Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:03

OzodMaktub: Ҳаётимиз спецприёмникда ўтаяпти


Мен бу хатим орқали авваламбор юртдошларимни, Россияга келмоқчи бўлганларни ва Россиядагиларни огоҳлантирмоқчиман. Чунки биз тушган ҳолатга бошқа юртдошлар тушишини хоҳламайман.

2013 бошида ўртакаш орқали “вид на жителство” олиш учун келишдик, ўша вақтда Москвада ишлардик. Ўртакаш ўша вақтгача бунақанги ишларни муваффақиятли бажариб юрган экан. У нимагадир ўзига ишонгани учун кириш-чиқиш миграционкасини ҳам сохта топширтирворди.

Биз 3 киши Мордовия Республикаси УФМСига “разрешение на временное проживание”га ҳужжат топширдик-да, Москвага қайтиб кетдик. 2013 йил 21 мартида УФМС ходими телефон қилиб, РВП олишимиз учун келишимизни сўради.

Келаси куни ўртакашга келишилган 60000 рублни бериб, РВП бостирдик паспортга. УФМСдан чиққанимиздан кейин бизни ФМС ходимлари: “Сизлар Москвада яшаб юрибсизлар, биламиз” деб ушлаб, 2000 рублдан жарима солишди.

2014 йил 16 мартида УФМСдан телефон қилишиб, НДФЛ топширишимизни талаб қилишди (ҳали яна 2 ой муддат бор эди). Ўртакаш яна сохта НДФЛ бериб топширтирди. Шеригим иккаламиз топширдик ( учинчимизга ўша куни тайёр бўлмади).

Кечгача УФМСда ушлаб ўтиришди. Кечқурун бир хонага олиб киришиб, дўппослашди. Ваҳоланки, бунга ҳожат йўқ эди. Шусиз ҳам ҳаммасини тан олувдик, чунки бошқа ҳеч қандай ҳужжат олмаслигимизни дарҳол тушундик.

Ҳар биримиз ўртакашга умумий 160000 рублдан бўлиб-бўлиб бериб бўлувдик, лекин мен ҳар берган пулни билдирмасдан телефон орқали видеога тушириб ёки банк орқали номига ўтказиб берувдим. Бу далилларни ҳам уларга бердим, менга барибир бўлиб қолганди.

Менга жучок ўрнатиб, ўртакашнинг олдига юборишди, у яна билмасдан олган пулларни, сохталаштирган ҳужжатларини ҳам гапирди. У билан ФСБ ходимлари орасида 100 қадам бор эди, ҳамма далиллар ва жучок ёзволган ҳам бўлса-да тегишмади унга.

Шундан буён ҳаётимиз спецприёмникда ўтмоқда. 2014 йил 20 мартида суд бўлиб, 5000 рубль жарима солди, уни тўладик. Май ойида ФМС ходими келиб, сохта ҳужжат ишлатганимиз ҳақида тушунтириш хати ёздириб, 2000 рубль жарима солди, буни тўламадик.

4 сентябрь куни судга олиб келишди. Судья таътилда экан, қолдиришди. 18 сентябрь куни яна судга олиб келишди. Судья: “Нима учун ФМС ходимлари сохта ҳужжат учун жарима солди ўзларича” деб, яна қолдирди судни.

2014 йил 23 сентябрь куни яна судга олиб келишиб, сохта ҳужжат учун 5000 рубль жарима солишди, уни тўладик. Лекин бизни ҳали ҳам жўнатишмаяпти Ўзбекистонга.

Ҳозирча охирги баҳонаси - юқорида юборилган определение бўйича энди УФМС жўнатиши керакми ёки суд пристави жўнатиши керакми - шуни аниқлар экан.

Бундан кейин ҳам, менимча, яна бирон сабаб ўйлаб топишса керак: масалан, бизни аэропортга етказадиган автомашинанинг ғилдираги квадратсимон бўлиши керакми ёки айланасимон деганга ўхшаш.

Одатда, ватанига жўнатилаётганлар бошқа мамлакат фуқаролари учун бунақа бюрократия қўлланилмайди.

Хуллас калом, Россия қонунларини резинкадай хоҳлаган тарафга тортиш мумкин, хоҳлаганча қийнаши мумкин экан хоҳлаган кишисини.

Шунча вақт ичида бу айниқса ўзбеклар учун кўп қўлланилаётганига гувоҳ бўлаяпман. Қирғизлар онда-сонда тушади бу жойга. Лекин уларни 15-20 кунда жўнатворади қанақа ҳужжат билан тушишидан қатъий назар. Тожикларни 30-35 кунда жўнатишади. Ўзбекларни эса 50-120 кунда жунатишади.

Асосан Москвадан келаётган поездларга полиция ходимлари чиқиб, буюртмада неча киши бўлса, шунча кишини ушлаб олиб келишади, қолганлардан пул ундириб, тегишмайди. Асосан Москва-Тошкент, Москва-Уфа, Москва-Қозон-Самара поездлари тузоқ манбаси.

Бизнинг сохта документларимизни қабул қилиб, ҳаммаси жойида деб топиб, РВП бердиртирган арман миллатига мансуб УФМС ходими ҳам Саранскда бемалол юрибди. Бизнинг ўртакаш ҳам юрибди.

Вид на жительствоси бор бўла туриб ҳам депорт қилинган ўзбекларни биламан, масалан, расмий равишда ишламагани учун.

Ҳозир бу жойда РФ фуқаролиги бор ўзбекистонлик ҳам утирибди, сабаби унинг Ўзбекистон паспорти бекор бўлмаган экан.

Қирғизистон фуқароси бўлса ҳам, ўзбек булгани учун бир йигитни 6 ой деганда жўнатишди, яна “полицияга 1500 рубль пора берган” деб, 3 ой қамоққа ҳам жўнатиб, қайтариб олиб келишди.

Тожикистонлик ўзбек ҳам 4 йиллик қамоқ жазосини ўтаб келиб, 2 ойдан бери ўтирибди, сабаби камида 20 йил Тожикистонда яшаган киши рўйхатда йўқмиш.

Сизлардан илтимос, Россия картасини чизиб, Мордовия Республикасини қора рангда белгилаб кўрсатингларки, ўзбеклар бу ерни кесиб ўтмасин ҳеч қачон. Бу ҳудудни кесиб ўтаётган киши учун хавф жуда юқори: поезддами, автомобилдами - фарқи йўқ.

Бу ҳудудда биз ўтирган спецприёмникдан ташқари жуда кўп ҳибсхоналар бор махсус хорижликлар учун. Мен кириллчада лотиндан яхши ёзаман, лекин бошқа ёзишни хоҳламайман. Русчада бемалол гаплашаман, лекин бошқа хоҳламайман.

Бизнинг ишимиз бўйича суриштирув ўтказишингларни жуда хоҳлардик, агар сизларда имкон бўлса. Мен шуни биламанки, бизни қандайдир ташкилот ёки шахснинг топшириғи бўйича бу жойда ушлаб туришибди, чунки бизга қуйилган административ ва жиноий (327-3) моддалар 70% ушланганлар билан бир хил. Бошқаларни 30-120 кунда ватанига жўнатишади, биз ҳали ҳам ётибмиз - 7 ой бўлди. Турли баҳоналар билан ушлаб утираверишади. Элчихонадан наф йўқ, элчихонага бориб кўришди қариндошларимиз. Очиғи, улардан бир наф чиқишини кутмагандим ҳам.

(Лотин ёзувида ёзилган бу мактуб Озодлик ходимлари томонидан кирилл ёзувига ўгирилди)

XS
SM
MD
LG