Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:47

+18 Блог: Қайтарилган муҳожирларни липпаси қулфланганларга уйлантирмоқчилар


Бир ҳафта излаганим мантиқни кеча топдим.

Икки мантиқсизликни қўшувдим битта мантиқ пайдо бўлди.

***

Мантиқсизлик рақам 1

Ўзбекистонда ёши 35 гача бўлган қиз-жувонларнинг чиқиш визасини олиши янада мураккаблаштирилгани ўтган ҳафтада маълум бўлди.

Эндиликда улар ташқарилаш учун маҳаллий ҳокимиятнинг ҳам изнини олиши лозим.

Ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаларга кўра, бу фоҳишаликнинг олдини олишга қаратилган.

Бу чора қанча ўзбекистонлик қиз-жувонга таъсир қилишини ҳисоб-китоб қиламиз. Чиқадиган рақам топганимиз мантиққа етиш учун муҳим.

Ўзбекистоннинг 30 миллионли аҳолисининг ярми – 15 миллиони аёллар.

Аёллар ёппасига 70 йил яшайди, деб фараз қиламиз, шунда 15 млн.нинг ярми – 7,5 миллиони ёши 35 гача бўлган қиз-жувонлар бўлиб чиқади.

7,5 миллион қиз-жувоннинг нақд ярми – 3 млн. 750 минг нафари жинсий ҳаёт ёшига етмаганлари, яъни улар ҳозирча потенциал фоҳишалар эмас.

Қолган 3 млн. 750 минг қиз-жувоннинг эса, ҳукумат фикрича, фоҳишага айланиб кетиш, ўзи хоҳламасаям одамфурушлар қўлига тушиб, исловотхоналарга бориб қолиш хавфи бор.

Ғамхўр ҳукумат уларни ўша хавфдан сақлаб қолмоқчи.

Эслаб қолинг, ҳукумат 3 млн. 750 минг қиз-жувонни фоҳишаликдан сақлаб қолмоқчи.

Бундай ғамхўрлик остида ёппа ҳақорат ётгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ.

Ўша ҳақоратни тушуниш учун масалани икки қўшни аёл - Ҳалимахон ва Салимахонлар даражасига туширамиз:

Ҳалимахон: Қўшни, эрдан чиққан қизингиз Россияга кетаётганмиш?

Салимахон: Ҳа, бориб ишлаб келсин...

Ҳалимахон: Фоҳишалик қилса керакда-а?

Бу саволдан кейин сочлар юлиниб, юзлар тирналишини айтиб ўтирмоқчи эмасмиз.

Бу саволдан кейинги воқеалар ўз шиддатига кўра Украина шарқию Ироқ шимолидаги воқеалар шиддатидан заиф бўлмайди.

Қизини фоҳишаликда гумон қилгани учун Ҳалимахоннинг юзини тирнаган Салимахон худди шундай гумон қилгани учун ҳукуматдан хафа бўлмайди.

Чунки ҳукумат табиий офатдай бир гап, зилзиладай, сув тошқинидай бир куч – фуқаронинг хоҳиш-иродасидан ташқарида.

Табиий офатни тан олишдан бошқа иложингиз йўқ: зарар кўрган мулкингизнинг синиғини синиққа, бутунини бутунга ажратасиз, холос.

Конституцияни эсламанг. У совет кишисининг сервантидаги ялтироқ чой қутидай: у очилмасди, у ичилмасди, у чиройга турарди, посонга турарди.

Майли, чуқурлашмаймиз. Шу ердан қайтамиз.

Мантиқсизлик деяётувдим.

Ҳукумат 3 млн. 750 минг қиз-жувонни мамлакат ичида қамаволиб бошига ёстиқ қиладими, деб бошим қотувди.

Ҳукумат фоҳиша бўлиб кетиши мумкин деб гумон қилгани 3 млн. 750 минг қиз-жувоннинг липпасига қулф осиб қўядими, деб бошим қотувди.

Шу масаладан мантиқ тополмаятувдим.

Мантиқсизлик рақам 2

Кеча Фарғона водийсилик тақрибан 15 минг меҳнат муҳожири Ўзбекистонга қайтарилгани маълум бўлди.

Юқоридаги рақамни тақрибан дедик.

Лекин мана буниси аниқ: Андижон вилоят ҳуқуқ-тартибот идорасидаги Озодлик манбасига кўра, йил бошидан буён хорижда ишлаётган 4823 нафар андижонлик уйига қайтарилган.

Озодлик манбаларининг айтишича, милиция бошчилигидаги махсус гуруҳ вакиллари уйма-уй юриб, хориждан қайтмаганларнинг яқинларига босим ўтказмоқда.

Хўп, ёши 35 гача бўлган қиз-жувоннику ҳукумат "бошига ёстиқ қилсин".

Лекин тўнкадай қўпол эркакдан қандай ёстиқ чиқсин?

Ўз чориғини ўзи судраб, Россияда тирикчилигини қилиб юрган одамни Ўзбекистонга қайтарволиб, пишириб ейдими ҳукумат?!

Шунинг мантиғини тушунмаётувдим, бирдан рақамлар ёдга тушиб кетди.

Биргина Россиянинг ўзида 3,5 млн. нафар атрофида ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бор.

Уларнинг мутлақ кўпчилиги – тахминан 75 фоизи эркаклар.

Бошқа давлатлардан қайтариладиган эркакларни ҳам қўшсак, 3,5 млн.дан зиёд эркак Ўзбекистонга қайтади.

Эсингизда бўлса, ҳукумат 3 млн. 750 минг қиз-жувоннинг мамлакатдан чиқишини мураккаблаштириб қўйганини айтувдик.

Мантиқ пайдо бўлаётганини сезаяпсизми?

Бир томондан, қарийб 4 млн. қиз-жувонни мамлакатда ушлаб қолишга ҳаракат қилишяпти.

Иккинчи томондан, қарийб 4 млн. эркакни мамлакатга қайтаришга ҳаракат қилишяпти.

Демак, тахмин қилиш мумкинки, ҳукумат кўринишидан икки, лекин мазмунига кўра бир ҳаракат билан икки масалани ҳал қилмоқчи:

Демак, тахмин қилиш мумкинки, қайтарилганлар чиқарилмаётганга уйланади. Биринчи хотин қиладими, иккинчиси қилиб оладими – не важно.

Натижада:

а) жамият потенциал фоҳишалардан қутулади;

б) Россиядаги назоратсиз масжидларга қатнаётган ўзбекистонликлар назоратга олинади (Меҳнат мигрантларини қайтариш биринчи бўлиб диндорлик даражаси баланд бўлган водийдан бошлангани шундай тахмин қилишга ундаяпти)

Хуллас, топдим мантиқни.

Халққа ғамхўрлик қилаётгани учун партия ва ҳукуматга минг раҳмат!

Мантиқни топдиму барибир бир нарса тинчлик бермаяпти: ҳукуматнинг зуғуми билан қайтиб келган қарийб 4 млн. йигит ишсизликдан қувватини йўқотиб қўймасмикан?

Қувватсиз йигитларнинг кучи бўлажак хотинлари липпасига осиб қўйилган қулфни ечишга етармикан?

XS
SM
MD
LG