Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:53

Самарқандлик 18 яшар талаба пахта фронтининг навбатдаги қурбони бўлди


Озодликка маълум бўлган пахта мавсумидаги қурбонлар сони 15 нафарга етди
Озодликка маълум бўлган пахта мавсумидаги қурбонлар сони 15 нафарга етди

Самарқанд Автомобилсозлик коллежининг 3-босқич талабаси Воҳид Жўраев 18 октябрь куни пахта теримида вафот этди. Коллеж маъмуриятига кўра, Нарпай тумани далаларида пахта тераётган 18 яшар Воҳиджон юрак хуружидан ўлган.

Нарпай тумани Истиқлол қишлоғида пахта тераётган Воҳид Жўраев ўтган шанба куни соат 17:30ларда оламдан ўтди.

Самарқанднинг Иштихон тумани Картепа қишлоғидан бўлган 18 яшар Воҳиджон ўша куни курсдошлари билан пахтадан ижарада турган уйига қайтган пайти юрак хуружига учраган.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган манбага кўра, 18 октябрь куни коллеж талабалари тушдан кейин ёмғирда пахта теришган ва кечқурин улар пахтадан қайтгач, ушбу воқеа содир бўлган:

“Шу куни талабалар кечгача ёмғирда ивиб пахта теришди. Кечки соат 5 яримда улар ижарада турадиган уйига қайтишган. Улар 7 киши Картепа қишлоғидаги бир фуқаронинг уйида ётоқхонада яшашган. Шу куни хонасига кириб кетгач Воҳиджоннинг юраги ушлаб қолиб, йиқилиб тушган ва шу ернинг ўзида вафот этган”, деди воқеадан хабардор манба.

Манбага кўра, ўша куни Воҳид Жўраевнинг тириклигига умид қилиб уни Нарпай туман марказий шифохонасига олиб боришган.

Ушбу шифохона ходимларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Воҳид Жўраев шифохонага келтирилган пайти ўлик ҳолда бўлган:

“Лекин докторлар бир соатча ҳаракат қилишди. Юрагини массаж қилишди, Вилла аппаратини қилишди. Ҳар 10-15 минутда массаж қлишди. Бироқ натижа бўлмади. Юраги қайта ишламади”, деди шифохона ходимларидан бири.

Марҳум Воҳиджон Самарқанд Автомобилсозлик коллежининг 3-босқичи 31-гуруҳи талабаси бўлган. Самарқанддан олинган сўнгги маълумотга кўра, Воҳиджоннинг курсдошлари 20 октябрь куни пахтадан ўқишга қайтарилган.

Пахта теримига мажбурий сафарбар этилган талаба ва ҳашарчилар орасида Озодликка маълум бўлган пахта қурбонлари сони бу йил ўтган йилгига нисбатан кўпроқ бўлди.

Воҳид Жўраев фожиаси билан Озодликка маълум бўлган пахта мавсумидаги қурбонлар сони 15 нафарга етди.

XS
SM
MD
LG