ тақчиллиги боис кўпчилик оддий печкаларга газни қўлбола мослама ёрдамида улаб олади.
Ўзбекистон туманларида газ тақчиллиги боис кўпчилик оддий печкаларга газни қўлбола мослама ёрдамида улаб олади.

Самарқанд вилояти Қўшработ туманининг Булоқбоши массивида истиқомат қилган Ёлғош Қўчқоров ва унинг хотини 19 октябрь куни газ исидан димиқиб нобуд бўлди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, печга уланган газ кечаси ўчиб қолиб яна келган. Газ идораси ходимлари воқеага техника хавфсизлигига риоя қилинмагани сабаб бўлганини айтмоқдалар.

Қўшработ туманининг Булоқбоши массивида истиқомат қилган 57 ёшли Ёлғош Қўчқоров ва унинг 38 ёшли хотини Маъсуба 19 октябрь куни газдан заҳарланиб вафот қилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган қўшработлик манбага кўра, эру хотиннинг вафот этганидан икки кун ҳеч ким хабар топмаган:

“Ёлғош ака ҳовлили уйда хотини билан яшарди. Битта ўғли уйланиб, чиқиб кетган. Шанба куни кечаси газ ўчиб яна келган ва печкадаги газ уйни тўлдирган. Эр-хотин заҳарланиб ўлиб қолган. Орадан икки кун ўтиб пахтада юрган квартирант қиз қайтиб келгандан сўнг маълум бўлган. Ўликлар шишиб кетган экан”, деди манба.

Унинг айтишича, газнинг кечаси огоҳлантирмасдан ўчириб қўйилиши фожиага сабаб бўлган:

“Ҳаволар совий бошлагани билан Қўшработ марказида газнинг пасайиши ва ўчириб қўйиш ҳолатлари кўп кузатилади. Ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ҳам узиб қўяверишади ва огоҳлантирмасдан қўйвориб ҳам юборишаверади”, деди манба.

Қўшработ газ таъминоти идорасининг ўзини таништирмаган мулозими, Қўчқоровларнинг газдан заҳарланиб ўлганини тасдиқлар экан, бу фалокат техника хавфсизлигига риоя қилинмагани боис содир бўлган, деди:

- Бизда, центрда ҳеч қачон газ ўчмайди. Печкасининг димоходини ғишт билан ёпиб қўйган, у ҳавони яхши тортмаган. Кейин горелкани шланг билан улаган, уч жойида газ утечкаси бўлган. Ана шу жойлардан газ сизиб чиқиб, улар заҳарланган. Биз учта маҳаллага газ берамиз, уни ўчирсак бўлмайди,- деди газ идораси мулозими.

Ўзбекистон туманларида газ етишмовчилиги ва газнинг тез-тез ўчириб ёқилиши боис бахтсиз воқеалар кўп содир бўлади.

Ўтган йилнинг куз-қиш фаслида ҳам газдан ва ис газидан заҳарланиб нобуд бўлганлар, газ таъминоти муаммолари ҳақида Озодлик ZIМISТОN-UZ блогида хабар берган эди.

Жумладан, жорий йилнинг 6 февраль куни Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманидаги Равонак қишлоғида яшовчи ёш эр-хотин ва уларнинг икки гўдаги маиший газ баллонидан газ сизиб чиққани оқибатида заҳарланиб ўлган эди.

Сўнгги 3-4 йил давомида Ўзбекистоннинг аксар минтақаларида, айниқса куз қиш мавсумида газ босими кескин басайиб кетади. Баъзи ҳудудлар эса умуман газсиз қолади.

XS
SM
MD
LG